Шаҳримиз аҳолиси орасида содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, айниқса, куз-қиш мавсумида тинимсиз ишлайдиган газ жиҳозларининг созлигини таъминлаш мақсадида «Олмалиқшаҳаргаз» ГТБ Сервис хизмати чилангарлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳар бир чилангар ўзига бириктирилган ҳудуд бўйича хонадонларга кириб, улардаги газда ишловчи қурилма ва ускуналарни техник тафтишдан ўтказиш ва профилактик хизмат кўрсатишдан ташқари, аҳоли ҳаётига тўғридан-тўғри хавф солиб турган ҳолатларни аниқлаб, зудлик билан уларни бартараф этиш чораларини кўришмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 13- боб бандларида белгилаб ўтилганидек, газ таъминоти ташкилоти тасдиқланган тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари, газда ишловчи қурилма ва ускуналарни қуйидаги муддатларда техник тафтишдан ўтказади ва уларга профилактик хизмат кўрсатади:
-Кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда – икки йилда бир марта;
-Турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш приборлари – йилда бир марта, профилактик хизмат кўрсатиш-ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал;
Ҳурматли табиий газ истеъмолчилари!
Табиий газдан фойдаланишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:
- ўзбошимчалик билан газлаштириш, газдан фойдаланиш ускунасини мустақил равишда кўчириш, алмаштириш ва таъмирлаш;
- газдан фойдаланиш ускунаси жойлашган хоналарда меъёрий талабларга номувофиқ тарзда қайта режалаштириш;
- газдан фойдаланиш ускунаси, мўри ва вентиляция тизимлари тузилишига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш, шунингдек, мўриларни тозалаш учун мўлжалланган вентиляция каналлари ва люкларини ёпиб қўйиш;
- табиий газдан мўри ва вентиляция каналлари текширилганлиги ва тозаланганлиги ҳақидаги далолатнома мавжуд бўлмаганда ёки унинг муддати ўтганидан сўнг фойдаланиш;
- дарчалар, жалюзи панжаралари, вентиляция каналлари панжаралари, ҳаммом ва ошхона эшиклари остидаги тирқишларнинг ёпиқ ҳолатларида, мўри ва вентиляция каналларида тортиш кучи йўқ бўлганда газ приборларидан фойдаланиш;
- табиий газ ва газдан фойдаланиш ускуналаридан бошқа мақсадларда фойдаланиш, газ плиталаридан хоналарни иситиш учун фойдаланиш;
- газ жиҳозлари мавжуд хоналарда ухлаш ва дам олиш;
Турмушда газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинг! Хавфсизлик — ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигининг гаровидир.
Жамшид Абдугаппаров,
“Олмалиқшаҳаргаз” Газ таъминоти бўлими бошлиғи.