Image default
Таълим

ТИЛ МИЛЛАТ РУҲИ, МАДАНИЯТИМИЗ ХАЗИНАСИ


Ҳар йили Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кунни байрам сифатида кенг нишонлаймиз ва айнан мана шу байрами арафасида тилга оид кўплаб танқидий ва таҳлилий мақолалар чоп этилади. Бу сафар эса шаҳримизда ўз мавқеига эга бўлган Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали «Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси мудири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd) Вазирахон Аҳмедова билан суҳбатда бўлдик. Мақсад техника соҳасида тилга бўлган муносабатнинг қанчалик ўзгараётгани ва умуман бу соҳадаги янгиликлар хусусида ўқувчиларимизга кенгроқ маълумот беришдир.

ТДТУшаҳар филиалига ўзбек тили кафедраси қанчалик керак?


Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий тилимизнинг ривожи, барқарорлиги, равнақи йўлида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилаётганини барчамиз кўриб, кузатиб турибмиз. Ватан ва Миллат дунёга юз тутмоғи учун энг аввало миллий тилимизга эътиборни кучайтиришимиз зарур. Бугунги кунда давлат ва нодавлат ташкилотларида давлат тилида иш юритиш сифатини ошириш мамалакатимиз тараққиёти учун зарур бўлган асосий омиллардан ҳисобланади. Айниқса, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимиз бой меросига ворислик руҳида тарбиялашда давлат тилининг ўрни беқиёсдир. Ҳозирги даврда глобаллашув жараёнларининг тобора кучайиб бориши давлат тилида иш юритадиган олий маълумотли кадрлар тайёрлашнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда. Шу мақсадда барча олий ўқув юртларида 2020 йилдан бошлаб “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедраcи ташкил этилди.

Кафедранинг асосий вазифалари


Ўзбек халқи таълим-тарбияга оид бой меросга эга бўлиб, авлодларга ватанпарварлик, инсонпарварлик, камтарлик, меҳнатсеварлик, дўстлик, меҳр-оқибат, биродарлик, одоб-ахлоқ каби каби умуминсоний фазилатларни тарбиялаб келган. Шарқ мутафаккирларининг таълим-тарбияга оид асарлари ҳам ана шу мероснинг туб негизини ташкил этади. Мустақиллик туфайли халқимиз дунёга юз тутди ва жаҳон бизни таниди. Биз тарихимизга, маданиятимизга янгича қарай бошладик ҳамда ечимини кутаётган муаммоларни ижобий ҳал қилишга киришдик. Барча соҳаларда бўлгани каби ўзбек тили ва у билан боғлиқ муаммолар ҳам аста-секин ўз ечимини топмоқда. Мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилинган бугунги кунда ўзбек тилини ўрганиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Ўзбек тилини талабаларга ўргатишдаги таълим методикасини такомиллаштириш, уни маълум бир ихтисосларга йўналтирилган ҳолда ўқитиш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Бугун ўзбек тили фанидан бир қадам узоқ бўлган техника йўналиши соҳаларида айнан тилимизнинг мавқеи қандай?


Техника соҳасидаги атамаларнинг кўп қисми европа тилларидан кириб келганлиги барчамизга маълум. Шу боис бўлса керак, бу соҳа вакиллари учун ўзбек атамаларини қўллаш бироз қийин. Лекин ҳозирги кунда олимларимиз томонидан турли замонавий электрон платформалар яратилмоқда. Ушбу электрон луғатлар матнларни ўзбек тилига тўғри ва хатосиз таржима қилиб беролади. Биз жуда меҳмондўст халқмиз, ҳатто тил нуқтаи назардан ҳам шуни бемалол айтишим мумкин. Бошқа тиллардан кириб келган сўзларни дарров қабул қиламиз ва айнан ҳолда ишлатамиз. Масалан, турклар ўз тилини ва миллатини жуда севадиган халқ. Бутун дунёга компьютер техникаси кириб келганда, улар шу мосламани ҳам ўз тилларига таржима қилишган. Компьютер турк тилида “билгисаяр”, яъни ҳамма нарсани биладиган қурилма деган маънони билдиради. Биз ҳам техника ва умуман бошқа соҳаларга оид атамаларни қанчалик тез ва тўғри ўзбек тилига таржима қилсак, тилимизни ривожига ҳамда тозалигига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Университетларда дарс берувчи ўқитувчилар асосан кирилл алифбосида ишлайди, ҳозирги ёшларнинг деярли барчаси лотин графикасида ёзишади. Мана шу ҳолат бўйича университетда икки авлод ўртасидаги алифбо масалалари қандай ҳал қилинмоқда?


