Image default
Жамият

«ОЛАВЕРИНГ, ҚАШШОҚЛАШИБ ҚОЛМАЙМИЗ»

Туғилиб ўсган маконим Пискент туманидаги машҳур қишлоқнинг мўжаз маҳалласи, мен у қишлоқдан аввал ўқиш, кейин иш деб бир муддат узоқлашдим. Сўнгра эса тақдир битиги сабаб қишлоқдан шаҳарга бутунлай кетдим. Қизиғи шундаки, салкам 20 йилдан ошиқроқ вақт ўтибдики, қишлоқдаги муаммолар ортса ортдики, асло камаймади.

Нафақат шаҳримиз, балки республикамиз бўйлаб катта муҳокамаларга сабаб бўлаётган, электр, газ билан боғлиқ муаммолар бу қишлоқни ҳам четлаб ўтмаган.

Таппи ўтин ва кўмир ёқаётган кўча аҳолиси. Ҳали мактабга бормаган болакайлар ота-онасига ёрдам сифатида таппи-ю ўтинларни челакларда уйга олиб кирар, уй иситиш учун катталар уни печкага қалашар, энг қизиғи худди шу ишларни 30 йиллар муқаддам биз ҳам қилар эдик.

Яхшиси, Кўлота маҳалласининг Жарқишлоқ кўчаси аҳолиси, у ердаги ҳаёт ва айрим рақамларга эътиборингизни қаратсак.

Бугунги кунда бу кўчада 42 та хонадон, 200 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бутун республикага «Қирққиз» зиёратгоҳи билан машҳур бўлган қишлоқнинг биргина шу кўчаси шу вақтга қадар газлаштирилмаган. Аҳоли қишнинг изғиринли, совуқ кунларида печкаларга ўтин, таппи ва кўмир қалашиб, уйларини иситишади. Яқин йиллардан бери пропан газ сотиб олишиб, овқат ва чойларини ўша газдан фойдаланган ҳолда тайёрлашади.

У ердаги хонадонларнинг кўпчилигида 2 ва 3 рўзғорли оилалар бўлиб, бу дегани ҳар бир хонадонда камида 3 ёхуд 4 та печка ўрнатилади дегани. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 4 та печка учун 4 тонна кўмир уч ойга етмайди.

 Куни кеча мен меҳмон бўлган хонадон соҳибининг таъкидлашича, бугунги кунда бир тонна кўмир нархи 300 000 сўмдан сал ошар, кўмирни олиб келиш учун 400 000-500 000 сўм атрофида машина кира қилишиб, Нурафшондан кўмир олиб келишар, лекин кўмир ҳам чекланган миқдорда тарқатилгани боис қўшимча сифатида ўтин ҳам тайёрлашар, ўтган йилгидан қолган кўмир қолдиқларидан тезак тайёрлашар экан.

Овқат ё чой қайнатиш масаласида ҳам кўча аҳли анча тежамкор. Сабаби пропан тўлдирилган битта газ балон тежаб ишлатилганда бир ойга етади. Кўча аҳолиси учун эса 40-45 кун деганда газ балон олиб келиб беришар, уни аҳоли 23000 сўмдан сотиб олишади.

Бу сатрларни ўқиб, арзимаган пул кетаркан ёхуд бу қишлоқнинг шаҳарга нима алоқаси бор экан деб ўйлаётгандирсиз.

Аслида бу қишлоқ шаҳримизнинг ёнгинасида жойлашган. Ва бугун шаҳримиз аҳолиси газ босими кам, иссиқ сув илиқ, электр тез- тез узилаяпти деган важлар, фақат бизда эмас бутун республика бўйича долзарблиги, ҳамшаҳарларимизнинг бугунги ҳаёти биз келтириб ўтган кўча аҳолисидан ҳаминқадар яхшироқ эканлигини солиштиришса.

Маълумот ўрнида эса яна рақамларга тўхталамиз. Шаҳримиздаги коммунал соҳа вакиллари иссиқлик манбаи, электр ҳамда газ таъминоти корхонаси томонидан берилган айрим рақамларни келтириб ўтмоқчимиз.

Чунки бу уччала корхонанинг фаолияти бир-бирига узвий боғлиқ.

«Айб фақат бизда эмас…»

Газ босимнинг пасайиши ёки электр таъминотидаги узилишлар иссиқлик тизимига бевосита таъсир кўрсатади.

Мамлакатимиз ҳудудларидаги электр таъминотидаги узилишлар ёки газ босимининг пастлиги иситиш сифатига ҳам таъсир қилмай қолмайди.

