Image default
Жамият

СИНОВЛИ КУНЛАРНИ ШАҲРИМИЗ ҚАНДАЙ ЎТКАЗМОҚДА?

Ярим тун. Соат тахминан 2:20 атрофида телефон шиддат билан жиринглади. Уйқу кучлилик қилди. Тонг отар вақти соат тахминан 4:10 лар атрофида эшик қўнғироғи яна ваҳимали жаранглади. Бир сапчиб туриб эшик ёнига югурдим. Эшикка етиб бормасимдан ташқаридаги сирена овозлари негадир юрагимга ваҳима солди. Эшик ортидан эса “Ҳурматли фуқаро, илтимос, газингизни ўчиринг, газ билан носозлик юзага келди. Яқин орада яна газ берилади хонадонларга. Ўзингизни эҳтиёт қилинг!” деган овоздан сал кўнглим хотиржам бўлди.

Билдимки, бизда совуқ кунларга қарши “уруш” бошланган. Йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларимиз бир ҳафталик совуққа чидам бермай, кўплаб носозликлар ва норозиликларни юзага келтирди. Албатта бу Республика даражасидаги муаммолар. Лекин энг ачинарлиси, бу носозликлар жабрини халқ тортмоқда. Аҳоли бутун заҳрини қуйи тизимда кеча-ю кундуз ишлаётган ходимларга сочмоқда.
Шаҳримиз мисолида ҳам газ, иссиқлик манбаи ва электр билан боғлиқ муаммоларни қониқарли деб бўлмайди. Лекин айнан шу соҳа вакиллари ҳамда шаҳар Ободонлаштириш, ИИБ ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари бу борада қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ.
Олмалиқ шаҳар ҳокимлигида 7/24 соат иш режимида мавсумни беталофат ўтказиш ҳамда вужудга келган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида узлуксиз кун-у тун фаолият юритувчи навбатчилик шаҳар штаби ҳамда шаҳар ИИБ биносида ҳар куни 24 соат коммунал ва хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан авария-диспечерлик хизмати бўйича штаб ташкил этилди.
Штабнинг асосий вазифаси – аҳолидан келиб тушадиган мурожаатларни тезкор (оператив) равишда бартараф этиш чораларини белгилаш ва амалга оширишдан иборат.
Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда электр, газ ва иссиқлик манбаи бир-бирига узвий боғлиқ, бирини ишламаслиги бошқасида муаммолар кўпайишига сабабчи бўлиши мумкин. Жумладан, «Иссиқлик манбаи»даги аҳолига етказилиши керак бўлган ҳарорат меъёр даражасида бўлмаса ёхуд газ босимининг тушиб кетиши электр таъминотидаги узилишлар сони ортишига сабаб бўлади.
Шу ўринда шаҳар Электр таъминоти корхонаси ва унда ишлаётган 18 нафар электр монтёрлари меҳнатини алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, У.Каримов, И.Мусаев, И.Абдухолиқов, Б.Қўлдошев, С.Қўлдошев, Р.Эсонбоев, О.Қаршибоев, Б.Джаназаров, Ж.Жаҳонгиров, И.Махматмуратов, Ф.Собиров, А.Саидов, О.Облоёров ҳамда Т.Абдуваитовлар навбатчилик асосида ҳамшаҳарларимизнинг қоронғида қолиб кетмасликлари ва хонадонларини электр билан доимий таъминлаш учун, совуқ демай ўз ишларини масъулият билан бажариб келишмоқда. “Ишида, вазифаси-ку” дейишга шошилманг. Бугунги синовли кунда уларнинг юкламаси икки карра ошган. Ярим кечаси хонадонларида электр узилган фуқароларнинг мурожаатлари асосида ўша жойга бориб, вазиятни ўрганиб, жойида ҳал қилиш учун улар доим шай ҳолатда. Айниқса, шаҳримизнинг 5/2 кичик ноҳияси, “Олмалиқсой”, «Тинчлик», “Дўстлик” ҳамда Қуйи терасса ҳудудларида электр узилиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Сабабини сўраганимизда, корхона раҳбари кўча совуқ, уйлар яхши исимаганлиги сабабли ҳам токли печ ишлатаётган хонадонлар сони ортиб кетгани, 1 кВ ишлатилиши керак бўлган жойда 6 кВ гача электр сарфланаётгани, натижада кабелларда кучланиш ортиб, бу босимни кўтара олмаётганлигини таъкидлади.
Куни кеча ҳам Ш.Рашидов, Улуғбек кўчаларидаги кабеллар янгисига алмаштирилди. Корхона раҳбари М.Юсупов бундай шароитда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб бирлашиши, бир-бирларига ҳурматда бўлишлари, электр фойдаланувчилари фақат ўз манфаатлари учун эмас, ҳамма бирдек истеъмолчи эканлигини ҳисобга олиб, бошқаларни ўйлаган ҳолда электрни тежаб ишлатишини, айниқса тадбиркорлар совуқ кунларда рекламаларидаги ёритгичларни ўчириб, энергияни сарфи камайишига ҳисса қўшишлари лозимлигини эслатиб ўтдилар.
