Мени бир савол доим қийнаб келарди. Санъат соҳасида нега иқтидорли инсонлар Олмалиқда камчиликни ташкил этади?
Ажойиб тасодиф туфайли ушбу саволга жавоб топдим. Жорий йил 16 декабрь куни шаҳримизда жойлашган 2-умумий ўрта таълим мактабида Республика миқёсидаги «Ватан тараққиётига менинг ҳиссам» кўрик танловининг шаҳар босқичига таклиф этилганим фикримни ўзгартиришга сабаб бўлди. Устозимнинг тавсияси ва ўзимнинг қизиқишим билан мактаб томон йўл олдим. Танлов ўтказилаётган залда юзга яқин иштирокчилар жам бўлишган, барчасининг кўзи ёниб турибди.
Ёшлар танловнинг илк шартида «Адабиёт ва публицистика» йўналишида ўз ижод маҳсуллари билан томошабинларни хурсанд қилишди. Катта қизиқиш билан кузатганим иккинчи шартда иштирокчилар «Миллий мақом ва миллий эстрада» йўналишида эса 17-мактаб мусиқа ўқитувчиси Шаҳло Абдумавлонова миллий мақомни жонли ижрода куйлагани мухлислар олқишига сазовор бўлди. Эстрада йўналишида эса 18-мактабдан келган иштирокчи Сарвиноз Хасанова танлов регламентини четлаб ўтган ҳолда француз қўшиқчиси Индира ижро этган трекни куйлади ва албатта, ортидан мақомни ҳам маромига етказди.
Учинчи шарт — «Тасвирий ва амалий санъат» ихлосмандлари ёш иштирокчиларнинг меҳнат маҳсулини юқори баҳолади. Умуман олганда яхшигина атмосфера яратилган танлов юқори суръатда ташкил этилди. Мен эса ёшлар орасида ўнлаб иқтидорларни ўзим учун кашф этдим ва уларга бу йўлда бўшашмасдан тинимсиз меҳнат қилишларини сўрайман. Иқтидор ва ўз устида ишлашнинг натижаси фақатгина ғалаба. Ғолиблар бежиз буни айтишмаган. Вилоятга йўл олган ғолибларимиз 3-ўрин билан қайтиб келишди…
Ж.Содиқ ўғли.