Image default
Таҳлил

«ТЎРКУНЛАБ КЕТМОҚ» ЁКИ ТУРК, ТУРКИЙ АТАМАЛАРИ ҲАҚИДА

Ўзбек миллий тилининг асосларидан бири қипчоқ лаҳжаси ҳисобланади. Қипчоқ лаҳжасига мансуб қурама шевасида тўркунлаб кетмоқ ибораси ишлатилади. Бу ибора жуда қадимий бўлиб, туркий қабилалар бирлашмалари шаклланаётган даврдаги кўпгина қабилаларга тегишли сўзлардан ҳисобланади. Ибора мазмунидан келин ота-онасиникига тўрт кунга кетди маъносини ҳам англаш мумкин. Аслида тўркун сўзи умум-туркий сўз бўлиб, қадимдан қуйидаги ўзаро яқин шакл ва маъноларда ишлатилган: туркун-“қабила тўпланадиган жой”, “қариндош-уруғлар ”, “ота-она уйи” каби.
Маҳмуд Кошғарийнинг XI асрда яратилган “Девону луғотит турк” асарида туркун — “халқ”, “қабила”, “ота-она уйи” маъноларини билдиради. Қирғиз тилида эса тўркун “аёл кишининг ота-онаси ва қариндош-уруғлари” маъносидадир.
Академик В.В.Радловнинг “Туркий лаҳжалар луғати”да бу сўзга “ота, ота-она, аёлнинг барча қариндош-уруғлари” деб изоҳ берилган.
Мўғул тилида торгун (кўплик шакли торгут) “она томондан қариндош-уруғлар”, “аёлнинг қариндошлари” мазмунини англатади. Академик А.Кононовнинг кўрсатишича, тўркун — туркун сўзининг ўзаги тура, туру, тўру шаклида бўлиб, “пайдо бўлмоқ”, “туғилмоқ”, “келиб чиқмоқ” маъноларини билдирган. Кейинчалик туркун сўзининг қисқариши натижасида турк атамаси “ҳукмрон қабилага тегишли зодагонлар оиласига мансуб шахс” маъносида ишлатилган. Олимларнинг фикрича, турк атамаси “ҳоқонликни ташкил этган қабилалар уюшмаси”, “ҳарбий – сиёсий уюшма” каби маъноларни ҳам ифодалаган.
Араб тилидаги илмий манбаларда турк атамаси ЕвроОсиё ҳудудларида келиб чиқиши ва тил яқинлигига эга бўлган халқларга нисбатан қўллана бошлаган.
М.Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида “Мовароуннаҳрдан Шарққача бўлган ўлкаларни турк шаҳарларидан деб ҳисоблашнинг асоси шуки, Самарқанд — Семизканд, Тошканд- Шош, Ўзканд, Тунканд номларининг ҳаммаси туркчадир. Канд туркча шаҳар демакдир. Улар бу шаҳарларни қурдилар ва шундай ном қўйдилар. Ҳозиргача ҳам шундай келмоқда”, — деб ёзади.(III жилд, 164-бет)X-XI асрларда қорлуқ – чигил, қипчоқ, ўғуз каби қабилаларнинг бирлашуви асосида ўзбек халқи шаклланди. Бу халқ турк ва унинг тили туркий тил атамаси билан бошқа халқ ва тиллардан фарқланди.
Аниқ бўладики, қадимда “ота-она уйи”, “қариндош — уруғлар” маъносини ифодалайдиган ва қурама шевасида ҳозир ҳам ишлатиладиган тўркун сўзидан “қабилалар уюшмаси”, “қабилалар яшайдиган макон-манзил” маъносидаги турк атамаси пайдо бўлган ва бу атама кейинчалик ижтимоий-сиёсий атама сифатида ўзбек халқи, унинг тили маъносида қатъийлашган.
Ҳозирги даврда турк атамаси Туркия давлатида яшайдиган асосий этник бирлашмани англатади, келиб чиқиши бир бўлган, тил яқинлигига эга бўлган 30 дан ортиқ халқлар ва уларнинг тиллари туркий халқлар ва туркий тиллар деган ном билан юритилади.

Турсунали Мирзақулов,
филология фанлари доктори,
профессор.

МАВЗУГА ОИД

“АММОФОС-МАКСАМ” АЖнинг ютуқлари эътирофи

admin

САҲИФАЛАР БИР БЕТГА ЖАМЛАНГАНДА

admin

“МИСИ ЧИҚДИ” — МИСГА АЛОҚАДОРМИ?

admin

“ТАРМОҚЛАР”ДА ТАРАЛАР ХАБАР

admin