Сохталик бир умр инсонни айбини беркита олмайди. Эртами, кечми ҳар қандай ғараз мақсадлар ила ташланган қадам ўша одамнинг ўзини чоҳга етаклайди. Афсуски, буни билса-да, айрим одамлар сохтакорликдан, ғаламис ниятлардан ўзларини тия олмайдилар.
Ш.Темуров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам 3 кун ишга сабабсиз бормаганлигини беркитиш мақсадида ғаламислик йўлини танлади. У шаҳар Тиббиёт бирлашмасига қарашли Оилавий поликлиникага фарзанди М.Азимовани эмлатиш учун олиб борди. Фарзандига юритилган тиббий картани тўлдириш жараёнида поликлиника ҳамшираси қизи учун тайёрлаб қўйган, қатъий рўйхатда турадиган поликлиника думалоқ муҳри босилган тиббий маълумотномаси бошқа ҳужжатларга аралашиб кетганлигидан фойдаланиб, маълумотномани ўз яшаш уйига олиб кетди.
Ш.Темуров ўзи ишлаб келаётган “Олмалиқ КМК” АЖга қарашли “Қалмоққир” Кон бошқармасига ишга узрли сабабларга кўра бормаганлигини тасдиқлаш мақсадида шаҳар Тиббиёт бирлашмасига қарашли Оилавий поликлиника ҳамширасининг эътиборсизлиги оқибатида эгаллаб олинган поликлиника думалоқ муҳри ҳамда шифокорнинг шахсий думалоқ муҳри босилган бўш тиббий маълумотнома бланкасини ўз қўли билан тўлдириб, шифокор ўрнига ўзи имзо қўйиб, иш жойига тақдим қилган.
Айбланувчи тиббий маълумотномани қалбакилаштириб, ҳужжатни қалбаки эканлигини била туриб, келмаган кунларини сабабли қилдириш учун сохта ҳужжат учун жавобгарлик борлигини билсада, шу ишга қўл урди.
Судда судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Ш.Темуров айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, “Қалмоққир” кон бошқармаси масъул ходими у берган маълумотнома сохта эканлигини айтиб, бу бўйича тушунтириш хати ёздиргани, мазкур қалбаки маълумотномани тайёрлашда поликлиника ходимларидан ҳеч ким унга ёрдам бермагани, қилган ишидан пушаймонлиги, бу ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдириб, суддан унга нисбатан енгилроқ жазо чорасини қўллашни сўради.
Ш.Темуровга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига асосан ўташлик учун иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Л.Обидов,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди судьяси.