Барчамизга маълумки, 2022 йилнинг 20-декабр куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатнома йўллади. 2 соат 25 дақиқа давом этган ушбу тадбирда давлат раҳбари кўплаб соҳалар бўйича ўз ташаббусларини билдириб, 2023 йилда амалга ошириладиган ишларимизнинг энг асосий нуқталарига аҳамият қаратди. Жумладан, Президентимиз жорий йилда юртимизда маъмурий ислоҳотлар жадаллик билан амалга оширилишини эълон қилди. Шу муносабат билан 2022-йил 21-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонга кўра, 2023 йил 1-январдан Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш тизими жорий этилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар ҳамда Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилди.
Фармонга кўра, Жорий йил 1-январдан мустақил фаолият юритувчи республика ижро этувчи ҳокимият органларининг сони 61 тадан 28 тагача, шу жумладан вазирликлар сони 25 тадан 21 тагача қисқартирилиши назарда тутилган. Вазирлар Маҳкамасида қуйидаги вазирликлар фаолият юритиши белгиланмоқда:
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги;
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги;
Табиат ресурслари вазирлиги;
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
Сув хўжалиги вазирлиги;
Рақамли технологиялар вазирлиги;
Адлия вазирлиги;
Транспорт вазирлиги;
Маданият ва туризм вазирлиги;
Мудофаа вазирлиги;
Энергетика вазирлиги;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
Ташқи ишлар вазирлиги;
Ички ишлар вазирлиги;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Бизнинг фикримизча, мазкур маъмурий ислоҳотлар юртимизда жаҳон талабларига жавоб берадиган давлат бошқаруви тизимига асос бўлиш билан биргаликда, бошқарув тизимининг ихчамлашуви ҳамда самарадорлигига катта ҳисса қўшади. Фурсатдан фойдаланиб, фуқароларимиздан мазкур ислоҳотларга бефарқ бўлмасликларини ҳамда амалга оширилаётган мазкур янгиликларни бир овоздан қўллаб-қувватлашга чақираман.
Бахтиёр Рўзиев,
шаҳар адлия бўлими инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва
ҳуқуқни қўллаш амалиётини
ўрганиш бўлинмаси етакчи
маслаҳатчиси.