Инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжи тобора ортиб, бу атроф-муҳитнинг кўп миқдорда ифлосланишига ҳам олиб келмоқда, экологияга салбий таъсир кўрсатяпти.
Маълумотларга кўра, 2021 йил энергетика соҳасида (транспорт, иссиқлик ишлаб чиқариш, саноат, қурилиш, уй ва корхоналарни ёритиш ва иситиш учун) дунё бўйича атмосферага 76 фоиз ташланмалар аниқланган. Унинг 68 фоизи 10 та мамлакат ҳиссасига тўғри келади — Хитой (26,1 фоиз), АҚШ (12,67 фоиз), Евроиттифоқ (7,52 фоиз), Ҳиндистон (7,08 фоиз) ва Россия (5,36 фоиз). Бу эса бу тизимда ислоҳотлар олиб борилишини тақозо этмоқда.
Жорий йил 16 февралда Президентимиз томонидан қабул қилинган «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-57-сонли қарор юртимизда бу борада ислоҳотларнинг бошланишида муҳим тарихий ҳужжатлардан бири бўлди. Ушбу қарорга кўра, Олмалиқ шаҳрида ҳам ушбу кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Жумладан, шаҳар ҳокимлиги томонидан «Яшил энергетика» дастури ишлаб чиқилиб, унга биноан шаҳримиздаги техникумларга жами 30квт/соат қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланган. Натижада бир ой давомида 21 600 кВт электр энергия ва 17 млн. 280 минг сўм тежалади. Шундан Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида 15 кВт/соат қуёш панели ўрнатилиши орқали бир ойда 10 800 кВт энергия; Архитектура-қурилиш техникумига 15 кВт /соат қуёш панели ўрнатилиши орқали бир ойда 10 800 кВт энергия; 4 та умумтаълим ташкилотига жами 40 кВт/соат қуёш панеллари ўрнатилиб, бир ой давомида 28 800 кВт электр энергия ва 23 млн. 40 минг сўм тежалишига эришилади. Бундан ташқари «Олмалиқ КМК» ва «Аммафос Максам» АЖлари ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг маъмурий биноларига қуёш панеллари ўрнатилиши орқали, корхоналар томонидан ҳар ой 260 минг кВт энергия иқтисод қилинади. Шаҳримизнинг ойлик энергия сарфи 15 млн кВт бўлса, самарадорликни ошириш ишлари натижасига кўра 1.1 млн кВт энергия тежалиши ҳисобланди.
Жорий йил 20 февраль куни Энергетика вазирлиги Жиззах ва Тошкент вилоятларида умумий қуввати 2000 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича “Huaneng renewables Corporation” ва “Poly Technologies” компаниялар консорциуми билан Ҳамкорлик ҳақида Келишув имзоланди. Мазкур келишувга асосан ушбу компаниялар консорциуми томонидан Ўзбекистонга 2 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади. Ушбу қуёш фотоэлектр станцияларининг илк қувватлари жорий йил якунига қадар, 2024 йилда эса тўлиқ қувватларда ишга туширилиши режалаштирилган. Қуёш ресурсларидан фойдаланишнинг бир неча хил афзалликлари бор. Бошқа энергия манбаларидан фарқли ўлароқ, қуёш энергияси тугамайди. Қуёш панелларини ўрнатиш, ундан фойдаланиш электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш учун ажойиб ечим бўлиб хизмат қилади.
Дастур доирасида аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир кВт соатига 1000 сўмдан субсидия ажратилади. Шунингдек, тадбиркорлар ва юридик шахсларга ҳам бир қатор қулайликлар яратилган.
Юртдошларимиздан «Яшил энергетика» ва «Қуёшли хонадон» дастурларида фаол бўлишларини сўраб қоламиз.