Image default
Таҳлил

“МИСИ ЧИҚДИ” — МИСГА АЛОҚАДОРМИ?

Мис атамаси тожик тилидан олинган бўлиб, рангли металлардан бирини англатади. Мис олина бошланган даврлардан бошлаб, ушбу металл бақир атамаси билан юритилган. Ушбу атама туркий тиллар ва уларнинг шеваларида мис, қизил мис, ҳатто бронза, латунь, мис аралашмаси (окись меди) каби маъноларни билдиради.
Оҳангарон водийсида ташкил топган Илоқ давлатида жаҳон бозори эҳтиёжлари учун олтин ва кумуш тангалар чиқарилган бўлса, маҳаллий муомала учун мис тангалар тайёрланган. Ҳозирги Оҳангарон яқинида жойлашган Хонободда Соҳибқирон Амир Темурнинг зарбхоналаридан бири жойлашган бўлиб, таркиби юқори сифатли тангалар давлат хазинасини бойитишга хизмат қилган.
Мис тангалар маҳаллий бозорларда кўп ишлатилганлигидан бақир атамаси “майда мис танга”, “кичик муомала бирлиги” маъноларини билдирган. Ўзбек тилида ушбу бирлик “пақир” шаклида келиб, икки тийинлик чақа” қийматини ифодалаган. Шу асосда кўчма маъноли “бир пақирга қиммат, ҳеч нарсага арзимайди” каби иборалар пайдо бўлган.
Ўрта асрларда ва ундан кейин йармақ (“Девону луғотит турк” асарида), ақча, пайса каби пул бирлиги (танга) муомалада бўлган. Ўрхун –Енисей ёдномаларида ағри, ағи-баргга ўхшаш қилиб тайёрланган олтин танга.
“Қадимги туркий луғат”да бақир ўлчов бирлиги сифатида тўрт граммдан камроқ ёки 0,1 унция миқдорни билдириши қайд этилган. Тошкент, Қашқадарё шеваларида пақир сўзи “мис чақа” маъносида ишлатилади.
Бақир (мис)дан турли идиш ва анжомлар ясалган: пақир (челак), мис кўвача, мис қумғон, мис қозон, мис қўшқулоқ (кастрюль), эшик халқалари кабилар. Агар уста мисдан ясалган идишларни сифатсиз тайёрлаган бўлса, иссиқ суюқлик қуйилиши билан мис эритмаси юзага қалқиб чиққан. Шу асосда халқ тилида “миси чиқди” ибораси пайдо бўлган. Бу ибора кўчма маънода алдамчилик, ёлғончилик, фирибгарликнинг фош бўлиши маъносини касб этган. Мис рангига ўхшашликка кўра планеталардан бири — Марс “Бақир соқим” деб номланган. Юпитер юлдузи — Эрантуз, Мизон юлдузи — Қорақуш, Сурайё юлдузи — Ҳулкар, Етти қароқчи — Йетикан, Қутб юлдузи — Темирқозиқ атамалари борлиқ (коинот)ни кузатиш, самовий жисмлар ҳақидаги билимларни умумлаштириш натижалари ҳисобланади.
Буюк Алишер Навоий асарларида ўн саккиз минг олам етти қават осмон каби тушунчалар ишлатилади. Ер юзасидаги маъданлар Ой ва Қуёшдан олинган:
Чарх еткурди ою кундин хишт,
Ясанур деб ер узра етти биҳишт.

Турсунали Мирзақулов,
филология фанлари
доктори, профессор.

МАВЗУГА ОИД

САРҲИСОБ

admin

Шунчаки таҳлил эмас,
бундан хулоса олиш керак, акс ҳолда…

admin

«ТЎРКУНЛАБ КЕТМОҚ» ЁКИ ТУРК, ТУРКИЙ АТАМАЛАРИ ҲАҚИДА

admin

САҲИФАЛАР БИР БЕТГА ЖАМЛАНГАНДА

admin