Ҳозирги кунда нафақат бизнинг университетимизда, балки жамиятимизда ҳам уч авлод вакиллари бор. Булар 40 ёшдан катта ва асосан кирилл ёзувида ўрта таълимни олган авлод, 30-40 ёшда кирилл ёзувини ҳам лотин ёзувини ҳам биладиган авлод ҳамда 30 ёшдан кичик авлод таълимнинг барча босқичларида лотин ёзувида ўқиган авлод вакиллари истиқомат қилишмоқда. Шу жумладан бизнинг университетимизда ҳам бу ҳолатни кўришимиз мумкин. Катта авлод вакилларининг лотин ёзувидаги кўникмаларини шакллантириш мақсадида мунтазам равишда турли саводхонлик тадбирлари олиб борилмоқда. Хусусан, университетимиз профессор-ўқитувчиларининг ўзбек тилидаги саводхонлик даражаларини ошириш мақсадида тест синовлари, диктант ва иншолар танловини ўтказиб борилади.

Бугун ўзбек тилига бўлган эътибор
тилшуносларимизни қониқтирадими?


Йўқ, шахсан мени қониқтирмайди. Нимагадир ўзбек тилини ривожлантириш масаласи фақатгина тилшунослар ва адабиётшуносларнинг асосий эътиборидаги масала деган фикр онгимизга сингиб қолган. Бу менимча нотўғри. Чунки ўзбек тилида гапирадиган ҳар бир инсон, ўз тилини софлигига, тозалигига, ривожланишига масъул деб ҳисоблайман. Ўз тилимизни ўзимиз ҳурмат қилмасак, бошқалардан нимани талаб қиламиз. Тилшунослар минг курашгани ва талаб қилгани билан оддий халқ унга амал қилмаса, ҳеч қандай натижа бермайди. Ўзбек бўла туриб, рус тилида гаплашадиганларни кўрсам жаҳлим чиқади. Яқинда бир йиғилишда иштирок этдим, залда ўтирганларнинг 90 фоизи ўзбеклар, лекин маърузачи чиқиб рус тилида нутқ сўзлади. Ваҳоланки, маърузачи ҳам ўзбек эди. Бундай ҳолатларни жуда кўп келтиришимиз мумкин. Айтмоқчи бўлганим, қачонки биз ўз тилимиз билан фахрлансак, шундагина тилимиз ривожланади.
Шаҳримиз мисолида ўзбек тилига муносабатни 10 баллик тизимда баҳолайдиган бўлсак, сизни баҳоингиз?
Ўзбек тилини билиш бўйича баҳолайдиган бўлсам 5 балл билан баҳолайман. Чунки шаҳримизда ўзбек тилини ривожлантириш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тарғиб қилиш бўйича ҳам бир қатор ишларини амалга ошириш даркор деб ҳисоблайман. Кўчалардаги рекламалар, турли хил эълонлар ёзилган пештахталарни ўқиб, кундалик ҳаммамиз фойдаланадиган, шаҳримиз кўчаларини тўлдириб юрган маршрутли “Дамас”лардаги ёзувларни кўриб кўнглингиз хира тортади. Буларни зудлик билан тўғирлаш, мутахассислар назоратидан ўтказиш керак деб ўйлайман.

