Диёр Абдуқулов ҳамда Умид Нишоновлар (исм-шарифлар ўзгартирилган) анчадан буён таниш эди. Битта корхонада ишлаб, бир-бирларини яқиндан биларди. Афсуски, улар нафсига енгилганлиги туфайли, яхшигина иш жойидан маҳрум бўлишди. Шунингдек, бир умрга “ўғри” тамғасини олишди.
“Олмалиқ КМК” АЖ Мис эритиш заводининг янги қурилаётган “Сульфат кислотаси цехи” омборхонаси биноси яқинида турган, ёғоч ғалтакка ўралган, узунлиги 88м, умумий қиймати 34.523.368 сўмни ташкил этувчи мисни Д.Абдуқулов ва У.Нишоновлар талон-тарож қилишга ҳаракат қилишди.
Улар “Олмалиқмателлургқурилиш”га тегишли автокран ёрдамида мисни олиб чиқишга ҳаракат қилаётган вақтларида, 1-сонли ИИБ томонидан ашёвий далиллар ёрдамида қўлга олинди. Халқимиз “кўза кунда эмас, кунида синади” деб бежиз айтишмаган. Нафсидан устун бўлолмаган йигитларга суд ҳукми ўқилди.
Суд Д.Абдуқулов ва У.Нишоновни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,169-моддаси 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, уларга шу модда билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Ҳаром луқма билан оила боқмоқчи бўлган кимсаларда тўғри йўлга қайтиш, қилган хатоларини тузатиш учун имкон бор. Зеро, ҳалол ризқ терган инсонларда барака бўлади деб бежиз айтишмайди.
Л.Обидов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.