Қаноат тушунчасида жуда чуқур маъно мавжуд. Қачонки топганимизга қаноат қилиб яшашни ўрганмас эканмиз, хатолар исканжасида қолаверамиз. Айниқса, давлат ишида ишлаётганлар нафсини жиловини ушлай билишлари, тайёр ишидан айрилиб қолмасликлари учун ҳам керак.
Хусусан, О.Хакимов (исм-шарифлар ўзгартирилган), З.Казимов ва З.Боқиевлар ОКМКда ишлашлари ва бугунги кунда оиласини боқиш учун даромадлари бор бўлишига қарамй ўз нафсиларининг устун келишига қўйиб бердилар.
Уччала шоввоз ўз иш кунларида маслаҳатни бир жойга қўйишиб, корхонадан топиб олдик дея узунлиги 2.90 метр, эни 30 сантиметр, оғирлиги 16.9 килограмм бўлган таркибида жами 14.736.220 сўмлик қимматбаҳо металлар шимдирилган паласни яшириб қўйишди. Кейинги ишга келган кунларида эса ниятларини амалга ошира олмаганликларини гувоҳи бўлишади. Чунки ИИБ ходимлари томонидан Мис бойитиш фабрикаси цехидаги тегирмоннинг магистрал қувурларидан бирига О.Хакимов, З.Казимов ва З.Боқиевлар томонидан яшириб қўйилган палас топиб олиниб, ашёвий далил сифатида олинган.
Судда улар қилган ишларидан пушаймон эканликларини ва оилада ягона боқувчи эканликларини айтишиб, енгиллик сўрашди. Суд О.Хакимовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,169-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 2 йилу олти ой муддатга, шериклари З.Казимов ва З.Боқиевларга эса 2 йил муддатга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш иши жазосини тайинлади.
М.Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.