Image default
101 хабари

ФАРЗАНДЛАРИНГИЗ ҚОТИЛИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАНГ

Аёл бугун ҳар кунгиданда эртароқ уйғонди. Эсим қурсин, кеча нон тугаб қолгандику, болалар уйғонгунча нон пишириб қўяй, деб хамирга унаб кетди. Хамир қораётиб хаёли болаларида: Фотима Зуҳра эгизак қизлари ҳали 5 ёшга тўлмай тиллари бийрон, бирам шўх, ақлли бўлганки, ақлинг ҳайрон қолади.

Эгизакларнинг кетидан учинчи қизи Наргиз туғилди. Наргизнинг қандай уч ёшга кириб қолганини эслолмади. Қизлар бир-бирини тортиб, тез катта бўлиб қоларкан. Ўзингга шукур Худойим, деган ўйлар билан хамирнинг устини ёпди. Қизлар уйғонишига иссиқ нон ҳам пишди. Дастурхон ёзиб, нонушта қўйиб, аёл бозорга отланди. “Фотима қизим, сен сингилларингга қараб ўтир, мен тезда бозор қилиб келаман, кечга кейин биргалашиб овқат қиламиз”,-деди. Эшикни ёпиб, бир қадам юрдида яна орқасига қайтди. Совуқда ўйнашга ҳовлига чиқиб кетмасин тағин, дея эшикни устидан қулфлаб, дарвозадан чиқди. Эгизаклар билан Наргизнинг орасидаги ёш бир ёш бўлганлиги сабабли кенжа қизи нимжонроқ, сал совуққа ҳам касал бўлиб қоларди. Аёл тушликда бозордан қайтди. Қўлида икки халта оғир юк билан қулфлаб кетган эшикни очиб, уйга кира бошлади. Не кўз билан кўрсинки, Фотима Зуҳра қизлари бир-бирларининг қўлини ушлаб, кенжа қизи эса қўғирчоғини қучоқлаб, ҳозиргина ухлагандек, жонсиз ётарди… Ўқувчим, давомини ёзишга қаламим ҳам ожизлик қилмоқда.
Ушбу воқеа Наманган вилояти Норин туманида содир бўлган бахтсиз ҳодиса эди. Дарҳақиқат, дунёда ҳеч ким болам деб йиғламасин.
Азизлар, ҳақиқатан, содир бўлаётган ис газидан заҳарланиш каби бахтсиз ҳодисаларнинг кўпчилигида ўзимиз хоҳламаган ҳолда сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Барчамиз уйим-жойим, фарзандларим дея жон куйдириб, кунни тунга улаб ишламоқдамиз. Пул йиғиб, данғиллама участкалар қуряпмиз, машиналар оляпмиз, аммо биргина хонадонимиздаги иситиш газ жиҳозимизнинг созлигига ёки уни алмаштирилишига келганда бизда ҳамиша маблағ топилмайди, “ўн йилдан бери турибди-ку, ҳеч нима бўлмадику, бундан кейин ҳам туради” дея ўзимизга таскин берамиз. Аммо, бутун бир оиламизнинг, фарзандларимизнинг соғлиғи ва ҳаёти мана шу ностандарт горелкага эга бўлган иситиш газ жиҳозимизга, уй ичида жойлашган дудбурони тўлиб қолган печкамизга ёки ваннахонада жойлашган сув иситиш газ жиҳозимизга боғлиқ эканлигини ва бу каби газ жиҳозлари ҳаётимизга тўғридан-тўғри хавф солиб турганини қачон тушуниб етамиз?!
Қачон фарзандларимиз хавфсиз ва иссиқ шароитларда яшайди. Бугунги кунда, барча нарсалар инсон хавфсизлиги ва унинг чиройли турмуши учун яратилаётган бир даврда фарзандларимизнинг, ота оналаримизнинг кўринмас қотил-ис газидан ўлиб кетиши бу биз учун жуда катта уят ва мусибатдир.

Р.Абдирашидова,
ММК ва ТХ етакчи муҳандиси.

МАВЗУГА ОИД

ИЧАБНИНГ ИЧКИ ЁХБ ҚОИДАЛАРИ

admin

ЁНҒИН ВАҚТИДАГИ ҲАРАКАТЛАР

admin

ХАВФСИЗЛИК — БИРИНЧИ ДАРАЖАДА

admin

САРҲИСОБ САРАЛАНГАНДА

admin