Қари онахон мурожаати
- Бозорлик қилгани «Ойдин» деҳқон бозорига бордим, кўз тегмасин, бозоримиз тўкин-сочин. Кўрсанг кўзинг қувнайди.
Уйда чолим иккаламиз, фарзандларим ўз ҳаёти билан. Хуллас, сабзи, картошка олгани деҳқон бозорини айландим. Савдо растасида сотадиганлар борини растани устига қўйиб қўйган, лекин автошоҳбекатда қопларда сотаётганларга Аллоҳ инсоф берсин болам, қопини устига чиройлисини териб қўйибди(Арзонроқ экан деб ўша ердан ола қолган эдим).
Кўзимга чиройли кўринганидан сотувчи аёлга 2 кг картошка ва сабзи беришини илтимос қилдим. Тўловини қилиб оғир юкларим билан уйга бир ҳолда етиб келдим. Халтамни очсам картошка чириган аралаш, сабзиси ўзак бўлиб ётибди. Қайтиб борарга ҳолим йўқ, ташаворай десам рўзғорга керак. Эй болам, хуллас шунақа гаплар, дардингни айтай десанг бир ҳамдард йўқ…
⁕ ⁕ ⁕
Кампирлар ҳангомаси
Қўшни маҳалладаги момонинг уйига бир қанча меҳмонлар келишди. Бир том бўлиб ўтирган кампирлар суҳбати авжида, ҳамма гапираяпти, тинглайдиган одам йўқ.
Ёшлари етмишга бориб қолган онахон ёнида ўтирган ўзидан 5-6 ёш кичикроқ онахонга танимай турибман, қаердадир кўрганман сизни, деб сўараб қолди.
⁕ ⁕ ⁕
Шаддодгина онахон: - Иккаламиз бирга Олмалиқдаги ковровойда ишлашганмиз. Сиз ҳовлида, мен эса ичкарида ишлардим. Эсладизми? Ўшанда роса «ўғрилик» қилардигу. Орқа тарафдан раҳматли қайнонамга мен ичкаридан нарсаларни берардим, улар ташқаридан олиб кетар эди. Сиз ҳам бизга шерик бўлардингизу!?
- Ҳа, бўлди эсладим, у вақтлар раҳбарлар ҳам ўғирлар эди, шунинг учун биздақаларни олгани, раҳбарларни олганини олдида хамир учидан патирдай гап эди.
- Айтманг хола, ҳозир замон ўзгариб кетди. Оддий одамлар ҳеч нима оломай қолди, корхоналарни фақат раҳбарларни ўзлари «еб битиряпти»…
⁕ ⁕ ⁕
Ўқитувчи кундалигидан
Шошиб йўлдан ўтаётсам, бир вақтлар дарсимга баъзан кечикиб келадиган, баъзан умуман келмайдиган ўқувчини учратиб қолдим. Мени таниб, ёнимга келди ва йигитларга хос, ўзбекона қўлларини кўксига қўйиб, елкасини тутиб сўрашди.
Қизиқиб қаерда ўқиётганини сўрадим. - Мактабни битириб бир йиллик армияга бордим. Хизматни ўтаб бўлгач, иш ҳам чиқа қолди. Лекин армия мени тарбиялади. Ҳозир ишга ҳам, ўқитшга ҳам иштиёқим бор. Насиб келаси йилларга ўқишга кириб кетарман. Фақат бир нарсага амин бўлдим, 19-мактабда ўтган шунча йиллик умрим зое кетибди. Вақтдан фойдаланишни билмаган эканман. Ҳозир афсусланаман…
Ўқувчимни бу фикрлари мени роса қувонтирди. Шунинг учун ҳеч бир инсонга «сен одам бўлмайсан» деманг. Сиз кутмаган инсонлариз шунақа муваффақиятларга эришади-ки, уни келажагини кўра олмаганиздан ўзиз уялиб қоласиз.
⁕ ⁕ ⁕
Йўл-йўлакай - Йўлда юриш мароқли аслида. Турли одамлар, турли фикрлар ва ғалати манзаралар.
Турли одамлар деганга, бир нарсани айтмоқчиман. Доим 5-йўналишли маршрутга чиққанимда ҳайдовчининг ўзини тутиши доим эътиборимни тортади. Ҳар доим яхши кайфият эгаси, чиққан йўловчига саломни канда қилмайди, ҳатто хорғин ишдан қайтаётган ишчиларга ҳам тўловни тўлагач, саломат, бўлинг, яхши етиб олинг каби ширин сўзларни айтишдан чарчамайди. Бу эса одамни кайфиятига таъсир қилмай қолмайди. - Бир йўналишли маршрутнинг эшигига “илтимос, эшикни олдини банд қилманг, орқа ўриндиқ ҳам биз билан бирга кетади” деган ғалати ёзувни ёзиб қўйишибди. Нима демоқчилигига тушунгадирсиз…
*-Бугун космосда камбағални тўйи бўлаяптими дейман, одам кўп, бой тўй қилса одам кўп келмайди. Камбағал тўй қилса ҳамма ёпирилиб келади.
⁕ ⁕ ⁕
Ишхонадаги суҳбатдан
Телефон жиринглади.
- ало
- Здравствуйте
- ассалому алайкум
- По русский понимаете
- нет
- Извините.
Оққа кўчирувчи
Дилдора
Абдурахмонова.