Ҳар йили шаҳримизда куз-қиш мавсумида ишлар жадаллик билан олиб борилади. Лекин мана шу ишлар олиб борилиши асносида аҳолида ҳам кўплаб эътирозлар туғилади.
Иситиш мавсуми бошланиши арафасида юзага келадиган носозликлар иссиқ сувни ўчишига сабаб бўлади. Натижада фуқаролар электр таъминотидан кўпроқ фойдаланишлари оқибатида катта кучланишга бардошсиз станцияларда электр узилиши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез учраб туради. Одамлар орасида эса бутун ёз ўтиб, айни совуқ бошланганда электр, иссиқ сув ва газни ўчириб қўяверишади, каби эътирозлар кўпаяди. Оддий қилиб айтсак, иситиш мавсуми бошлангандагина сув қувурларида кўплаб носозликлар учрайди ва бу бошқа коммунал соҳаларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
Лекин куз-қиш мавсуми бошлангунга қадар ва бошлангандан кейин ҳам аслида кўп ишлар амалга оширилади.
Хусусан, бу йил шаҳар бўйича 23 та кўп қаватли уйга 3,832 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда уйларнинг 27.810 кв.м том қисмидан 11045 кв.м БСКлар ҳисобидан таъмирланган. Шунингдек, 23 та кўп қаватли уйларнинг 16 тасининг фасад қисми мукаммал, 7 тасиники жорий ҳамда кириш йўлакларининг режадаги 77 тасидан 47 таси таъмирланган.
34 та кўп қаватли уйларнинг 32 тасида ертўла муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 12 та уйнинг 16 та марказий электр щитларнинг 27 таси таъмирланган. Режадаги 4500 кв.м тротуардан 2460 кв.м таъмирдан чиқарилди.
Жорий йилги “Обод маҳалла” дастурига тушган «Теракли» ҳамда «Дўстлик» МФЙларда йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш шунингдек, уларда истиқомат қилаётган 4 минг нафар аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича 1.34 км тармоқ ётқизилиб, 2 та зулфи алмаштирилди.
«Турон» кўчасидаги 11,13,15,17-уйларнинг фасад қисмидаги метал тўсиқлар тўлиқ бўялиб, уйлар олдидаги 1400 кв.м. пиёдалар йўлаги мукаммал таъмирланди. Уйларнинг ертўласидаги 240 п.м. канализация қувурлари “Инженер рамз” БСК томонидан мукаммал таъмирланди.
Уйларнинг ертўла қисмидаги марказий электр тақсимловчи 2 та щит жорий таъмирдан чиқарилган. Уйлар атрофига 120 дан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Шаҳримизда ҳозирги кунда 8та БСК мавжуд, 37 та УЖМШлардан 35 таси БСКга ўтказилган.
Тижорат банкларидан 2016-2021 йилларда жами 17.786 млн. сўмга кредит маблағи олинган бўлиб, бугунги кунга қадар 6.640 млн. сўм маблағ банкларга қайтарилган. Ҳозирда 9.757 млн. сўмлик кредитлар пролонгация қилинган. Шунга қарамасдан, Ҳамкорбанк томонидан 1 млрд. 120 млн. сўмлик кредит пролонгация қилинмай келинмоқда, бу ўз навбатида кўп қаватли уйларни таъмирлаш, куз-қиш мавсумига таёрлашга тўсқинлик қилмоқда.
-Шаҳарнинг юқори қисмида даҳалар ичида жойлашган мавжуд 8 дона насос станциялари жорий таъмирдан чиқарилди.
Коммунал ташкилотлар берган маълумотларга кўра, режадаги барча ишлар бажарилган, лекин бизда муддатини ўтаб бўлган сув қувурлари ва электро щитлар талайгина. Мавсумдаги ҳаво ўзгаришлари эса режадан ташқари ишлар ортишига ҳам сабаб бўлади.
С. Охунжонов,
Тошкент вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси шаҳар бўлими раҳбари в.в.б.