Image default
Жамият

“МЕН ЧИН ДУНЁДА ИККИ ОЁКДА ЮРАМАН, ОНАЖОН, СИЗНИ ЖАННАТЛАРГА ОЛИБ КИРАМАН”

Шундай яралганмизки, ҳар биримиз кўнгил одамимиз. Бизга эътибор ва меҳр беришса бор дунёйимизни ўша яхши инсонлар учун ҳадя қиламиз. Лекин орамизда соғлом одамларга нисбатан икки карра меҳр ва мурувватга муҳтожлар борки, ҳар кун, ҳар соат, ҳар дақиқада биз инсонлардан мурувват кутиб яшашади. Ҳатто йилда бир кун улар учун ажратилгани ҳам бежизга эмас.

БМТ ташкилоти томонидан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни, деб эълон қилинган. Ушбу сана бутун дунё бўйлаб кенг нишонланади ва бундан асосий мақсад ақлан ва жисмонан нуқсони бор замондошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Афсуски, охирги йилларда ногирон туғилаётган болалар сони ортиб бораётгани, бунга эса ички ва ташқи омиллар сабаб бўлаётгани ачинарли. Шаҳримизда бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келаётган умумий амалиёт шифокори Дилором Худойқулованинг таъкидлашича, шаҳримиз бўйича 18 ёшгача бўлган ногирон болалар сони айни кунга келиб 576 нафарни ташкил этмоқда. 2022 йил 1 декабрь ҳолатига биринчи марта ногиронлик белгиланган болалар сони эса 75 нафар бўлиб, бу ҳам аслида катта кўрсаткич. Шундан туғма ногирон беморлар сони 37 нафар, шундан юрак туғма нуқсонли болалар 10 нафар, туғма хирургик касаллиги бор беморлар 9 нафар, ирсий касалликлар 6 нафар, туғма буйрак касалликлари 6 нафар, туғма лаб, танглай нуқсонлари 4 нафар, туғма кўз нуқсони бор болалар 2 нафарни ташкил этса, руҳий беморлар 8 нафар, неврологик 4 нафар, онкологик касаллик билан 3 нафар, буйрак касаллиги билан 3 нафар, ревматалогия 3 нафар, эндокрин касалликлари эса 3 нафар эканлиги қайд этилган.

– Болалар орасида туғма ногиронлик биринчи ўринда бўлганлигининг сабаби турлича бўлиши мумкин. Қариндошлар ўртасидаги никоҳ, экология билан боғлиқ муаммолар, аёллар орасида ЭГК — эгтрогентал касалликлар, соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик оқибатларида келиб чиқиш эҳтимоли юқори, — дейди Дилором Хулойқулова.
Шифокор томонидан келтирилган бу фактлар бизни айни кунда ногирон фарзанди бор оналар ҳолати билан қизиқишга ундади.
Ҳеч бир она фарзандининг ногирон туғилишини истамайди. Шундай оналар борки, тақдирига битилган ярим хаста фарзандини менинг синовим, дея қабул қилиб ўша ногирон фарзандига бошқаларга нисбатан икки карра кўпроқ меҳр кўрсатишга қодир.

