Image default
Жамият

ХАЛҚ ХИЗМАТИДАГИ ПОСБОН

Ҳар йили юртимизда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланилади. Фурсатдан фойдаланиб, уларни касб байрами билан таҳририят жамоаси номидан табриклаб, сиз азиз муштарийларга кун-у тун ватан хизматидаги шарафли касб эгаларининг бир вакили билан бўлган самимий суҳбатни тақдим этамиз.

Нурматов Жавлонбек Абдухамидович — 1990 йил Пискент туманига қарашли “Қирққизобод” қишлоғида таввалуд топган. Ёшлиги ҳамма болалар каби шўх ва қизиқувчан ҳарактерда ўтган Жавлонбек келажакда ИИБ ходими бўламан деб тассавур ҳам қилиб кўрмаган экан. Суҳбатдошимиз таҳририятда бизни қизиқтирган саволларга имкон қадар жавоб бериб, фикр – мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

* Авалло етук кадр бўлиш учун устозларнинг билими ва кўникмаларини ўрганиш керак. Сиз Олмалиқдаги фаолиятингиз давомида илк сабоқларни кимдан олгансиз?

-Етти йилдан буён Олмалиқ шаҳар ИИБда фаолият кўрсатиб келаман. Бизнинг касбда албатта устозлар ўрни бўлакча. Илк йилларда Абдуҳалил ака, Миршоҳид ака ва биринчи устозим Тоҳир акалардан кўп нарса ўрганганман. Уларнинг меҳнати бугунги даражамга анчагина синган деб айта оламан.

* Касбингни машаққати нимада?

— Иш соати белгиланган бўлса-да, лекин доим шай ҳолатда бўлишимиз керак. Чунки исталган вақтда чаирув бўлиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, ҳамма оилавий байрамларни нишонлаётганда бир вақтда кссбдошларимиз билан кучайтирилган хизматда бўламиз. Аслида ҳамма ишда ҳам машаққат бўлади, лекин бизни касбдошлар айнан мана шу нарсаларга кўникиб, оиласини эмас, биринчи халқ хизмати учун доим шай бўлишади.

* Ҳамкасбларингиз орасида кимларни эътироф эта оласиз ўз касбини фидойилари сифатида?

— Бизни соҳада керак бўлса ҳар бир ходим ўз касбининг фидойиси, узоқ йиллар ишлаган инсонлар эса бизга устоздир. Хусусан,Шавкат Бадалов, ҳозирда нафақада, 34 йил шу соҳада ишлаган. Юқорида таъкидлаган устозларимни ҳам шулар сафида дея айта оламан.

* Агар ИИБ ходими бўлмаганингизда, айнан қайси соҳани танлаган бўлар эдингиз?

ИИБ ходими бўлмаганимда, автомобиль йўналишида ишлаган бўлар эдим. Чунки Тошкент автомобиллар университетини тамомлаб, аввал ОКМК АЖда ишлаганман. У ердан ишдан бўшаб шу соҳани танлаганман. Балким соҳамга оид бирорта корхна цехида ишлармидим ё автосервис очармидим, билмадим. Лекин ҳозир афсусланмайман.

* Оилангизни касбингизга муносабати…

3 нафар фарзандим бор ҳозирда. Турмуш ўртоғим бошида иш бошлаганимда кўникиши бироз қийин бўлди. Орада командировкаларга кетардим. Ишимни оғирлигини ҳис қилган аёлим ҳозирда мени тўғри қабул қилади, ҳатто ИИБ ходимининг аёли эканлигидан менимча фахрланади ҳам. Ота-онам қаерда бўлсанг ҳам тинч ва соғ юрсанг бўлди, дейишади. Менимча, улар ҳам касбимдан фахрланишса керак, лекин буни айнан айтишмаган.

* Бугунги кунда шаҳримизнинг “Саҳоват” маҳалласида профилактика катта инспектори сифатида фаолият юритиб келмоқдасиз, айтинчи одамлар орасида кўп учрайдиган муаммолар қайсилар?

— Тўғрисини айтсам вазият жуда ачинарли. Асосий муоммолар оилавий низолар. Мерос талашиш, алимент тўловлари машмашалари ва энг ачинарлиси ажрим ёқасидаги оилаларнинг кўплиги. Одамлар орасида оқибат тушунчаси йўқолиб бораётгандек. Шаҳримизнинг ўзида юзлаб болалар ярим етим ҳолатига тушмоқда. Бу эса ҳақиқий фожеа. Эркак тарбиясини олмаган, Ота меҳрини ҳис қилмаган фарзандларга жуда – жуда қийин, ишонаверинг.

* Болалар мавзусида гап кетар экан, сўнги йилларда вояга етмаган болалар орасида жиноят содир этиш ҳолатларининг асосий сабаблари нимада?

