Image default
Адлия саҳифаси

ЯНГИЛАНАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯДА ДАВЛАТ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ, ПЕНСИЯ, НАФАҚА, ИШ ҲАҚИ ТИЗИМИ

Бундан сал кам бир йил олдин Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги билан табриклаш тантаналарида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини янги таҳрирда қабул қилиш таклифини илгари сурган эди. Жорий йилнинг 25 июн куни “Бу менинг Конституциям” порталида конституцияни ўзгартиришга оид қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун ўзбек ва рус тилларида эълон қилинди. Лойиҳа Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда бир овоздан қабул қилинган эди. Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича 46 кишидан иборат конституциявий комиссия бир ой ичида ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқди. Портал орқали фуқаролар ва ташкилотлардан 60 мингдан ортиқ таклифлар қабул қилиб олинди.

Янгиланаётган Конституцияда давлат ижтимоий ҳимояси, пенсия, нафақа, иш ҳақи тизимининг мустаҳкамланиши назарда тутилган. Жумладан, янгиланилаётган Конституцияда ижтимоий ҳимояга оид моддалари қуйидаги тарзда ифодаланиши белгиланмоқда.

37-модда. Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз  ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши керак.

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.

Жазони суднинг ҳукмига кўра ўташ тартибидан бошқача тартибдаги мажбурий меҳнат ёки қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардаги мажбурий меҳнат тақиқланади.

Мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

38-модда. Ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эга.

Ёлланиб ишлаётган фуқаролар дам олиш ҳуқуқига, дам олиш  ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.

39-модда. Ҳар бир шахс қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, ишсизликда, ногиронликда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда  ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратади, давлат пенсияларини, нафақаларини ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилайди.

Пенсияларнинг, нафақаларнинг, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.

Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун зарур тенг шароитларни яратади.

Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, ҳисобга олмаслик, четлатиш, чеклаш ёки ортиқча ён босиш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг обектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланади.

40-модда. Ҳар ким соғлиғининг муҳофаза қилиниши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шартшароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради.

Давлат барқарор ривожланиш принсипига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.

Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради.

Хулоса қиладиган бўлсак, янгиланаётган Конституцияда давлат ижтимоий ҳимояси, пенсия, нафақа, иш ҳақи тизимининг кафолатлари янада кенгайтирилмоқда.

А.Умаров,

шаҳар адлия бўлими бошлиғи.

МАВЗУГА ОИД

ТАРИХ СЎЗГА КИРГАНДА…

admin

КОММУНАЛ ХИЗМАТЛАР БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ

admin

Томорқа ер эгаларига кредит ажратилади

admin

«ОЛТИН» ВА «МЕҲР» ДАФТАРЛАРИ УЛАР ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

admin