Image default
Жамият

БЕМОР УЧУН МАДАДКОР, БОР БЎЛ, АЗИЗ ШИФОКОР!

Саломатлик — энг биринчи ўринда турадиган масаладир. Демакки, ҳаётимизда шифокорларнинг ўрни ҳам шунга яраша. Хўш, шаҳримизда айнан ўз соҳа мутахассиси бўлган тиббиёт ходимларини биласизми? Нима учун сиз билган ва таниган тиббиёт ходимлари бугун хусусий клиникаларда ўз фаолиятларини олиб боришмоқда? Агар сизга хусусий клиника очиш, у ерда фаолият олиб бориш машаққати ва завқи, йиллар давомида касбидан топган ютуқлари, кунига ўртача қанча одамга тиббий хизмат кўрсатиши, нима учун айнан хусусий клиникада ишлашни лозим топгани ва клиникада даво топаётган беморлар улар учун қанчалик аҳамиятли эканлиги ҳақидаги фикрлари қизиқ бўлса, унда шифокорларимиз фикрини диққат билан ўқинг.

«Шифокоркорларни жалб қилишда қийналганман»

“Шифо маскан” клиникаси 2005 йил март ойидан буён фаолият олиб келмоқда. Шу кунга қадар қанчадан қанча шифокорлар бу клиникада ишлаб, сўнг мустақил ўзлари хусусий клиникалар очиб чиқиб кетишди. 4 нафари хусусий шифохона ҳам очишди.

Ишхонани очиш мушкул бўлган. Шифокорларни бу ерга жалб қилишда ҳам анча қийналганман. Улар деярли хусусий клиникаларга қизиқишмаган. Биринчи марта таклиф берганимда, шифокорлар иш стажи ва ойлик маоши билан қизиқишган, худди давлатникидай бўлади деганман-у, қолган имкониятлари тўғрисида тўлиқ тушунча бера олмаганман. Шу сабабли бошида 3-4 йил давомида битта ўзим ишладим. Лекин кейин бошқа соҳа шифокорларини ҳам жалб қила олдим. Ҳозир турли йўналишларда хусусий клиникалар сони ортиб бормоқда. Шунинг учун бўлса керак, шаҳримиз шифокорлари ўртасидаги соғлом рақобат тинимсиз изланишни талаб этмоқда ва керак бўлса вилоят даражасида энг яхши шифокорлар айнан бизнинг шаҳримизда эканлигини фахр билан айтиш мумкин.

Касбимдан топган бахтим ёнимга кўмак сўраб келаётган беморларга ёрдам беришга қодир қилиб қўйгани, бемор шифо топиб кетса, биз учун бахт шу.

Хусусий клиникада ишлашимга сабаб бўлган асосий омиллардан бири давлатникида қоғозбозлик кўпроқ, беморлар билан ишлаш ҳам талаб даражасида бўлмаган. Хусусийда эса тинимсиз ўз устингизда ишлайсиз ва керак бўлса энг сўнгги русумдаги тиббиёт асбоб-ускуналарини ҳам олиб келиб, шаҳримиз фуқароларига тўғри ташхис қўйган ҳолда, уларни дардига шифо топишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда энг замонавий УЗИ аппаратлари билан ишлаймиз. эндокринолог Н.Журабекова, УЗИ шифокори Н.Хожиева, болалар невропатологи Ш.Хидирбоева, қулоқ, бурун шифокори М.Фармоновлар клиникамни юраги дея айта оламан. Улар чин маънода ўз касбларининг мутахассисларидир.

Ҳаёт Мадалиев,

«ДОКТОР МАДАЛИЕВ» МЧЖ

бош шифокори, терапевт.

Хусусий клиника-хусусий тадбиркорлик

Хусусий клиникада ишлашимнинг асосий сабаби, фаолиятнинг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таьминлаш, Давлат сиёсатида устувор йўналишгача кўтарилганлигидадир. Бу ерда ишлашнинг ўзига яраша машаққати ва завқи бор, лекин завқи машаққатиданда устувор. Иш тартиби меъёрларга мувофиқ 9:00 дан 18:00 гача.

Врач -стоматолог сифтида ўз фаолиятимни 1981йилда бошлаган бўлсам, бугунга келиб, 41 йиллик тажрибага эгаман. Шифокорлик касби ўзи шараф. Шифо истаб келган беморларга беминнат хизмат кўрсатиш, дардларини енгил қилиш бизнинг асосий вазифамиз.

