Олмалиқ шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ветеринар ходимлари томонидан шаҳар аҳолисидаги 4 139 та ит, 610 та мушук рўйхатга олинган. Давлат томонидан берилган қутуриш касаллигига қарши бепул вакциналар билан ит ва мушуклар йилда бир маротаба эмланади.
Сабаби қутуриш барча иссиқ қонли ҳайвонлар ва одамга хос, ўткир кечадиган юқумли касаллик ҳисобланиб, марказий асаб тизимиининг оғир зарарланишини, фалажланиши билан намоён бўлиб, ўлим билан тугайди. Шунинг учун бу касалликка қарши вакцина қилинади.
Айтиш керакки, касал ҳайвоннинг сўлагида вирус жуда кўп бўлади. Одамга бу касаллик қутурган ит(мушук) тишлаганда ёки жароҳатланган терига сўлаги тушганда юқади. Сўлак билан терининг ичига кирган вирус нерв толалари орқали марказий нерв тизими ҳужайраларига етиб боради ва нерв тўқимасини жароҳатлайди.
Ит тишлаган жароҳат бош мияга яқин бўлса, касалликнинг яширин даври 30 кундан бир неча ойгача давом этиши мумкин. Одатда, ҳайвон ёки одамни тишлаган ит(мушук) қутурган бўлса, 10 кун ичида ўлади. Касалликнинг давоси йўқ, бироқ вақтида олдини олиш мумкин!
Касалликнинг олдини олиш бўйича асосий қоидалар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июндаги 202-сон қарорига илова қилинган ит ва мушук сақлаш қоидаларига асосан:
Ит, мушук ва бошқа ҳайвонларни ўз вақтида қутуриш касаллигига қарши эмлатиш (бир йилда бир марта);
Ҳар бир жароҳатланиш ҳолати бўлганда, зудлик билан ветеринария бўлимига мурожаат қилиб, касалликка гумон қилинган ёки жароҳатланган ҳайвонларни ажратиш ва назорат қилиш;
Ҳайвоннинг феъл-атворида ўзгариш бўлганда зудлик билан ветеринария бўлимига хабар бериш;
Ўн кунлик назоратга олиниши учун ҳайвон эгалари томонидан ветеринария бўлимига келтирилиши шарт;
Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш учун ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилиш зарур;
Болаларни итлар билан ўйнашига йўл қўймаслик керак;
Хонадондаги итларни кўчага қаровсиз қўйиб юбормаслик керак;
Итларни кўчага бўйинбоғ ва тумшуқ тасмасида олиб чиқиш лозим.
Шундан хулоса қилиб айтганда, хонадонингизга ташриф буюрган ҳар битта ветеринар врачга уй ҳайвонингизни эмлатиб қўйинг, зеро ўзингиз ва оила аъзоларингизни ҳаётини хавф остига қўйманг, бу касаллик ўлим билан тугайди.
И.Султонов,
шаҳар ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш бўлими бошлиғи.