Image default
Миннатдорлик

ТАЪЗИЯДАН ТАСКИН ТОПГАН КЎНГИЛЛАР

Ўлим ҳақ, у барчанинг бошида бор. Ундан қутулиб бўлмайди, деган сўзларни кўп эшитамиз. Бу бор гап ва ўзига яраша таскиндир. Лекин шунга қарамай, киши яқинидан жудо бўлганда, қаттиқ қайғуриши, кўзидан шашқатор ёш келиши, руҳи ғамдан ўртаниши, юраги темирчининг босқонидек уриши ҳаётий жараёндир. Буни бошига тушганлар теран ҳис қилади. Шундай жараён яқинда бизнинг оиламиз бошига тушди. Яъни, 40 йил ўқитувчилик қилган, шундан 30 йили Олмалиқ шаҳридаги 19-сонли Ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида математика фанидан дарс берган синглимиз Насиба Қодирова оғир касалликдан вафот этди. Бу йўқотиш бизни чуқур изтиробга солиб қўйди. Чунки бизлар – олти бола(каттаси 17, кичиги 1 ёш) отадан ёш қолиб, 39 ёшли онамизнинг қўлида қолиб, ниҳоятда қийинчиликда бир-биримизга суяниб, қўллаб вояга етгандик.
Бундан 23 йил аввал тарих фани ўқитувчиси, синглимиз юрак хуружидан (42 ёшида) вафот этиб, унинг кетидан фарзанд доғини кўтара олмай, онамиз ҳам ёруғ дунёни тарк қилган эди. Бу йўқотишни ҳалигича унутмагандик. Чунки у қалбимизда қўрғошиндек қотиб қолганди. Бу йўқотиш эса қалбимизни бутунлай вайрон қилди. Бироқ уч кун давомида «Телов», «Шовғоз», «Жанжал», «Яккатут» қишлоқларидан, Олмалиқ, Пискент шаҳарларидан уч юзга яқин аёлу эркаклар келиб, таъзия билдиришлари, синглимиз ҳақида яхши фикрлар айтишганлари, эзгу ишлари, одамийлиги ҳақида гапириб, Аллоҳ раҳматига олишини, жаннатдан жой беришини тилаб яратганга илтижо қилишлари кўнглимизга таскин бериб, қайғу-аламларимизни аста-секин сўндира бориб, мамнунлик руҳини пайдо қилди.
Айниқса, 30 йил олдин синф раҳбари бўлган собиқ ўқувчиларидан 20 нафаридан кўпи келиб, йигитлари сафимизда туриб, таъзияга келганларни кутиб олишлари, қизлари эса амма-холалар ёнида туриб, таъзияга келган аёлларга илтифот кўрсатишлари, қўшнилар, мактаб жамоаси ўзининг энг яқинларини йўқотгандай қайғуришлари қалбимиздаги қайғу оловини ўчирди. Негаки, биз шунга амин бўлдик-ки, синглимиз ҳаёти давомида кишилар қалбига эзгулик уруғини сепиб келган экан. Уни гуркираб ўсгани бугун аён бўлди. Демак, синглимиз фақат математика фанини чуқур ўргатибгина қолмай, инсонийликдан ҳам сабоқ берган экан. Бундан кўринадики, эзгу аъмоллар кишини ҳурматга сазовор қилиб, эъзозлашга имкон берар экан.
Биз бошқаларга ҳам шу йўлни тилаймиз. Буни англаш инсонийлик сари қўйилган қадамдир. Бундан ташқари, халқимизнинг оқибатига, меҳрига, ўзганинг қайғусига шерик бўлишига, бир сўз билан айтсак, менталитетидан ғурурландик. Ўша куни Тошкентдаги касалхона майитни кеч бергани учун соат учга айтилган жаноза беш яримга чўзилди. Кун совуқ, аччиқ шамол эсарди. Соат учда жанозага келган элликка яқин одамлар икки ярим соат изғиринда сафимизни тарк этмай, тоқат қилиб кутишди. Жаноза ўқилганда, соат олти эди. Қабр эса Телов қабристонида, ота-онасининг олдидан қазилганди. Жанозага келган одамларнинг бирортаси оғринмай, Олмалиқдан қоронғида қишлоқ томон йўл олиб, чироқ ёрдамида қабрга қўйишди. Яна орқага қайтиб, домланинг қироатидан сўнг, синглимиз ҳақида дил-сўзларини айтиб, кўнглимизга таскин беришиб, соат тўққизларда тарқалишди.
Бундай одамлар қайда бор деган саволга, фақат ўзбек халқида бор деб жавоб беришга ҳақлимиз. Чунки ҳеч бир миллатда бундай оқибатни кўрмаймиз. Бу фазилатнинг илдизи динимизда ва унинг муқаддас китоби Қуръони каримдадир. Бу инсонийлик Европа халқларининг диққатни жалб қилиб, Қуръонга бўлган ҳурмати ортиб бораётганининг сирини англатади. Шу мақола баҳона бизга ҳамдардлик билдирганларга чуқур миннатдорчилик билдирамиз ва уларнинг барчасини шу эзгу ишлари учун Аллоҳ мағфират этишига яратганга илтижо қиламиз. Бундай фазилатли халққа эга бўлган юртнинг тутган иши хайрли ва келажаги порлоқдир. Уни ҳар жиҳатдан тараққий қилган бой давлатлар сафига қўшилиши муқаррардир.

Ушбу ёдномани Насиба Қодированинг опа-укалари ва акалари номидан профессор, филология фанлари доктори Ҳакимжон Каримов оққа кўчирди.

МАВЗУГА ОИД

ИШИНИ СИДҚИДИЛДАН БАЖАРАДИГАН РАҲБАРЛАР БОР БЎЛСИН!

admin

Дардга дармон, ширин забон

admin

ҲАЛОЛ ТОПИЛГАН МОЛДА ХАЙР БОР!

admin

ДАРДГА ДАВО УЛАШУВЧИ…

admin