Image default
Жамият

НЕГА БИЗДА ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР КЎП?

Ижтимоий тармоқларда оилавий ажримлар сони ортиб кетаётгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Афсуски, бу ҳолат қайсидир маънода жамият ва давлат фожеасидир. Тошкент вилояти миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, шаҳримиз бу борада биринчи ўринда эканлиги кўнгилни хира қиладиган ҳолатдир. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига ФҲДЁ органлари томонидан республика бўйича 20 798 та ажрим қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 4 700 тага кўпайган. Хусусан, судларнинг тегишли қарорларига асосан — 14 986 та, ўзаро розилик асосида — 5 812 та ажрим ҳолати қайд этилди. Шундан Тошкент вилоятида 693 та ажрим, шаҳримиз миқёсида эса жорий йилнинг 22 ноябрига қадар 349 та ажрим қайд этилган.

Биз нима учун шаҳримизда оилавий ажримлар сони ортиб кетаётгани билан қизиқиб, шаҳар ФҲДЁ раҳбари Мастура Аҳмедовага мурожаат қилдик.

  • Оилада турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги нотинч маънавий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган масаладир. Aрзимаган важлар сабаб оилани барбод этиш, албатта, болалар тарбиясига салбий таъсир этади. Норасидаларнинг етим қолишини ўйламайдиган ота-оналар ҳам орамизда йўқ эмас. Оилаларнинг бузилиш сабаблари ўрганиб чиқилганда, хиёнат, узоқ вақт бирга яшамаслик, оилавий келишмовчиликлар, ёшларимизнинг оила қуришга тайёр эмаслиги, соғлиғига эътиборсизлик, йигитларнинг оилани бошқаришни, рўзғорни моддий таъминлаш, фарзандларни маънан ҳамда жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари, деб билмасликлари, қизларнинг эса уй бекаси, оналик вазифасини тушунмаслиги, аксарият ҳолларда қайнона ва келин ўртасидаги можаролар туфайли юзага келаётганлиги маълум бўлди.
    Шаҳримиз миқёсида қайд этилган ажрим кўрсаткичи эса 100 фоиз Олмалиқ шаҳрига тааллуқли дегани эмас. Сабаби бугунги кунда республикамиздаги барча ФҲДЁ бўлимлари экстерриториал тамойил асосида фаолият юритиб келишмоқда.
    Экстерриториал тамойили бу — фуқаролар доимий рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан қатъи назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига ёки ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилиш имконияти ҳисобланади.
    2021 йил 1 июндан бошлаб, фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойидан қатъий назар, туғилиш, никоҳ, ўлим ва никоҳдан ажратишни қайд этиш бўйича исталган ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш мумкин. Бу фуқароларимиз учун энг катта қулайлик. Масалан, фуқаро бошқа туман ё шаҳардан. Лекин вақтинча иш жойи шаҳримизда ёки 3-4 кунга Олмалиқда бўлиб турибди. Ана шу вазиятда бу фуқаро илгари пайтдагидек ўзининг яшаш ҳудудига келиши шарт эмас. Ўзига яқин ҳудуддаги ФҲДЁ бўлимларида ўз юмушларини амалга ошираверади. Мана шу каби хизматлар экстерриториал тамойил асосида ишлаш дейилади.
    Шу ўринда айтиш жоизки, бугун ФҲДЁ бўлимлари билан бир қаторда аҳолига ҳам анча енгилликлар берилган. Шулардан бири ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувини қайд этиш. Илгари фуқаролар ўлим ҳақидаги тиббиёт гувоҳномасини расмийлаштириш, қабристонга ва керакли жойларга тақдим этишга маълумотномалар олиш учун ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилишар эди. Бугунги кунда композит хизматлар йўлга қўйилган бўлиб, тиббиёт муассасаси томонидан берилаётган QR кодли қоғозлари ҳам гербли гувоҳномага тенглаштирилган.
    Жумладан, фикримни тўлдирадиган бўлсам, 2022 йил 1 июлдан эса бутун республика ҳудудида ўлимни қайд қилиш бўйича композит хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган. Хусусан, тиббиёт муассасаси ходими вафот этганлик тўғрисидаги маълумотномани расмийлаштириб, «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон шаклда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органига, яъни бизга юборади. Бунда, вафот этганлик тўғрисидаги тиббиёт маълумотномаси вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга қоғоз шаклида берилиши ва улар тўғридан-тўғри ФҲДЁ органига мурожаат қилиши ҳам мумкин.
    ФҲДЁ органи маълумотнома келиб тушгандан сўнг бир иш куни мобайнида шахснинг ўлимини «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимида қайд этиб, QR код орқали тасдиқлайди. ФҲДЁ органи вафот этган шахснинг яқин қариндошлари аризасига асосан уларга вафот этганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини гербли гувоҳномада экстерриториал тамойил асосида расмийлаштириб беради ёки почта алоқаси орқали аризада кўрсатилган манзилга юборади. Айтиш жоизки, QR код гувоҳномаси фақат Ўзбекистон ҳудудида амалда, лекин бошқа давлатларда қоғоз шаклидаги тасдиқланган гувоҳнома сўралади. Бизда жорий йилнинг 22 ноябрь ҳолатига 776 та ўлим қайд этилган.
    Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, шаҳримизда далолатнома ёзувларини рақамлаштириш жараёнлари ниҳоясига етказилмоқда. Ҳозирда “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими яратилди. Шунингдек, шаҳар ФҲДЁ бўлими бошқа ташкилотлар билан интеграция қилинган бўлиб, барча маълумотлар электронлаштирилмоқда.

Д.АБДУРАҲМОНОВА.

МАВЗУГА ОИД

МЕҲР-МАТОНАТНИНГ МАЪВОСИ — АЁЛ!

admin

Тарғибот, таҳлил ва камчиликлар

admin

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁХУД ҚАҲРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

admin

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ИНСОН ҚАДРИ ВА МАНФААТЛАРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ

admin