Уларнинг миннатдорчилиги ва юзларидаги самимий табассуми эса бизнинг катта ютуғимиздир. Бу соҳадаги яна бир ютуқларимдан ҳозирги кунда Стоматология соҳасида ўз ўрнига эга бўлган шогирдларни етиштирганимда деб ўйлайман.

Замон талабларига жавоб бера оладиган стоматологик жиҳозлар билан таъминланган клиника шаҳримиз аҳолисига кўп йиллардан буён хизмат кўрсатиб келмоқда. Айниқса, фарзандим Ж.Қасимов касбим, бошлаган ишимнинг давомчиси, ҳозирги кунда мен билан елкадош бўлиб клиникамиз ривожига ҳисса қўшмоқда.

«SMILE» клиникамизда Россия ва Украина Олий муассасаларида таҳсил олган 5 нафар врач-стоматологлар ва ўрта тиббий ходимлар фаолият юритишади. Улар кун давомида ўртача 40-50 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатишади.

Айнан хусусий клиникада ишлашни лозим топганлигим сабаби эркин ишчи ўринлар яратиш, аҳоли бандлигини ошириш ва беморларга энг сўнгги замонавий технологиялар билан таъминланган клиникада тез ва сифатли хизмат кўрсатишдир.

Клиникамизга келган ҳар бир беморлар рўйхатга олинади, келолмай қолган вақтларида албатта, қўнғироқ қилиниб ҳолатлари сўралади. Зеро, ҳар бир беморнинг саломатлиги биз учун муҳим.

Собиржон Қосимов,

стоматолог-ортодонт.

“Янги инновацион тиббиёт учун”

28 йилдан бери тиббиёт соҳасида ишлаб келаяпман. Олий тоифали терапевт, шу билан бирга анистизиолог — реаниматолог, фитотерапевт ва гируда терапевт ҳамман. 1994йил 1-сонли Тошкент Давлат Тиббиёт олийгоҳини тугатганман. 1994-2001йил Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасида реанимация бўлимида анистизиолог -реаниматолог шифокори, 2001-2018 йил Олмалиқ ШТЁМ терапия бўлимида бўлим мудири бўлиб ишлаганман.

Шифокорлик касбимнинг менга берган ютуқларидан бири шаҳар марказий шифохонасида ишлаган кезларим оғир беморлар касалини малакали шифокорлар ҳамкорлигида чуқурроқ ўрганиб, малака оширганим ҳамда кучли билим ва тажрибага эга бўлганимда деб биламан. Устозлар ўргатган, улар берган билимларни ўзлаштиришга ҳаракат қилиш орқали бугун юксак натижаларга эришиб келмоқдаман.

Касалликларни эрта аниқлаш, беморларда соғлом турмуш тарзини тўғри олиб бориш, ўз соғлиги қадрига етишни, касаллик асоратларини кучайтириб юбормаслик учун ва тиббиётда ўз билимимни чуқурроқ ўзлаштириш ва янги инновацион тиббиёт асбоб-ускуналарини олиб кириб, беморларни соғлигини тиклаш учун, янги даволаш услубларини қўллаш учун хусусий клиникани танладим.

Бизда даволанаётган беморлар клиникага келмай қўйса, телефон орқали хабарлашиб соғлиги ҳақида сўраб-суриштириб беморга қўшимча тавсиялар берамиз ва ўз назоратимизга оламиз.

Баҳром Джўрабеков,

“Шарқ Стар Мед” ХК раҳбари.

“Беморим келмай қўйса, камчиликни ўзимдан қидираман…”

Тиббиётда ишлаб туриб, бу соҳада ҳамма нарсани биламан деб ўйлардим. Лекин хусусийга ўтганимда, бу ердаги жараён, сиёсат умуман бошқачалиги гувоҳи бўлдим. Ёндашув бошқача, муомала ва муолажа бошқача. Ҳамма жойда жавобгарлик бор. Лекин хусусий клиникада жавобгарлик икки карра  кўпроқ экан. Негаки клиникага мурожаат қилган фуқаро давлат поликлиникалари ва бошқа хусусий клиникаларини эмас айнан “Дилафруз” клиникасига келгани ва шу жойга маблағ сарфлаётганлиги ҳам биз учун катта масъулият юклайди.