Маълумотларга кўра, вазирлик тизимидаги қозонхоналар жами 495 тани ташкил қилиб, шундан 492 таси мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда иш фаолиятини давом эттирмоқда. Тошкент вилоятидаги айрим қозонхоналарда газ босимининг меъёрда бўлмаганлиги боис истеъмолчилар белгиланган параметрлардан паст кўрсаткичда иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминланмоқда. Газ босимининг етарли эмаслиги эса қозонхоналарнинг автоматик тарзда ўчишига сабаб бўлади.

“Олмалиқ иссиқлик манбаи” МЧЖ корхонаси тақдим этган маълумотларига кўра, бугунги кунда МЧЖда 168 нафар ишчи-ходимлар ишлайди.

Корхона томонидан жами 14725 нафар аҳоли, 70 та бюджет ташкилотлари, 379 та бошқа корхоналар билан шартномавий муносабатлар йўлга қўйилган. Ҳозирги кундаги тариф бўйича аҳолига иситиш тизими учун 1м2 — 103 сўм, 04 т иситиш даври мобайнида иссиқ сув 1м3-4188 сўм (ҳисоблагич борлар учун), ҳисоблагичи йўқларга киши бошига 23 362.5 сўм бир ойга белгиланган тариф асосида ҳисобланади. Совуқ кунларда Иссиқлик манбаи ходимлари учун иш тақсимоти хар куни эрталаб соат 7:00 дан 4 сектор кесимида иш тақсимланиб, корхонага келиб тушган мурожаатлар асосида тегишли мутахассисларга топшириқлар берилади.

Ҳозирги кунда республика бўйлаб газ босими тушиб кетганлиги, бу эса шаҳардаги иситиш ва иссиқ сув тизимидаги сувнинг параметрлари тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. Газ босими тушганлиги муносабати билан марказий иссиқлик электр станциясида иситиш тизими ва иссиқ сувнинг параметрларини кўтариш юзасидан қўшимча ёнилғи тури захираларидан фойдаланиб келинмоқда (кўмир ва мазут). Ҳозирги кунда шаҳарнинг иситиш тизимида тармоқ сувининг сарфи ёзги мавсумга қараганда 2-3 баробарга ошган ўртача соатига 3500 минг тонна иссиқ сув шаҳар аҳолисига етказиб берилмоқда. Бу катта миқдордаги сувни қиздириш учун юқорида айтилиб ўтилгандек, табиий газнинг босими тушганлиги асосий сабаблардан бири деб кўрсатилмоқда, — дейди “Олмалиқ иссиқлик манбаи” МЧЖ бошлиғи Илҳом Эргашов.

«Олаверинг, қашшоқлашиб қолмаймиз»

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги барча минерал ресурсларнинг деярли учдан бир қисмига эга ва газ қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи йигирматта мамлакатларидан бири ҳисобланади. Газета.уз ни МДҲ давлатлари манбасига асосланиб берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ-апрел ойларида Ўзбекистон Хитойга 132,8 млн долларлик табиий газ етказиб берди. Натижада мамлакат Хитойнинг газ импортёрлари орасида кучли бешликка кирди. Бундан ташқари Хитой Туркманистон, Россия, Қозоғистон ва Мянма давлатларидан ҳам суюлтирилган газни харид қилади. Хитой импорт қилган газларнинг 60 фоиздан кўпроғини ҳар хил хом ашё ишлаб чиқаришга ишлатади.

Шуни айтиш жоизки, айни кунда шаҳар бўйича жами 52 та МФЙ бўлиб, барча МФЙ хонадонлари газ тармоғига уланган, шаҳарда суюлтирилган газдан фойдаланувчилар йўқ. Яъни, юқорида келтириган кўча аҳолисидек пропандан эмас, биз табиий газдан фойдаланамиз ва босим камайиш ҳоллари кузатилсада, буткул ўчиб қолиш ҳолатлари кузатилмаяпти. Шаҳримизда жами 36649 та табиий газ истеъмолчилар бўлиб, ҳовли уйлар 11900 та, кўп қаватли уйлар 24749 тани ташкил қилади. Ҳозирги кунда шаҳар аҳолиси 1м3 газ учун 380 сўм миқдорида тўловни амалга оширишади. Айтаётганларимиз айнан газ билан боғлиқ экан, айни совуқ кунлардаги метан газ ва бензин билан боғлиқ ҳолатларга ҳам қисқача тўхалсак. Бугунги кунда нефть 1,5 баробарга арзонлашди. Бизда эса нефть ошганида бензин нархлари ҳам оширилади. Нархи туширилганда ҳам республикамиздаги нархлар асло тушмайди. Ҳозирда АИ-80 бензин нархи ёзда кўтарилганидан бери ўзгармай қолган 6 800 сўм. Агар бизда бозор иқтисодини ҳисобга оладиган бўлсак, туширилган нефт нархига кўра бензин нархи 4 500 сўмга арзонлаган бўларди.