«Олмалиқ Иссиқлик манбаи” МЧЖ раҳбари Илҳом Эргашев ҳам бунақа совуқ кунлар ҳаммани бирдек оёққа турғазгани, бу борада корхонаси ҳам туну-кун хизматда эканлигини таъкидлади. Мурожаатлар кўплигини инкор қилмаган ҳолда аҳолини огоҳликка чақирди. Яъники, аҳоли учун хизмат кўрсатувчи БСК ва ХУЖМШларнинг ўз ишларига масъулиятсизлик билан қараганликлари оқибатида, хонадонларда иситиш тизимлари жуда паст даража кўрсатаётгани, кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмларидаги қувурлари диаметри стандартга жавоб бермаслиги, шунга қарамай корхона томонидан газ билан бирга мазут ва кўмир ёқиб, имкон қадар иссиқлик тизимини етказиб бериш чоралари кўрилаётганини таъкидлади.
Шаҳримиздаги кўп қаватли уйларни БСК, ХУЖМШлар тасарруфидаги кўп қаватли уйларни иситиш мавсуми тугагандан сўнг куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан чора-тадбирлар режаси тузиб, ушбу режага асосан иш юритмаган. Ўрганишларимиз давомида кўп қаватли уйларнинг ички иссиқлик тизими муҳандислик қувурлари босим остида ювиб текширилмагани ва жорий таъмирлаш ишлари амалга ошириш учун ишчи гуруҳлар ажратиб, уларнинг вазифалари аниқ белгиланмаганлиги, мавсумга тайёрлиги ҳақида далолатномалар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмларини ўрганиш шуни кўрсатдики, улардаги мавжуд элеваторлар аянчли аҳволга келган, бузиб ташланган. Улардаги қулфлар, иссиқ сув босимини ўлчовчи асбоблар ва бошқа агрегатлар ечиб олинган. Уларнинг ўрнига иссиқлик энергиясини етказиб бериш технологияси талабларига умуман жавоб бермайдиган, элеватор функциясини бажариш имкониятига эга бўлмаган пластик қувурлар ўрнатилган. Тизимни реконструкция қилиш ишлари лойиҳалаштирилмаган, корхонамиз билан келишилмаган. Баъзи уйларнинг ертўла қисми санитария талабларига жавоб бермайди, ахлат, турли чиқиндилар билан тўлдирилган. Эскирган тик қувурлари алмаштирилмаган. Юқоридаги камчиликлар сабаб, ҳозирда иситиш таъминотини сунъий равишда иссиқлик энергиясини айланма ҳаракатини таъминлаш мақсадида оқова қувурларига оқизиш ҳолатлари (сливлар) аниқланмоқда. Ушбу ҳолатлар иссиқлик тармоқларида гидравлик тартиб(режим)ни бузилишига олиб келмоқда ва ушбу ҳудуддаги бошқа уйларнинг иссиқлик таъминоти ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.
Баён этилганлар асосида БСК ва ХУЖМШ мутасаддиларидан уйларнинг ички иситиш тизимини тартибга солишингиз, уларнинг лойиҳавий техник ҳолатини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштиришингиз шартлиги ҳақида таъкидлаймиз, — дейди И.Эргашев.
“Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ Олмалиқ шаҳар бўлими Жамшид Абдугаппаров эса шаҳримизда газ босими меъёрида эканлиги, аҳоли томонидан газ бўйича мурожаатлари деярли йўқлиги, фақат шаҳримизнинг қуйи қисми бўлган “Бўстон” маҳалласининг Бобур, Уйғун ҳамда Маматқулов кўчалари газ қувурларининг охирги нуқтаси бўлганлиги боис, босим пастлиги, айни кунда эса улар ҳам саноат зонасидаги газ қувурларига уланганлигини айтиб ўтди.
Шу жойига танқид қилса арзигулик мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин бу совуқда 7/24 режимда ишлаётган меҳнаткашларнинг айби билан эмас. Бошида айтганимиздек муаммоларнинг ечимини фақат “юқоридагилар” бера олади. Шундай экан, синовли кунларда биз учун ишлаётган ходимларни фақат дуо қилиб қоламиз.

Дилдора
Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

ЯНГИ ЗАМОН –ЯНГИЧА ҚАРАШ

admin

Мен донорман

admin

ШАҲРИМИЗДА ЯНА БИР ЯНГИ МЕҲМОНХОНА ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

admin

AССАЛОМ, НАВРЎЗ — ЯНГИЛАНИШ, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ҚАДР-ҚИММАТ АЙЁМИ!

admin