Жамиятимизда ҳеч бўлмаса умрида бир маротаба алимент сўзини эшитмаган одам топилмаса керак. Хўш, ўзи алимент сўзи қандай маънони англатади? Алимент тўлашдан бўйин товлаш қонунчилигимизга мувофиқ қандай жавобгарликка сабаб бўлади? Шулар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимизни келтириб ўтишни мақсадга мувофиқ ҳисобладик.
Алимент (лот. алументум — қарамоғидаги, боқимидаги) — бир шахснинг бошқа шахсга мажбуран ёки ихтиёрий равишда тўлайдиган нафақаси. Алимент тўлаш мажбуриятлари асосан никоҳ, қариндошлик, ота-она, фарзандлик, фарзандликка олиш, болаларни тарбияга олиш натижасида келиб чиқади. Оила кодексининг 96 ва 97-моддаларида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглиги белгиланган.
Сўнгги йилларда кўча-кўйда, маҳаллада, ижтимоий тармоқларда ота(она)ларнинг алимент тўлаш мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлик ҳолатларига кўп бора гувоҳ бўламиз. Шундай вазиятларда қонунчилигимизда қандай жавобгарликлар белгиланган? Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 79-80-моддаларида ота-оналар ўз ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа суд уларни ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этиши мумкинлиги, суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда боланинг таъминоти учун ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онадан (уларнинг биридан) алимент ундириш масаласини ҳал қилишлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, — ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши, биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 122-моддасида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, ўша қилмиш хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, — икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши, агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.
Хулоса қиладиган бўлсак, юқорида алимент тўлашдан бўйин товлаш маъмурий, ҳатто жиноий (маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилган бўлса) жавобгарликка сабаб бўлишлиги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан таҳлил этилди. Шунинг учун фуқароларимиздан жавобгарликка тортилмасликлари учун алиментларни ўз вақтида тўлашларини ҳамда мазкур тўловлардан бўйин товламасликларини сўраб қолган бўлар эдик.
Бахтиёр Рўзиев,
шаҳар адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси.