Image default
Янгиликлар

ЭСКИ КУТУБХОНА ЯНГИ ҚИЁФАДА

Бугун жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор берилиб, кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан чиқарилган бир нечта қарорлари асосида мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши жамиятда китобга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига замин яратмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда мамлакат иқтисодиёти тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий ва молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва бюджет жараёни очиқлигини оширишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3917-сон қарори ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Open budjet” ахборот портали 2019 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлади. Ушбу қарорнинг 6-бандига асосан фуқаролар томонидан маҳаллий бюджетлари қўшимча манбаларидан камида 10 фоизини портал орқали ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида белгиланган тадбирларга молиялаштириш учун имконият яратилди.
Хусусан, Олмалиқ шаҳар ҳокимининг 2021 йил 26 ноябрдаги №116-Ф сонли фармойиши асосида Улуғбек кўчаси 13-уй, Увайсий МФЙда жойлашган шаҳар Ахборот-кутубхона марказини янги мебель жиҳозлари билан таъминлаш мақсадида 80 млн. сўм маблағ ажратилиб, янги мебель жиҳозлари олиб келинди. Бундан ташқари кутубхонанинг майдони янада кенгайтирилиб, қўшимча хоналар ажратилиб, 1 млрд. сўм маблағ ҳисобига кутубхона янги замонавий қиёфага келтирилди, моддий-техник базаси янгиланди. Яъни, 7 та компьютер, 3 та моноблок, 1 та рангли принтер, 2 та оддий принтер, 2 та кондиционер, 1 та проектор, 1 та экран, 2 та овоз кучайтиргич, 2 та микрофон ҳамда мебеллар жамланмаси ва гиламлар олиб берилди.
Бундан аввал эса шаҳар ҳокимининг тегишли фармойиши асосида “Китоб карвони” учун 50 млн. сўм маблағга — 3176 дона, 2021 йилда 46 млн. 800 минг сўм маблағга — 2175 дона, 2022 йил учун 20 млн 570 минг сўмга — 825 дона янги адабиётлар олиб берилган эди. 2020 йил февраль ойида бинонинг олд қисми дераза ромлари алмаштирилиб, канализация қувурлари қисман таъмирланган ва деворлари оқлаб берилган эди.
Кутубхона учун қилинган бу ишлар замирида илмга чанқоқ ёшлар учун шароит яратиш ҳамда ўқиш ва ўқитиш муҳитини кенгайтириш мақсад қилинган. Шу ўринда “Муштум”да чоп этилган ушбу ҳикоя билан фикримизни якунламоқчимиз.
«Нодон шогирд бир куни устози пири комилдан сўрабди:

  • Устоз, спорт мамлакатни дунёга танитармуш?
  • Ҳмм… Қандай қилиб?
  • Ғолиб бўлса, дунё кўз олдида юрт байроғи кўтарилур!
  • Неча минут кўтарилур?
  • Тахминан, 3 минут.
  • Шу 3 минутда сени дунё таниб қоладими? Таниб ҳам қолди дейлик, кейин нима бўлади? Сенинг ютуғингни, байроғингни умрбод эслаб юрадими?
    Нодон шогирднинг боши хам бўлибди. Пири комил эса савол беришда давом этибди:
  • Куба деса ҳамманинг кўз олдига бокс келади. Бокс орқали Кубани дунё танийди. Аммо, бундан Кубага қандай фойда бор? Халқи зўр яшаяптими? Инвестиция оқиб боряптими? Дунёга таниқли Кубанинг бугунги ижтимоий-сиёсий ҳолати унчалик яхши эмас…
    Футбол деса, одамлар «о, Бразилия!» дейдилар. Аммо, дунёнинг ярим жиноятчиси Бразилиядан етишиб чиқади. Спорт билан танилиш бу — мамлакатларга нима фойда келтирган?
  • Устоз, сиз спортга қаршимисиз?
  • Асло! Бироқ ўйиннинг илмдан олдинга қўйилишига рози эмасман. Чемпион бугун бор, эртага йўқ! Илм ҳар доим халқ хизматида!»

Гўзал Абдухаликова,
Ахборот- кутубхона маркази директори.

МАВЗУГА ОИД

ШАҲАР ТАДБИРИДАГИ БИРИНЧИ КИМОШДИ САВДОСИ ЁХУД 750 МИНГГА БАҲОЛАНГАН СУРАТ

admin

ТЕРАК ҚАЛАМЧАЛАРИНИ ЭКИШ ВА ЎСТИРИШ БЎЙИЧАЎҚУВ СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ

admin

БАНДЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

admin

МАРД АСКАР ЁШЛАРГА НАМУНА

admin