Биз бу сафар ёритмоқчи бўлган қаҳрамонимиз бошқа аёллар каби оддий аёл, лекин сабр-матонатда тенгсиз.
Барчиной Эргашхўжаева. Бу аёл тақдир синовларига бардошли, ёритса, ўрнак кўрсатса арзийдиган меҳрибон она. 23 йилдан буён ўз қаровига муҳтож бўлган қизига керагидан ортиқ оналик қилаётган аёл.
Уйга шошиб борар экан, уйда кутаётган дилбандлари кўз олдидан ўтар, уларни хурсанд қилиш учун, яхши едириш, кийинтириш учун тинимсиз меҳнат қилар, ҳатто иш тугагач ҳам чарчоқларни ҳис қилмас, фақатгина яна бир осуда куни учун қалбида шукроналик билан фарзандлари бағрига шошилар эди.
23 ёшга кирсада, унинг меҳри ва қаровига муҳтож бўлган фарзанди, қизини жони дилидан ортиқ кўрар, ҳаттоки умр йўлдоши ҳам бирор марта менга шунақа фарзанд туғиб бердинг, дея юзига солмаган, ўғилларига ҳам онанг ва опангни хафа қилмаларинг, улар нимани исташса, муҳайё қилинглар, дея таъкидлаганини, ҳозир умр йўлдоши ёнида бўлмасада, тириклик чоғидаёқ мендан кейин ҳам опангни ногирон деб беҳурмат қилманглар, деганларини гапириб бериб, улар яхши инсон эди, дея оиласи суянчи бўлган фарзандларининг отасини чуқур бир қайғу билан эсга олди.
Оиласидан кўнгли тўқ, қизи билан бирга меҳмонга боришни яхши кўриши, лекин ҳаёти давомида истамаганлари бўлгани, аёл учун бу ҳолатлар ҳеч нимани ўзгартирмагани, аксинча, қизини қабул қилмаганлар сафидан ўзини ҳам тортгани, қизи касаллиги сабаб жуда кўп нарсадан маҳрум қилингани, илгари шундай туғилганидан кўп бора нолиган бўлсада, ҳозир анча улғайиб қарашлари ўзгарганини таъкидлади.

  • Аллоҳим берган икки суянган тоғим — ўғилларим бор. Улар менга ҳақиқий ёрдамчи. Опасини энг яқин тушунган жигарлари.
    “Ойижон мендай ногирон болангиз борлигидан афсусланмайсизми, уялмайсизми, дея бир неча бор сўраган қизим мендан доим “йўқ, асло”, дея бир хил жавобни олган.
    Қизим доим «Она, мен чин дунёда икки оёқда юраман, жаннатларда яшайман, сизни ҳам ўша жаннатларга олиб кираман. Сиз дунёдаги энг яхши онасиз», дейди.
  • Бу гаплардан кейин боламга минг карра меҳрим товланиб кетади, — дейди Барчиной опа.
    Боласи билан йиллар давомидаги ўзгаришларни, у чекаётгани ғамни ҳам, оғриқларни ҳам у билан тенгма-тенг тортиб келаётган она белида касаллиги бўлсада, лекин ўзи мустақил ҳаракатлана олмайдиган боласига бу дардини билдирмаган ҳолда унга доим ёрдам беради, дардига дармон бўлади. Ҳаёти давомида бир кимсага оғир гапиришдан йироқ бўлган Барчиной опанинг бошидан ўтганлари аслида бир достонлиги маълум бўлса-да, улар бу ҳақда гапиришни ўзларига лозим кўрмадилар. Фақат яхши нарсалар, яхши кунларни эслашни хоҳлади. Ҳар бир саволимизга ижобий жавоб беришга ҳаракат қилар, одамлар, дилини оғритганлар ҳақида ёмон сўз айтишдан ўзини тиярди.
    Барчиной опа шаҳримиздаги айрим аёллар каби бу ҳаёт синовларига тик туриб жавоб бера олаётган, бировнинг эшигига оч қолсада, пул сўраб бормаган, аксинча, ишсиз вақтида ҳам ўзи учун кунлик ишлар топиб, ишлаб дилбандларини ҳалол ризқ билан катта қилаётган аёл.
  • Яхши, саховатпеша инсонлар кўп, давлатимиз томонидан ҳам кўп бора моддий ёрдамлар берилиб келинмоқда. Бунинг учун ҳаммаларига раҳматимни айтаман. Мендан ҳам биринчи шундай инсонларни қизим узундан узоқ дуо қилади. Шундай инсонлар орамизда борлиги учун, меҳр-мурувватдан йироқ бўлмаган инсонлар доим қизим ва оиламизнинг дуосида,- дея сўзларига якун ясади Барчиной опа.

    Дилдора АбдураҲмонова

    МАВЗУГА ОИД

    ҚУРИЛИШЛАР ҚУСУРСИЗМИ?

    admin

    ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯ:ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШИ БЎЛИБ ҚОЛАДИ

    admin

    2023 йил 1 майдан

    admin

    Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг VI ЧАҚИРИҚ 54-сессияси

    admin