Image default
Шеърий саҳифа

БУЮК МУТАФАККИР, ДАҲО ШОИР ВА ЭРКУ БАХТ ТИМСОЛИ

Инсон сифатида ҳар бир одамнинг бахтли бўлиш, меҳнат қилиш, илму-ҳунар ўрганиш, тинч ва фаровон яшашга ҳаққи бор. Бу инсониятнинг азалий орзусидир. Бу орзуларни амалга ошириш йўлида минглаб фидойилар кураш олиб борадилар. Ана шундай инсонлардан бири маърифатли, дунё эътироф этган, ўзбек ва Осиё халқларининг самимий ҳурмат ва эътиборига сазовор буюк бобокалонимиз Низомиддин Мир Алишер Навоийдир.

Алишер Навоий дунё тан олган буюк мутаффакирлар қаторида алоҳида ўринда туради.
Навоий даври тарихини мукаммал ўрганган ва шу асосда «Навоий» романини ёзган Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек (1968) ўзининг «Буюк гуманист» мақоласида мана шундай сатрларни битган:
«… қийинчиликлар ва қувғинлардан қўрқмай, фан ва маданият тараққиёти учун курашиб, жаҳолат ва ўзбошимчаликни, зулм ва ҳуқуқсизликни фош этган, виждонли, ҳақиқий инсонлар … қаторида буюк мутафаккир, улуғ шоир, чин инсон Алишер Навоий сиймоси тоғдаги пурвиқор чўққидек ажралиб туради.
Ақлий теранлиги ва қомусий билими билан Алишер Навоий ҳатто уйғониш даври титан (буюк)лари орасида ҳам алоҳида ўрин тутади».
Алишер Навоий дунё халқларига мурожаат қилиб, тинчлик ва дўстликни қадрлашга чақириб, душманлик энг ёмон нарса эканлигини уқтирган эди:
Олам аҳли билингизким,
иш эмас душманлиғ
Ёр ўлинг бир-бирингизғаким,
Эрур ёрлиғ иш.
Дунёда уруш ва низолар каби жамиятни бузадиган унинг таянч нуқталарини фалаж ҳолга келтирадиган турли балолар, зулм ва жаҳолат, ҳирсу ҳавасга муккасидан кетиш, нафс балосига йўлиқиш ва таъмагирлик каби иллатлар мамлакатни вайронага айлантиради.
Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-Қулуб» асарида жамиятдаги турли мансаб-лавозимлар, касб-ҳунар эгалари ҳақида маълумотлар берилади. Жумладан, одил подшолар қисмида шундай сатрлар бор: «Адолатни подшоҳ Ҳақ таолонинг ҳалойиққа кўрсатган марҳаматидир, бундай илоҳ мамлакат учун тинчлик ва фаровонлик сабабчисидир…
Адолатпарвар шоҳ халқни рози қилса, Ҳақ таоло шоҳдан рози бўлади…
Алишер Навоийнинг таъкидлашича, бировнинг миннат билан берилган ширин кулчасидан, тинч кўнгил билан ейилган ўз овқати маъқулдир.
Тинч кўнгул бирла қатиқсиз умоч,
Беҳки биров миннати бирла кумоч.
Бошқа томондан, ҳар қандай вазиятда ҳам тўғри гапириш афзалдир.
Академик Е.Бертельснинг Навоий ҳақидаги фикрлари барчамизга муҳим масъулият юклайди:
«Навоий ижодиёти, музей экспонати, тарих парчаси эмас, у барҳаёт ва бундан кейин ҳам яшайди. Шунинг учун ҳам ўзининг буюк фарзандининг муқаддас хотирасини ҳурмат қилиш, ижодини ўқиб-ўрганиш ўзбек халқининг виждоний ишидир».

Турсунали Мирзақулов,
филология фанлари доктори, профессор.

МАВЗУГА ОИД

Vafodor ayol

admin

XOTIRA VA QADRLASH KUNI

admin

ИЛҲОМЛАНГАНДА

admin

Besh asrki…

admin