Қизамиқ билан касалланиш болалар ўртасидаги юқумли касалликлар ичида дастлабки ўринда туради. Қизамиқ бир ёшгача бўлган чақалоқлар учун айниқса хавфли. Ҳозирги кунда бу касаллик Республикамизда кам учрасада, баъзан болалар уюшган муассасаларда учраб турибди.
Касалликнинг манбаи шу касаллик билан оғриган беморлар ҳисобланади. Қизамиқ вируси бурун-халқум, юқори нафас йўллари, шиллиқ пардалари шиллиғида бўлади. Гаплашганда, аксирганда, йўталганда, бола йиғлаганда, шиллиқ зарралари билан ҳавога тушиб, соғлом болага бир лаҳзада юқади. Бемор чиқиб кетган хонада касаллик юқиш хавфи 30 дақиқадан ортиқ бўлмайди, шу сабабли хонани шамоллатиш кифоя. Қизамиқ учун мавсумийлик хос бўлиб, аксари касаллик қиш, баҳор ойларида кўп учрайди. Қизамиқ билан оғриб ўтгандан кейин бир умрга иммунитет қолади.
Касаллик кечишига кўра, 5 та давр тафовут қилинади: яширин, катарал, тошма тошиш, доғ тушиши, соғайиш даври.
Болаларда касаллик аломатлари бирдан эмас, балки инфекция юққандан кейин орадан 9-11 кун ўтгач қуйидаги белгилар билан намоён бўлади: a. Тумов; b. Бўғиқ йўтал; c. Кўз ёшланиши; d. Бемор ёруғликка қарай олмаслиги; e. Ҳарорат 38-39 даражага кўтарилиши; f. Лунж, лаб, милк шиллиқ пардаларига (энантема) оқ доғлар тушиши.
Тошмалар дастлаб қулоқ орқасига, бўйинга юзга ва қисман баданга тарқалади. Иккинчи куни баданга ва билакка тошади, учинчи куни эса оёқ-қўлнинг ҳамма жойига тошади. Тошмалар қизил рангда бўлиб, бўртиб туради, катта-катта доғ сифатида бўлиб, баъзи жойларда бир бирига қўшилиб кетади.
Профилактик эмлашлар қизамиқнинг олдини оладиган энг яхши восита ҳисобланади. Қизамиқ тарқалмаслиги учун болани алоҳидалаб, уйга шифокорни чақириш керак. Қизамиқ беморга яқин бўлган эмланган болалар муассасаларига 17 кунгача бориб туришлари мумкин. Қизамиқ асоратлари билан хавфли. Беморлар яхши парвариш қилинмаганда даво кеч бошланганда қуйидаги асоратлар пайдо бўлиши мумкин: ларингит, отит, стоматит, диспепсия, энтероколит, менингит, менингоэнцефалит.
Аҳоли диққатига!
Жорий йил 20 ноябрдан қизамиқ ва қизилча касаллигига қарши “Оммавий миллий эмлаш кунлари” бошланади. Аҳоли ўзининг ҳудудий поликлиникасида эмланади.
Ҳакима Қодирова,
шаҳар Оилавий поликлиникаси
умумий амалиёт шифокори.