Сўнги йилларда нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунёда экология билан боғлиқ муаммоли вазиятлар юзага келмоқда. Бунинг натижасида табиат ва инсонлар ютқазмоқда. Азон қатлами айнан ифлос ҳаво туфайли емирилиши, денгиз ва океанларда ахлатларнинг ҳаддан зиёд кўпайгани жонзотларнинг қирилишига, ўрмон ва манзарали ҳудудлар ҳам айнан табиатни асрай билмаганимиздан вайрон бўлмоқда.
Жорий йилда Президентимиз ташаббуси билан юртимизнинг ҳар битта вилоят, туманларида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига старт берилди.
Дарахтлар экилиши режалаштирилган лойиҳа бизнинг шаҳримизда ҳам кўтаринки руҳда бошланди. Хусусан, жорий йил куз мавсумида 53 000 туп дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Шундан фермер хўжаликлари экин ер майдонлари четларига 1400 туп, олий ва ўрта махсус таълим объектларида 500 туп, халқ таълими йўналишида 940 туп, мактабгача таълим йўналишида 760 туп, соғлиқни сақлаш йўналишида 400 туп, корхона ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳудудларида 18000 туп, ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудлар ва объектларида 14000 туп ҳамда МФЙ ҳудудлари ва бошқа объектларда 17000 туп кўчат экиш режалаштирилган.
Бугунги кунда амалда 15 907 туп кўчат экилиб, яна 37 093 туп кўчат экилиши керак.
Сектор раҳбарлари ва бошқа корхона-ташкилотлар ушбу лойиҳада фаол иштирок этишмоқда. Жумладан, Олмалиқ шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилаётган ташаббусда «Металлурглар» кўчасида шунингдек, «Эҳтиром» кўчаси ва 80-ихтисослаштирилган мактабда ишлар давом этмоқда.
Шаҳримиз аҳолиси ва барча юртдошларимиз «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида бирдек иштирок этишини истар эдик. Табиат барчага оналик қилади. Биз табиатсиз ҳеч қанча яшай олмаслигимизни тушунган ҳолда Она табиатни асрашга барчани чорлаб қоламиз.
Бемеҳр ўғил қиз ҳол сўрамайди,
Сени қаритганин асло билмайди.
Бағрингда яйрайди, лек унамайди,
Эътибор қизғонар, сендан Табиат.
Сен онасан нур сочасан оламга,
Куч берасан мадор билан одамга.
Айлантирай сени яшил маконга,
Боғ қиламан меҳр билан ҳар ёнга.
Жавоҳир Мусурмонов.