Тилимизни янада юксалтириш борасида таклифларингиз


Тилимизни юксалтириш учун, ҳаммани тилимизни севишга чақираман. Ўзбек тили бой ва гўзал тил. Унинг гўзаллигини ҳис қилиш учун, адабиётимзга назар ташлашнинг ўзи кифоя. Ўзбек тилини ривожалнтириш учун нафақат 21 октябр тил байрами арафасида, балки мунтазам равишда турли танловлар ва тадбирларни жорий қилиш керак. Масалан, “Соф ўзбек тилида гаплашамиз”, “Мен ўзбек тилида саводхонманми?”, диктант, иншо, тест ва бошқа синов шаклларини нафақат ўқув даргоҳларида, балки шаҳримизда фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотларда ҳам мунтазам ўтказиб борилса яхши натижаларга эришиш мумкин деб ҳисоблайман.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 33 йил бўлди, 33 йиллик тарихга сизнинг муносабатингиз
Тарихга назар ташласак, ўзбек тилимизни софлигига курашган ота-боболаримиз қанчадан-қанча ишларни амалга оширишди. “Ҳар бир халқнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи жаҳони тили ва адабиётидир. Ўз тилини йўқатмак, миллатнинг руҳини йўқатмак билан тенгдир” деб Абдулла Авлоний бобомиз бундан бир аср олдин куйинчаклик билан нидо қилганди. 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Орадан ўтган 33 йил мобайнида амалга оширилган ишларни қониқарли деб ўйлайман. Лекин охирги 3 йилда амалга оширилаётган ишлар анча самарали бўлмоқда. Чунки давлатимиз раҳбари томонидан ўзбек тили билан боғлиқ бир қатор фармонлар, қарорларнинг қабул қилиниши тилимизга бўлган эътиборни кучайтиради. 2023 йил 1 январдан бошлаб, республикамизда фаолият олиб бораётган барча муассасалардаги иш юритиш ҳужжатларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши қатъий талаб қилиб белгиланганлиги ҳам фикримизнинг исботидир.

Кўп корхона-ташкилотларда, айниқса техника йўналишидаги ва коммунал соҳада фаолият олиб борувчи хусусий корхона, масъулияти чекланган жамият ва акциядорлик жамиятларида ҳужжатлар лотин графикаси у ёқда турсин, ҳатто ўзбек тилида юритилмайди ҳали ҳам. Айнан мана шу йўналиш бўйича қандай тавсиялар берган бўлардингиз?


Корхона ва ташкилот раҳбарлари ўз ходимларини лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўрганиш бўйича махсус курсларга юборишлари керак. Барча иш юритиш ҳужжатлари тўлиқ ўзбек тилида бўлиши лозим. Корхона раҳбарлари бу ишга масъулият билан ёндашишлари керак деб ўйлайман.
Одатда биз она тилимизни фақат 21 октябрь арафаси кўпроқ ёдга оламиз, камчиликлар ва таклифлар бир йилда бир марта байрам арафаси айтилади. Лекин айнан тил борасида менимча ҳар куни, ҳар сония айтилажак гапимиз ва қилинажак ишларимиз бор, тўғрими?
Албатта, юқорида таъкидлаганимдек тилимзни ривожига ҳар биримиз масъулмиз. Фақат байрам арафасида эмас, ҳаммамиз ҳар куни тилимизни сақлаб қолишга ҳаракат қилишимиз ва келажак авлодга етказишмиз керак. Бирор жойда хатолик кўрдикми, масъулларга айтиб уни тўғрилатиш ҳар бир фуқаронинг бурчи. Қачон бирорта тилшунос олим келиб хатомизни тўғрилар экан деб яшайдиган замон эмас. Техника ривожаланган асрда яшаяпмиз, хатоларни тўғрилаш кўп вақт олмайди, эътиборли бўлишнинг ўзи кифоя.

МАВЗУГА ОИД

МАКТАБЛАРДА «МАЪНАВИЯТ СЕКТОРИ» ИШ БОШЛАМОҚДА

admin

ОЛМАЛИҚНИНГ ОЛТИН ЁШЛАРИ

admin

ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАНУ БИР ЖОН!

admin

АЁЛ ЎҚИСА МИЛЛАТ ЎҚИЙДИ,УММАТ АЁЛ ЎҚИСА ЎҚИЙДИ!

admin