Image default
Суд амалиётидан

МАСТЛИКДАГИ БОШҚАРУВ БИР ОДАМНИНГ УВОЛИ

Қоидалар амал қилиш учун ишлаб чиқилади. Лекин минг афсуслар бўлсинки, бизда амал қилиш ҳолатини ҳатто қониқарли деб ҳам баҳолаб бўлмайди. Мана шунинг учун ҳам йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ нохуш ҳолатлар тез-тез учраб турибди.

Қ.Бекимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ўзига тегишли “Дамас” русумли автомобилини спиртли ичимлик таъсирида, маст ҳолатда Усмон Носир кўчаси бўйлаб ички йўл қисмида бошқариб келиб, “Жўрабек” лабораторияси биноси яқинида йўл транспорт ҳодисасини содир этди. Ҳайдовчи ҳаракатланишнинг серқатновлигини, транспорт воситасининг ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олиб транспорт воситасини белгиланган тезликдан оширмаган ҳолда хавфсизликни таъминловчи тезлик билан бошқариши керак эди. Лекин Қ.Бекимов бу қоидаларни қўпол равишда бузиб, автомобилни бошқарганлиги натижасида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги симёғочга тўқнашиб кетди. Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Ж.Олимов ва О.Юсуповлар олган тан жароҳатлари билан шаҳар Марказий шифохонаси жонлантириш бўлимига ётқизилди.
Жабрланувчи О.Юсупов шифохонада кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, шифохонада вафот этди. Судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, О.Юнусовнинг баданида бош мия очиқ жароҳати, калла суяклари кўплаб жойлари ботиб синиши, бош мияга қон қуйилиши каби тан жароҳатлари аниқлангани, бу жароҳатлар оғирлик даражаси бўйича ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши қайд этилган.
Шунингдек, судга оид тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Ж.Олимовнинг олган жароҳатлари ўртача оғир тан жароҳатлари тоифасига кириши кўрсатилган. Ҳайдовчи, яъни айбланувчи ҳам тан жароҳати олиш билан бирга экспертиза хулосасида алкоголдан мастлик ҳолати мавжудлиги аниқланган.
Суд, Қ.Бекимовга жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оилавий ва моддий шароити, фойдали меҳнат билан шуғулланганлиги, жабрланувчи ва қонуний вакилга етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, уларнинг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Шунингдек, унга шу модда билан ЖКнинг 45,57-моддаларини қўлланилиб, 2 (икки) йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Лазиз Обидов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.

МАВЗУГА ОИД

ҚИММАТГА ТУШГАН ЖАҲЛ

admin

НОТЎҒРИ ТАШЛАНГАН ҚАДАМДАН ҚАМОҚХОНАГАЧА

admin

РЕФЕРЕНДУМ 30 АПРЕЛДА БЎЛИБ ЎТАДИ. РЕФЕРЕНДУМ ЎЗИ НИМА?

admin

ҚАРЗДОРЛИКНИҚАНДАЙУНДИРИБ ОЛИШИМИЗ МУМКИН?

admin