Аввал жиноят қилган бўлса, яна такрор шу ишни қилишга нима мажбур қилиши мумкин инсонни? Одатда такрор жиноят қилаётганлар ҳолати ўрганилганда асосан ишсизлик ва пулсизлик бу нарсага сабаб бўлмоқда.
Дима Саломов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам аввал Россияда судланган бўлишига қарамай, ўз ватанида яна бир жиноятга қўл урди. Яъни, у қасддан ўзганинг мулкини очиқдан очиқ талон-тарож қилиш мақсадида таниши С.Юнусалиев билан «Фахрийлар» кўчасидаги йўлакда ёлғиз кетаётган Катяга зўрлик ишлатиб, “Samsung-A6” телефони ва ҳамёнидаги пулларини тортиб олиб, воқеа жойидан беркинган. Шунингдек, икки ошна “Ойдин” ҳудудида ёлғиз кетаётган яна бир йўловчи, З.Асқаровага нисбатан ҳам зўрлик ишлатиб, унинг ҳам қўл телефонини олиб қўйган. Хуллас, бировнинг мулки бировга насиб қилмаслигини билиб туришса-да шу ишни қилиш худбинлик ва калтабинликдан бошқа нарса эмаслигини билган Д.Саломовга суд ўз ҳукмини ўқиди.
Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан Д.Саломовга 5 йил-у 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Маъмиржон Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.