— Охирги йилларда ҳақиқатдан ҳам вояга етмаганлар орасида жиноятлар тез-тез учраб турибди. Бунга асосий сабаблардан бири ота-оналарнинг фарзанд тарбиясида йўл қўяётган хатолари деб биламан. Эътибор ва назоратдан четда қолган бола табиий равишда телефон билан овунади. Ваҳоланки, айни китоб ўқиш вақтида. Интернетдаги ҳар ҳил савиясиз контентлар нафақат болалар онгини заҳарлайди, балки катталарга ҳам яхшигина таъсир этади. Ҳурматли ота-оналардан фарзандининг кун тартибини тузишда ёрдам беришини, унинг кимлар билан дўст бўлиб юргани, дарс ва машғулотлардан қай даражада илм олаётганини доимий назорат қилиб боришини сўраб қолардим.

* ИИБда ишлайдиганларда меҳрдан кўра қаҳр устунроқ бўлади деб эшитганмиз. Бу нарсанинг уларнинг фарзандларига ё оиласига таъсири борми?

— Мен ўзимни қаҳрли ҳисобламайман. Лекин ишда ҳар қанақа ҳолат бўлади. Контингентимизда илгари судланган, ичкиликка ружу қўйган шахслар бор. Улар билан кўпроқ суҳбатда бўламиз. Унақа инсонлар билан гаплашиш бироз оғирроқ. Айримлари яхши муомалага кўнмайди. Чиройли гапирсангиз ҳам тушунмайди. Шундай вазиятларда ёки чарчаб борган вақтимда аёлим ё фарзандларимга қаттиқроқ гапириб қўйишим мумкин. Лекин узримни сўрайман.

* Ижтимоий тармоқларда фуқароларга қўпол муомалада бўлган ИИБ ходимларини учратиб турамиз, сиз бундай ҳолатларга қандай қарайсиз?

— Албатта бундай ҳолатлар фуқароларнинг ИИБ ходимларига нисбатан қарашларини ўзгартириши мумкин. Биз халқ хизматчиларимиз, уларнинг тинчлиги ва Ватан олдида ўз бурчларимиз бор. Шунингдек, фуқароларнинг ҳам. Тўғри ижтимоий тармоқларда бази ходимлар тажрибасизлик қилиб қўйган вазиятларни кўришимиз мумкин. Вазиятга бир томонлама ёндашиш нотўғри хулоса келтириб чиқаради. Фуқаро ҳам ўз позициясидан келиб чиқса ИИБ ҳодимлари ҳам тартибли муомала ўрната олса, ҳаммаси яхши бўлади.

* ИИБ ҳодимларининг жисмоний тайёргарликлари қандай тартибда олиб борилади?

— Бизда сешанба ва шанба спорт кунлари ҳисобланади. Шахсан ўзим спортга қизиққаним учун ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этиладиган турли мусобақаларда мунтазам қатнашиб келаман. Шунингдек, шаҳримизда ҳам спорт билан шуғулланишга етарли шароитлар яратиб берилган.

* Доимий жамоат орасида юрадиган инсон сифатида шаҳримиздаги ҳаракатланаётган машиналар, уларнинг кўпчилиги йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликлари, кунора учраб турадиган бахтсиз ҳодисалар ҳақида фикрингиз

-Бугунги куннинг глобал муаммоси айнан қоидабузар ҳайдовчилар. Йўлларда юриш ҳудди миналар билан тўлдирилган майдонларга ўхшаб қоляпди. Шаҳримизда асосий транспорт воситалари дамаслар. Бу эса табиий равишда тартибсиз ҳаракатларни келтириб чиқаради. Агар ҳамма ҳайдовчилар бир-бирига ҳурмат сақлаган ҳолда ҳаракатланса, барчага яхши бўларди.

* Ёшларга келажакда ўз ўрнини топишда, юртга ва оиласига фойда келтирадиган шахс бўлиб етишишида қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Бугунги кун ёшлари, бизнинг даврдаги болалардан катта фарқ қилади. Деярли барча шароитларга эга болалар ўз устида ишлашдан, китоб ўқишдан, турли машғулотларга қатнашдан ва асосийси чет тилларини ўрганишдан тўхтаб қолмаслиги керак.

Самимий суҳбатдош Жавлонбек Нурматов ўз касбига меҳр қўйган инсон, вақти келса оиласидан узоқда Ватан учун хизматда юради. Ота-она ва фарзандларининг соғинчи эса унга фақат куч ва янги марралар учун мотивация эканлигини таъкидлади.

Суҳбатдош Жавоҳир Мусурмонов.

МАВЗУГА ОИД

47 МИЛЛИАРД СЎМ КАЕРЛАРГА САРФЛАНАДИ?

admin

МАЪНАН ЭСКИРГАН ГАЗ УСКУНАЛАРИНГИЗНИ АЛМАШТИРДИНГИЗМИ?

admin

КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРКУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРМИ?

admin

МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ:ДАРОМАДЛАР РЕЖАСИ 1 МЛРД 244.0 МЛН СЎМГА КЎП БАЖАРИЛДИ

admin