«Олмалиқшаҳаргаз» ГТБ «Абонент бўлими» ходимлари томонидан олиб борилаётган мониторинг ва текширув натижасида жорий йил январь ойининг ўзида ўзбошимчалик билан ноқонуний табиий газдан фойдаланиб келаётган 11та ҳолат аниқланиб, жами зарар миқдори 41 783 678 сўмни ташкил этмоқда.
Шулардан, аҳоли истеъмолчилари орасида энг катта зарарни «Рамазон» МФЙга қарашли «Алпомиш» кўчасида яшовчи И. Г. томонидан келтирилган. Хонадон дебитор қарздорлик юзасидан автоматик тарзда узилганидан сўнг, хонадон эгаси ушбу қарздорликни тўлашни хоҳламай, текин газдан фойдаланиш йўлини «уддабуронларча» ўйлаб топган бўлиб, газ ҳисобдонидан олдин айланма йўл билан газ тармоғига уланиб, хотиржам, ўзбошимчалик билан фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди. Бундан «Олмалиқшаҳаргаз» ГТБ кўрган жами зарар миқдори 25 857 024 сўмни ташкил этмоқда.
Ундан ташқари, улгуржи истеъмолчилар орасида ҳам ноқонуний йўл билан газдан фойдаланиб келаётган истеъмолчиларимиз йўқ эмас, албатта. Шулардан, Олмалиқ шаҳри «Эҳтиром» кўчасида фаолият юритаётган «Олмалиқ Текстил Тола» МЧЖ бўлиб, келтирган жами зарар миқдори 5 887 728 сўмни ташкил этмоқда. Аниқланган барча ноқонуний ҳолатлар юзасидан керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Олмалиқ шаҳар ИИБга қонуний чора кўриш учун юборилди.
Ҳурматли, шаҳримизнинг табиий газ истеъмолчилари!
Сизлардан фойдаланиб бўлинган табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга оширишингизни, газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланмаслигингизни сўраймиз. Халқимиз «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда хам чиқади» деганларидек, «Олмалиқшахаргаз» ГТБ ходимлари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатингиз, айниқса, ақлли газ ҳисобдонлари ўрнатилганидан сўнг, албатта, аниқланиб, давлат бюджетига келтирган зарарни қоплашингиз муқаррар.
Райҳон Абдирашидова,
ММ ва ТХ етакчи муҳандиси.