Эслатиб ўтамиз, 1 литр бензин 1,313 м.куб табиий газ эквивалентига эга.

Жинчироқларнинг вақти ўтдими?

Газ, иссиқ сувни айтдингиз, электр таъминоти нега яхшимас деганларга айтар гапимиз, қачонки газ босими меъёрда бўлса, электр ва иссиқлик манбаи анча барқарорлашади. Чунки газ бўлмаса, одамларнинг электр воситаларидан кўпроқ фойдаланиши оқибатида шундоқ ҳам эскириб бораётган электр узаткичларнинг кучи катта кучланишга бардош беролмайди.

Шу ўринда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг энерготаъминотдаги узилишлар юзасидан берган изоҳидан:

“Бизнинг вазифамиз – одамларимизни хонадонида газ билан таъминлаш, шунингдек, табиий газ ёрдамида иссиқлик электр станцияларида электр энергия ишлаб чиқариб, электр энергия етказиб беришдир.

Тўғри, эътирозлар бор. Ҳаммага ҳам етиб бормаяпти, жуда кўп ўчишлар бўляпти. Биз буни тан оламиз, ҳеч ким инкор этмаяпти. Шу об-ҳаво шароитида режали чекловлар киритган ҳолда [вазиятдан] чиқиб кетмасак, эртага бундан-да жиддийроқ талафот бўлиши мумкин. Шунинг учун бундай кескин чоралар кўришга мажбурмиз».

 Газ босими ва электр таъминотидаги мавжуд муаммолар эса иссиқлик манбаини ишини ҳам кўпайтиради.

Шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбарининг таъкидлашича, айни кунда корхонада жами 77 нафар ишчи ва ходимлар бўлиб, шулардан 18 нафари техник мухандислар ва 59 нафари ишчилардир. ШЭТК билан электр энергиядан фойдаланиш мақсадида 39314 та истеъмолчи шартнома расмийлаштирган бўлиб, булардан 37632 нафари аҳоли ва 1682 таси улгуржи истеъмолчилардан иборат. Шартнома расмийлаштирилган жами истеъмолчиларга бир ой давомида тахминан 206,526 млн. кВт.с яъни 164,109 млрд.сўм миқдорида электр энергия етказиб берилади. Шундан ахолига 4,358 млн.кВт.с 1,285 млрд.сум ва улгуржи истеъмолчиларига 202,164 млрд.кВт.с 162,822 млрд.сўм электр энергия истеъмоли ташкил килади.

Шаҳар бўйича ШЭТК ходимлари 4 та нимстанция, 110 кВ.ли тармоқдан 151,161 км; 35 кВ.ли тармоқдан 24,85 км; 6 кВ.ли тармоқдан 163,39 км, шундан 69,99 км ҳаво линияси ва 93,4 кабел линиясига ҳамда 0,4 кВ.ли тармоқ 514,26 км, шундан 392,86 км ҳаво тармоғи ва 121,4 км кабел тармоғига хизмат кўрсатади. Ёғингарчилик бўлган вақтларда корхона ишчи-ходимларига иш вақти икки барарвар кўпаяди, уларга қўшимча таътил кунлари берилади.

Авариявий ўчишларни олдини олиш мақсадида ШЭТК томонидан тезкор диспетчерлик гуруҳига қўшимча қилиб махсус навбатчилик гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ушбу гуруҳ томонидан юзага келган авариявий ўчишларни бартараф этиш учун иш олиб боришади. Шаҳар электр тармоқларида носозликларни келиб чиқиш омилларидан бири газлаштирилган шаҳар бўлишига қарамасдан, истеъмолчилар томонидан иситгичлардан кўп фойланишлари ва электр энергияни фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаслигидир, — дейди ШЭТК раҳбари Мурод.

Дилдора Абдурахмонова.

МАВЗУГА ОИД

“СИҲАТ САЛОМАТЛИКСТРОЙ” БСК ЎТГАН ЙИЛИ ҚАНДАЙ ИШЛАДИ?

admin

ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТИ СЕНАТДА

admin

“АММОФОС-МАКСАМ” АЖ БОШҚАРУВ РАИСИ АКОБИР ТУРСУНОВНИНГ КИМЁГАРЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ
БИЛАН СОҲА ИШЧИ-ХОДИМЛАРИГА ЙЎЛЛАГАН
БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

ҚЎЛИМ БИЛАН БЕРИБ, МИБ ОРҚАЛИ УНДИРДИМ!

admin