ФЕРМА
Ҳаёт гўзал, яшаш яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши…
Катта фермер хўжалигининг чекка молхонасида тинч-тотув яшаётган бир хўроз ота уйини янгидан қуришни хаёл қилибди, лекин топган пули оиласидан ортмасди. Хўроз шу мақсад билан қўшни чўчқа фермер хўжалигига жўнаб кетди. Хўрознинг иши беш бўлиб чўчқалар билан чиқишиб уйига ҳар ой пул ва рўзғор учун керакли буюмлар жўнатарди. Хўрознинг хотини товуқ олий маълумотли жўжа тарбияловчи бўлиб, жўжахонада дарс берарди. Бобо хўроз ва Буви товуқ нафақага чиққан бўлиб набираларини тарбияси билан шуғулланиб, ҳаёт тажрибалари билан ўртоқлашиб, турмушлари давомида содир бўлган қизиқарли воқеаларни сўзлаб беришарди. Кунларнинг бирида ҳамма уйқуда пайти Буви товуқ шовқиндан уйғониб кетди, катагидан чиқиб ён атрофга қулоқ солди, товуш келинининг катагидан келяпди. Буви товуқ чироқни ёқди чироқ ёнмади, «Ярим тунда чекка молхонада электр токи адашиб юрсинми ахир…» ўғли жўнатган тунги чироқни ёқди ва келиннинг хонасини очди, не кўз билан кўрсинки келини бегона бир курка билан «дон олишиб ўтирибди» набиралари эса ширин уйқуда… Буви товуқ бор овози билан қичқирди, бегона курка шошганидан буви товуққа ташланиб патларини юлиб бир икки марта тепиб чўқиб олди ва жуфтакни ростлади. Бобо хўроз югуриб келди қараса кампирининг патлари тўзғиб ҳушидан кетган бир аҳволда ётибди. Бобо хўроз тез ёрдамга телефон қилди, гўшакни Тошбақа кўтарди. Бобо хўроз манзилни тушунтириб зор ёлвориб тезроқ келишларини сўраб илтимос қилди. Тошбақа эса машинасининг бензини йўқлигини, агар 20 литр бензин топиб берса бориб олиб келамиз, лекин яна бир жойи йўлларнинг “жуда чиройли” қилиб таъмирлаганлигидан кечқурун машина ҳайдаганда кўзларимиз қамашиб машинани 30 тезликдан ошира олмаймиз. Шунга 1 соат вақт кетади бизни кутинг хўроз ака ёки ўзингиз олиб келинг, дебди. Бобо хўрознинг жаҳли чиқиб ҳаммасини ота бобосини эслаб “дуо” қилибди. Бобо хўроз ўзининг “запарож” русумли автомабилини миниб, шифохонага йўлга тушди.
Катта йўлга чиққанида ЙПХ ходими бўлган олмахон дарахтнинг орқасига беркиниб турган экан, югуриб чиқиб машинани тўхтатди. Ҳужжатлардан ҳеч қандай камчилик топа олмагач, хўроз бобо нега маскасиз юрибсиз ҳозирги кунда фермер хўжалигимизда кўршапалаклар вирус тарқатган бўлса, ҳамма карантинга олинган бўлса, сиз нега маскасиз ҳаракатланиб юрибсиз? Бобо хўроз бўлган воқеани айтиб бериб, кампирини кўрсатди. Олмахоннинг раҳми келиб бобохўрозни қўйиб юборди. Бобохўроз шифохонага етиб келди, тулки ва бўри ҳамширалар югуриб чиқиб кутиб олишди. Бойўғли навбатчи шифокор экан, керакли муолажаларни қилиб, буви товуқни ўзига келтиришибди. Бир икки кун даволанганидан сўнг кетадиган пайти катта шифокор Лаққа буви товуқнинг ёнига келиб, бувижон, мана соғайиб кетдингиз хурсандман, назрини берсангиз. Энди сизга бир фотиҳа берсам, ўзи мен шифокорчиликдан сўнг, имомлик ҳам қилиб ҳаммага фотиҳа бераман, деб назрини олиб фотиҳасини берибди. Уйига келишса, беҳаё келини уйда юрибди. Буви товуқнинг жаҳли чиқиб бир икки марта чўқиб олибди, асабийлашганига яна мазаси қочибди, воқеа жойига молхона нозири айиқполвон етиб келибди, бўлган воқеани бобо хўроз сўзлаб берибди. Айиқполвон чуқур хўрсиниб ўйга толди.
Ахир унинг келини олий маълумотли тарбиячи бўлса, унинг қўлида тарбияланаётган жўжачаларнинг тарбияси қандай бўлади энди? Қандай қилиб унинг жўжалари маҳаллада бош кўтариб юради? Эри-чи? Шунақа ишни қилишга нима мажбур қилди экан? Балки, эри қўшни фермага кетганлигидандир? Йўғ-эй, фермада фақат унинг эри эмас-ку, бошқаларники ҳам кетган-ку… Шунақанги саволларни миясида айлантириб, ўйлаб ўйига етолмай айиқполвон уйига равона бўлди…
Суҳроб Саидов,
ЎзЖОКУ талабаси.