Шу ўринда давлатимизнинг хусусий клиника очаётган ҳам шифокор, ҳам тадбиркорларига бир қатор имтиёзларини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Кредит ажратиш билан бирга оёққа туриб, ўзимизни тиклашимиз учун маълум муддатга айланма солиқлардан ҳам озод қилиб қўйишган. Шаҳримизда хусусий клиникалар сони 56 тага ортиб бораётгани бунга мисолдир. Бу бир томондан яхши. Соғлом рақобат муҳити шаклланади. Одамлар пулини берганидан кейин энг яхшисига боришга ҳаракат қилишади.

Биз бу клиникани очганимизда энди ковид бошланган бўлиб, бир қатор қийинчиликларга учраганмиз.

Хусусий клиникани танлашимнимнинг бош омили давлат поликлиникаларида йўқ бўлган шароитни ўз ҳамшаҳарларимиз учун яратиш, янаям ўзим ишлаган вақтдаги учраган камчиликларни ўз клиникамда мукаммал тарзда жойига қўйиб қўйиш бўлган. Шу ўринда бир нарсани ҳеч тушунмайман. Одамлар давлат поликлиникаларига жони оғриб борган вақтда шифокор муолажа учун дори ёзса, жаҳл, бақир-чақир қилишади. Лекин хусусий клиникада бу ҳолатни учратмайсиз, аксинча, индамай раҳматини айтиб чиқиб кетишади. ХКда ишлаган одам бойиб кетади деган тушунча йўқ. Давлат шифокорга қанча маош берса, биз ҳам ўша маошни оламиз. Энг ғурурлантирган томони 7-8 нафар ходимни иш билан таъминлай олдим. Ўргандимми ё чиндан ҳам завқлими билмадим, хусусий клиникада қилган меҳнатимизга муносибини ишлаб топамиз. Муҳими, текшир-текшир йўқ. Давлат поликлиникаларида эса авваллари бир кун текширув бўлмаса, ўшани хумори тутарди, нега келишмаяпти текширгани деб.

Жамоа билан белгиланган вақтда ишга келиб кетамиз. Бизни яхши даромад топишимиз албатта яхши ишлашимизга боғлиқ.

Давлат ишида ишлайдиган ходимлар мени назаримда боқимандадек гўё, уларга давлат бераётган пулини миннат қилаётгандек. Комиссия келади сенга пул бераяпмиз, биз айтгандай ишлашинг керак деб, беморлар келади яхши ишламайсан, давлат сенга пул тўлаяпти деб. Хуллас, ҳар томонлама олаётган пул шифокорга тинимсиз миннатдек туюлади. Хусусийда эса худога шукур унақа нарса йўқ.

Клиникадан даво топаётган бемор келмай қўйса, хавотирланамиз. Бу пулга боғлиқ нарса эмас. Беморим бошқа шифокорга борса, биринчи навбатда ўзимдаги камчиликни қидиришга тушаман. Нима учун у бемор мендан кетаяпти, муомалам билан боғлиқми ё тажрибами, ёки шароитим. Албатта буни тагига етиб ўшани бартараф этишга ҳаракат қиламан. Ўзимдаги салбий нарсани топиб, бартараф этсам ўша касалим яна қайтиб келади.

Ҳар бир хусусий клиникани ўзини бренди бўлади. Бизни клиникамиз бренди бу невропотологимиз. Анорбой Маматқулов. Салкам 30 йилдан буён шу шаҳарда асаб касалликлари шифокори сифатида ишлаб келади ва энг муҳими ўз касби мутахассиси сифатида номдор шифокорлардан.

Абдужаббор Убайдуллаев,

“Дилафруз” клиникаси раҳбари.

Дилдора Абдураҳмонова тайёрдлади.

МАВЗУГА ОИД

Олмалиқ шаҳар фуқаролар ташаббуси жамғармаси бўйича 2022 йил 2 мавсумда ғолиб бўлганлар хамда унга йўналтирилган маблағлар ишлатилиши бўйича
М а ъ л  у м о т

admin

МЕҲНАТ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР КОМБИНАТ ИШЧИ-ХОДИМЛАРИ ҲАЁТИДА ҚАНДАЙ АКС ЭТАДИ?

admin

БАЙРАМГА 31,442 МЛРД. СЎМЛИК ОБЪЕКТ ТУҲФА ЭТИЛДИ

admin

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказиш РЕЖА-ЖАДВАЛИ

admin