Она замин яшилликка бурканиб, табиат уйғонгани сайин тирик жон борки, атрофни ободонлаштириш ҳаракатида. Шаҳримизнинг 52 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам бу борада ишлар авжида. Корхона-ташкилотлар ходимларига бириктирилган ҳудудларда янги дарахт кўчатлари ўтқазилиб, атроф ободонлаштирилмоқда.
Саноат ривожланиб, турли кашфиётлар, учар машиналар, ядровий қуроллар, ракеталар яратилмоқда. Лекин табиат ҳақида қайғурадиганлар камайиб кетмоқда. Ўзбекистонда ҳам Орол фожеасидан сўнг улкан иқлим ўзгариш содир бўляпти. Фасллар ўз сўзини олдингидан-да баландроқ овозда айтишни бошлашмоқда. Экология билан боғлиқ муаммолар эса ачинарли аҳволда. Маълумот ўрнида Ўзбекистон дунёнинг 15 та энг ҳавоси ифлосланган мамлакатлари рўйхатига киради.
Вазиятни ўзгартириш эса ўз қўлимизда. Президентимиз томонидан жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида шаҳримизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, ўтган 2022 йилда Ободонлаштириш бошқармаси томонидан шаҳар ҳудудидаги бошқарма тасарруфида бўлган ҳудудларга ва гулхоналарга 305 104 дона гул кўчатлари, яъни, виола гул кўчати — 150 863 дона, райҳон — 33 000 дона, шофран – 71 100 дона, петуния – 15 000 дона, салвия — 7 241 дона, гултожихўроз — 980 дона, катарантус – 16 920 дона экилган.
Бундан ташқари 2022 йил давомида “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида 780 дона шумтол дарахт кўчати, 2673 дона терак, 116 дона шарқ туяси, 266 дона элдор қарағай, 823 дона сафора, 255 дона чинор кўчати ва яна турли хил юзлаб дарахт кўчатлари экилган.
Куз мавсумида ҳам бошқарма ходимлари меҳнат фаолиятини бўшаштирмаган ҳолда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2800 дона павлония кўчати, 581 дона туя арча, 119 дона сосна кўчати, 150 дона клён, 90 дона япон сафораси, 520 дона каталпа кўчати, 200 дона ясин кўчати, умумий ҳажми 18 979 дона манзарали дарахт кўчатлари ҳамда “Бўстон” МФЙ ҳудудида ҳам 18 000 дона терак қаламчалари ҳамда бошқарма тасарруфидаги ҳудудларга 10 000 дона атиргул қаламчалари ўтқазилди.
Ушбу лойиҳалар жорий 2023 йилда ҳам давом этмоқда. Жумладан, шаҳар ҳокимининг 2023 йил 24 февраль 38-10-147-Ф/23 –сонли қарорига кўра маҳаллий бюджетнинг 2023 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида мевали, манзарали дарахтларни сотиб олиш учун 178 миллион 800 минг сўм, кўкаламзорлаштириш учун иш қуролларини сотиб олишга 10 миллион сўм, ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ҳудудларга суғориш тизимини барпо этиш учун 100 миллион сўм, кўчатларни суғоришга иккита 4.78 КБт қувватли сув помпаси харид қилиш учун 7 миллион 200 минг сўм, жами 296 миллион сўм маблағ ажратилди. Баҳорги ободонлаштириш ҳафталигининг биринчи ўтган ҳафтаси давомидаги ҳашарда 4 минг 800 нафардан зиёд ҳамюртимиз фаол қатнашди. Дам олиш кунларида маҳаллаларда, мавзеларда аҳоли, кексаю ёш ҳашар ташкил этиб, ободликка ҳисса қўшдилар. Оммавий ҳашарда 4 минг 800 нафардан зиёд аҳоли иштирок этди. Нуронийлар дуоси, ишбоши-кўчабошилар саъй-ҳаракати, ёшларнинг шижоати билан шаҳримиздаги 6 та қабристон ободонлаштирилди. 6 км масофада ички йўллар шағаллаштирилди, 24 та мактаб ва боғчалар ҳудуди тозаланиб, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. 5 минг 211 туп дарахтларга шакл бериб, оқланди, 93,5 км ариқ ва зовурлар тозаланди. Шунингдек, кўчалар ва бўш майдонларга 3 895 та мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Бу каби тадбирлар аввало халқимизни бирлашишга, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга, элнинг яхши-ёмон кунларида кўплашиб ёрдамга қўл чўзишига ҳам замин яратади.
Д.Боймат қизи.