Image default
Жамият

ТЮТОР, ТАЛАБА ВА ТУРАР ЖОЙ — БАРЧАСИ РАҚАМЛАРДА

Йўловчи ташувчи транспортда бир қиз ТДТУ Олмалиқ филиали яқинига келганда ҳайдовчига “шу атрофда сақлаб кетинг” дея мурожаат қилди. “Сақлаб кетинг” дея ўз шевасида ҳайдовчига мурожаат қилган талабанинг бу гапига бошқа йўловчилар қатори мен ҳам ҳайрон бўлган эдим. Лекин йиллар давомида шаҳримиздаги ТДТУ Олмалиқ филиалига республикамизнинг барча вилоятларидан келаётган талабалар ва уларнинг шеваларига шаҳар аҳолиси кўникди.

Бугун шаҳримиз кўчаларини тўлдириб юрган бу талабалар учун филиалда қандай шароитлар яратилмоқда, умуман филиалда амалга оширилаётган ишлар ва тюторлик фаолияти тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида бугунги кунда 3 та — Кончилик иши, Металлургия ва кимёвий технология ҳамда Энергетика ва машинасозлик факультетлари, 12 та кафедра фаолият юритади. 5000 нафардан зиёд талабага 157 нафар профессор-ўқитувчи таълим бераяпти, улардан 6 нафари фан доктори, 40 нафари фан номзоди. Шунингдек, ўтган ўқув йилидан филиалда 11 нафар тюторлар ҳам ўз фаолиятларини бошлашган. Тюторларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор?
Мазкур фаолиятнинг мазмун-моҳияти қанақа, унинг талабалар ҳаётидаги аҳамияти, фойдали жиҳатлари қандай?
Тютор — талабаларнинг шахсий ривожланишига, университет, республика ва халқаро миқёсдаги танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашувчи инсон бўлиб, у йигит-қизларни касбга йўналтириш, Ватанга муҳаб- бат руҳида тарбиялаш, турли илмий тўгаракларга жалб этиш ҳамда муаммо ва камчиликларини ўрганиб, уларга атрофлича ечим топиш билан шуғулланади. Улар асосан маънавий-маърифий ва аҳлоқий-тарбия, ўқув ва ўқув-услубий ҳамда илм-фан, инновацион ва илмий-тадқиқот йўналишларида ўз фаолиятини олиб боради.
Эслатиб ўтиш жоизки, тюторлар фақат кундузги таълим талабалари учун бириктирилади. Хусусан, ТДТУ Олмалиқ филиалининг Энергетика ва машинасозлик факультетида тюторлар 3 нафар бўлиб, машинасозлик технологияси йўналиши тюторига 116 нафар, технологик машиналар ва жиҳозлар йўналиши тюторига 126 нафар ҳамда электротехника йўналиши тюторига 79 нафар талаба; Металлургия ва кимёвий технология факультетида 489 нафар талаба таҳсил олаётган бўлиб, уларга 4 нафар тютор; Кончилик иши факультетида ҳам 490 нафар талабага 4 нафар тюторлар бириктирилган.
Улар иқтидорли ва истеъдодли талабаларни аниқлаб, уларнинг турли танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига ҳамда талабаларнинг лойиҳа ва стартапларини амалга оширишга кўмаклашади.
Шу билан бирга тюторлар талабаларни ўйлантирадиган қатор масалалар, хусусан, талабаларни турар жой билан таъминлаш, қолдирилган дарсларни ўзлаштиришига ёрдам бериб боришади.
Филиал масъуллари тақдим этган маълумотларга кўра, бугунги кунда талабаларнинг 181 нафари Талабалар турар жойида, 387 нафари ижарада ҳамда 28 нафари қариндошиникида, қолган 779 нафари эса ўз уйидан ўқишга қатнашлиги маълум бўлди.
2022 йилда филиал раҳбарияти томонидан талабалар турар жойлари бўйича бир қанча амалий ишларга қўл урилди. Жумладан, Оҳангарон шаҳрида жойлашган “Энергетика ва машинасозлик” факультетида 1-сонли Талабалар турар жойи (210 ўринлик) ва ошхона ишга туширилди. Шаҳримизда ҳам 200 ўринлик талабалар турар жойи иш бошлаган.
2022-2023 ўқув йилида ТДТУ Олмалиқ филиалида кундузги таълим олувчи талабалар сони 1656 нафар, кечки таълим олувчи талабалар сони 800 нафар, сиртқи таълим олувчи талабалар сони 2598 нафар ва магистуратурада 21 нафарни ташкил этмоқда.
