Жорий йил 22 сентябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғидаги нутқида Тошкент вилояти ўзининг табиий ва қазилма бойликлари, саноат ва транспорт-логистика салоҳияти, барқарор энергия таъминоти, малакали меҳнат ресурслари ҳамда туризм салоҳияти билан ажралиб туриши ҳақида алоҳида таъкидлаган эдилар. Саноат шаҳри ҳисобланмиш Олмалиқ шаҳри ҳам бугунги кунда ўзига хос туристик жиҳати билан ривожланиш жараёнида.
Хусусан, бунга ОКМК тасарруфидаги Спорт мажмуаси мисолида тўхталиб ўтсак. Мажмуа замонавий стандартлар асосида барпо этилган бўлиб, жами 13 гектардан иборат. Мажмуада асосий стадиондан ташқари, яна 2 та ёпиқ майдон, теннис майдони, баскетбол майдончаси ва сунъий қопламали футбол майдони жойлашган. Ногиронлиги бўлган инсонларнинг стадионга кириб-чиқиши ҳам инобатга олиниб, улар учун стадиондаги энг қулай нуқтадан 40 та махсус жой ажратилган. Мажмуа ўртасида жойлашган стадион 10 мингга яқин томошабинни сиғдира олади. Майдон ўлчами 105х68 метр. Майдоннинг 35 % сунъий қопламадан ва қолган қисми табиий майсадан иборат. Ҳар бири 30 нафардан футболчи ва мураббийларга мўлжалланган жами тўртта кийим алмаштириш хонаси спортчилар хизматида. У ерда юмшоқ ўриндиқлар, кийим-кечаклар учун махсус шкаф, ювиниш хонаси, массаж хонаси ва бошқа қулайликларга эга зарур шароитлар яратилган.
Мажмуа ҳудудида стадион билан бирга иккита ёпиқ спорт майдони (70х38 метр) барпо этилган. Ҳар бирида 500 ўринли мухлисга мўлжалланган трибуна мавжуд. Бу майдоннинг биринчисида футзал, гандбол, волейбол ва баскетбол жамоалари, иккинчисида эса кураш, бокс, гимнастика ва енгил атлетика билан шуғулланувчи спортчилар фойдаланишади. Мажмуада теннис майдони ҳам барча талаблар асосида барпо этилган. Икки тарафлама трибунада 1000га яқин мухлис спортчилар маҳоратидан завқ олиши мумкин. Бундан ташқари иккита баскетбол ва теннис машғулот майдони ҳамда стандарт ўлчамдаги (105х68) сунъий қопламали майдон ёш спортчиларни етиштиришда қўл келмоқда.
Учрашувларни ОАВларида ёритиш учун ҳам шароитлар яратилган. 50 нафар журналист, 10 нафар видеооператор, 20 нафар фотомухбирга мўлжалланган матбуот анжуманлари зали, 30га яқин ОАВнинг турли бўғинларидаги вакиллари ўйинолди ва учрашувлардан кейин ишлашлари учун медиа марказ ташкил этилган. ОАВ вакиллари учун стадионнинг қоқ марказидан махсус «Медиа трибуна» яратилган ва ушбу сектор 30 нафар журналистга мўлжалланган. Телевидения ва радио шарҳловчилари учун 2 та махсус хона бор.
Жорий йил бошидан бугунги кунга қадар спорт мажмуасида республика, вилоят ва шаҳар миқёсидаги 20 та нуфузли спорт ва байрам тадбирлари ташкил этилди.
Хусусан, қўл тўпи, Муай-тай бўйича республика мусобақалари, «Металлурглар куни»га бағишланган концерт, вилоят ДХХ кубоги спорт мусобақаси, МИССиС Олмалиқ филиалига кириш имтиҳонлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғинга қарши мусобақалари, Ўзбекистон Мустақиллиги кунига бағишланган концерт, хонанда Севинч Мўминованинг концерти, Муай Тай Бокс мусобақалари, бокс бўйича «Усмонов» чемпионати, Маҳаллайлаштириш бўйича Саноат ярмаркаси, Минтақавий мусобақалар Таке-Wан-До, маст кураши бўйича Осиё чемпионати шулар жумласидандир.
Мазкур мусобақа ва байрам тадбирлари учун республикамизнинг турли вилоятларидан келган ҳамюртларимиз албатта, шаҳримиздаги меҳмонхоналар ва бошқа хизмат турларидан фойдаланиши натижасида тадбиркорларимизга даромад ва бу орқали шаҳар бюджети тушуми ошишида муҳим драйвер бўлиб хизмат қилмоқда.
Дилфуза РЎЗИЕВА.