Image default
Саломатлик

ШАҲРИМИЗДА ҚУТУРИШ КАСАЛЛИГИ ҚАЙД ЭТИЛГАНМИ?

Жорий йилнинг ноябрь ойида шаҳримиздаги “Теракли” МФЙ ҳудудида ёввойи ҳайвон — чиябўрида қутуриш касаллиги қайд этилганлиги сабабли, шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига асосан маҳалла учун чеклов эълон қилинган. Деярли ҳар йили қутуриш касаллиги, тарқалиши ва унинг олдини олиш борасида ОАВларида огоҳлантирувчи маълумотлар тақдим этилса-да, айнан шу касалликнинг қайд этилиши одамларнинг бепарво бўлиб кетаётганликларининг бир белгисидир.

Шаҳримизда ушбу касаллик қайд этилгани боис, ҳамшаҳарларимизни яна бир карра ушбу касалликнинг юқиш йўллари ва олдини олиш борасидаги тавсияларни тақдим этамиз.
Қутуриш касаллиги ҳайвонлар ва одамлар ўртасида учрайдиган ўта хавфли юқумли касаллик. Касаллик одамга шу касалликка чалинган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, тишларининг қадалиши, шунингдек, жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватларига сўлаги тушиши пайтида юқади.
Қутуриш нейротроп вирус қўзғатадиган, мулоқот йўли билан юқадиган, нерв тизимининг кучли зарарланиши билан кечадиган ва ўлим билан тугайдиган ўта хавфли зооантропаноз юқумли касалликдир.
Бу табиий ўчоқли касаллик вируси ёввойи ҳайвонлар орасида айланиб юриб, уй ҳайвонлари ва улар орқали одамларга юқади.
Қутуриш дунёнинг барча ҳудудларида учрайди. Афсуски, мамлакатимизда ҳам ҳар йили тарқоқ ҳолатда бўлса ҳам учраб туради. Касалликнинг асосий манбалари ит, камдан-кам ҳолларда мушук, ёввойи ҳайвонлардан бўри, чиябўри, тулки ҳисобланади. Шу ўринда итларга касаллик асосан тулки, бўри ва чиябўрилардан юқишини айтиб ўтиш жоиз.
Республикамизда қутуриш касаллиги манбаининг 90 фоиздан ортиғи итлар ҳисобланади.
Статистик маълумотларга кўра, ҳайвонлардан жароҳатланиб қутуриш касаллигига чалинган фуқароларнинг 99 фоизи ўз вақтида тиббиёт муассасасига мурожаат қилмаганлиги исботланган.
Касалликнинг олдини олишда…
Дайди ит ва мушуклар аниқланганда ободонлаштириш бўлимларига хабар бериш шарт. Шунингдек, хонадонда сақланаётган ит ва мушукларни ветеринария хизматидан фойдаланган ҳолда қутуриш касаллигига қарши эмлатиш ва уларга паспорт олиш;
ҳайвонлардан жабрланганда зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш;
болаларнинг ҳайвонлардан жароҳат (тишланиш, тирналиш) олишига йўл қўймаслик;
қутуришга қарши эмлашни шифохона шароитида олиш;
жароҳат олган беморлар эмланиш вақтида спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслиги, оғир жисмоний иш билан шуғулланмаслиги ҳамда ўз вақтида овқатланиб дам олиши;
уй ҳайвонларини боғланган ҳолда боқиш;
агарда ит, мушук ёки бошқа ҳайвон тишласа ёки сўлаги тери ва шиллиқ қаватга тушса, жароҳатланган жойни шу заҳоти кир совун (хўжалик совуни) билан ювиб, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш ҳамда қутуришга қарши эмланиш;
уйда ит сақлаётганлар уни қутуришга қарши эмлатиши, қаровсиз қолган бегона ит ва мушукларни яқинлаштирмаслик лозим.

Шаҳар ветеринария бўлими

МАВЗУГА ОИД

НИМА УЧУН АЁЛЛАРГА ТИББИЙ КЎРИК КЕРАК?

admin

ИТ ВА МУШУГИНГИЗ ЎЗИНИ ЁРУҒЛИК ВА СУВДАН ОЛИБ ҚОЧСА, БИЛИНГКИ…

admin

ИССИҚ ҲАВОДАНАЗИЯТ ЕТМАСЛИК УЧУННИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

admin

Хавфли ва юқумли касалликдан огоҳ бўлинг!

admin