Филиал фаолият бошлаганидан буён 2та фан доктори, 16 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий ишлар ҳимояси бўлиб ўтди, 12 нафар профессор-ўқитувчи доцентлик даражасини олди. 2023 йилга яна йигирмага яқин илмий иш ҳимояси режалаштирилган. Филиал профессор-ўқитувчилари томонидан жами 151 та илмий ишлар чоп этилган, шундан 15 та ўқув қўлланма, 17 та монография, 4 та дарслик Мувофиқлаштирувчи Кенгаш қарори билан нашр қилинган.
ТДТУ Олмалиқ филиали жамоасининг саъй-ҳаракатлари, янгидан-янги ташаббуслари эътиборга лойиқ. Филиалнинг ижодкор профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг ижодий асарлари — шеър ва ҳикоялари жамланган “Олмалиқ оҳанглари” китобининг нашр этилиши ҳам олий таълим муассасасида ижодга катта аҳамият берилаётганининг исботидир. Шунингдек, илмий даражага эга профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик фаолияти ёритилган «Нажот илмдандир» номли китоби ҳам нашр этилди.
Шунингдек ТДТУ Олмалиқ филиали талабалари орасида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Беруний ва Ислом Каримов номидаги стипендиялар совриндорлари ҳам бор.
Комбинатнинг ишлаб чиқариш корхоналарида кафедра аудиториялари ташкил этилган бўлиб, талабалар учун таълим жараёни бевосита ишлаб чиқариш ҳудудида амалга оширилмоқда. Профессор-ўқитувчи томонидан ўтилаётган дарс машғулотига корхона етакчи мутахассиси ҳам жалб этилган. Бу эса таълим сифати ва келгусида ишлаб чиқариш самарадорлигининг ошишига омил бўлади.
«Қалмоққир» кони бошқармасида ташкил этилган кафедра аудиториясида талабалар ишлаб чиқариш ҳудудининг ўзида коннинг геологик тузилиши, кон рудаларининг таркиби, қазиб олиш ва ташиш усуллари ҳақида билимларини янада бойитмоқда. Шунингдек, ОКМКнинг Мис бойитиш фабрикасида ташкил этилган кафедра аудиториясида рудани қайта ишлаш, металлни ажратиб олиш технологик жараёнларини бевосита кузатиш, хавфсизлик техникасига риоя этган ҳолда ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этиш талабаларга ихтисосликни чуқур ўрганишга имконият яратмоқда.
Талабаларнинг амалий иш вазифалари ҳам дуал таълим жараёнида, корхонада амалга оширилади. 2-, 3-босқич талабалари амалиёт даврида стажёр сифатида расмийлаштирилиб, унга маош тўланишини жорий этиш ОКМК билан режалаштирилган яна бир лойиҳадир.
Олий маълумотга эга бўлган ёшларни иш билан таъминлаш йўлида уларни стажёр сифатида комбинат корхона ва ташкилотларига ишга қабул қилиниши режалаштирилган. Бунинг натижасида бугун қўлига ихтисослик дипломини олган ёш мутахассис стажёр сифатида иш ўрганади, маош олади. Эртага комбинат ишчи-ходими сифатида ишга жойлашиши учун малакасини ошириб, муҳим қадамларни қўяди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан иқтисодиёт тармоқларида ишлаб, 5 йил иш стажига эга бўлган ишчи-ходимлар суҳбат асосида ўқишга қабул қилиниб, сиртқи таълим шаклида таълим оладилар. ТДТУ Олмалиқ филиалида ОКМКда меҳнат қилаётган 200 нафарга яқин ишчи-ходим таълим олди. Юқори малакага эга бўлган комбинат ишчилари энди олий маълумотга ҳам эга бўлишди.
Маълумки, ҳар қандай ривожланиш, юксалиш асосини илм-фан, унинг қай даражада тараққий этганлиги белгилайди. ТДТУ Олмалиқ филиалида фаолият юритиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ишлаб чиқариш муаммоларини тадқиқ этиш ва ҳал этиш йўлида изланмоқда.

Дилдора АБДУРАҲМОНОВА, тайёрлади.

МАВЗУГА ОИД

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РЕФЕРЕНДУМИНИ ЎТКАЗУВЧИ КОМИССИЯНИНГ РЕФЕРЕНДУМ УЧАСТКАЛАРИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОРИ

admin

КОНЧИ-МЕТАЛЛУРГЛАР КАСБ БАЙРАМЛАРИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

admin

ҚИЗИҚИШ ВА ҲАЙРАТ НУҚТАСИ

admin

ДЕПУТАТЛАР ҲАМ ЭНДИ ИШ-РЕЖА АСОСИДА ИШЛАЙДИ

admin