Беъжизга бундай дейилмаган. Дарди бирни ниятлар ҳам бирлаштириши амалда бир неча бор исботланган. Айниқса, пул билан боғлиқ бўлса.
Ф.Жуманов (исм-шарифлар ўзгартирилган) С.Эшимов билан танишиб қолиб, унга шаҳримизда ишлаб чиқарилаётган дори-дармонларни сотишда ёрдамчи бўлиб олади. Бир куни икки ҳамкор бирга овқатлангани боришди. Бир-бирларига дардини айтиб, иккаласига ҳам пул зарурлигини билгач, С.Эшимовнинг таклифи билан ўзлари ҳамкор бўлиб ишлаётган МЧЖдан дори ўғирлашга келишиб олишди.
Ф.Жуманов ва С.Эшимов қасддан ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида ўзаро олдиндан тил бириктириб, А.Навоий маҳалласи, «Мустақиллик» кўчасида жойлашган Ш.Насимовга тегишли бўлган МЧЖ тасарруфидаги дорихонага ғайриқонуний равишда киришди. Дорихонада бўлган 16 қути “Magne B6” ва 4 қути “Супер Са+D3” номли, жами 20 қути дориларни яширин равишда талон-тарож қилиб, Ш.Нусратовга 37 миллион сўмлик миқдорда моддий зарар етказиб, ҳодиса содир бўлган жойдан яширинишган.
Лекин улар дориларни сотишга улгурмаслариданоқ қилмишлари ИИБга маълум бўлди. Ф.Жуманов ва С.Эшимов судда қинғир ишларини тан олиб, қилмишиидан пушаймон эканликларини таъкидлашди.
Суд Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан Ф.Жумановга ўташ учун 3 (уч) йил 2 (икки) ой 23 (йигирма уч) кун озодликни чеклаш жазосини, С.Эшимовга эса ўташ учун 3 (уч) йил 8 (саккиз) ой 23 (йигирма уч) кун озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Л.Обидов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.