Image default
Жамият

ОЛАМНИ МЕҲРГА ТЎЛДИРГАН АЁЛ!

Мен қўрқоқ отадан ботир, илмсиз отадан доно, ёлғончи отадан ҳақгўй фарзанд дунёга келганини кўрдим, лекин бузуқ онадан ҳаёли, илмсиз онадан донишманд, ўғри онадан тўғри фарзанд туғилганини кўрмадим.

Миллатни юксалтиришни хоҳласак, аввало аёлларни ўқимишли қилайлик, деган эди буюк файласуф.
Ҳақиқатан, юртимизда барча соҳаларга эътибор берилаётгани қатори хотин-қизларга берилаётган имкониятларни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Аёлларимизни турли соҳаларга жалб этиш, жамиятнинг муҳим қисмига айлантириш устувор вазифамизга айланди.
Газетамизнинг ушбу сонида эса сиз азиз муштарийларга Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги Оила ва хотин — қизлар бўлими бошлиғи , шаҳар ҳокими ўринбосари Матлуба Минаварова билан ташкил этилган самимий суҳбатни тақдим этамиз.

  • Марҳабо Маматовна, айтингчи, бугунги кунда хотин-қизлар билан ишлаш тизимида энг кўп нималарга эътибор қаратилмоқда? Хотин-қизларга давлат миқёсида қаратилаётган эътибор нималарда ўз аксини топмоқда?
  • Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилмоқда. Буни биз Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022 йил 1 март куни “Хотин-қизларнинг ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасидаги долзарб вазифалар тўғрисида”ги кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишининг 18-сон баёни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги ПҚ 145-сонли “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ташкил этилган тизимни мисол қилиб олишимиз мумкин. Бугунги кунда ҳеч бир шахс йўқки, эътибордан четда қолган. Ўтган йили маҳаллаларда жорий этилган янги тизим яъни, МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчиси ва участка нозири ҳамкорлигида ҳар бир хонадон “хонадонбай” хатловдан ўтказилиб, электрон платформага киритилди. Шаҳримизда бугунги кунда 137 434 нафар аҳоли бўлиб, уларнинг 62 426 нафари хотин-қизлардир.
    ПҚ 145-сонли қарор асосида «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш мақсадида “Саховат”, Увайсий, “Гултепа”, “Дўстлик” ва “Теракли” маҳаллаларида ўқув марказлари ташкил этилди. Шунингдек 2022 йил 5 июлда “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Хотин-қизлар маркази” очилиб, ўқув маркази ташкил этилди. Марказда ишсиз ва “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Жорий йилда “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” раҳбари Манзура Абдувалиева томонидан 800 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди (пазандачилик, тикувчилик, изалон гул ясаш, ҳамширалик курслари). Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази орқали жорий йилда 52 та маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари ҳисоботига кўра 1283 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган. Улардан 445 нафари доимий ишга жойлаштирилган, 84 нафар аёл жамоат ишларига жалб қилинган. 88 нафар хотин-қизларга субсидия ажратилди, 36 нафар хотин-қиз ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтган, 670 нафар хотин-қизлар ўз-ўзини банд қилиб, норасмий ишларга жойлашишган.
  • Маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли лавозимининг вазифалари нимадан иборат?
    – Маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳар бир хотин-қизлар фаоли олтита йўналишда ўз фаолиятларини олиб боришади. Булар:
  1. Оилавий низоларнинг олдини олиш бўйича дафтар.
  2. Оғир ижтимоий вазиятдаги аёллар билан ишлаш дафтари.
  3. Нотинч, жанжалли оилалар билан ишлаш дафтари.
  4. Ишсиз, банд бўлмаган хотин-қизлар билан ишлаш дафтари.
  5. Касбга ўқитиладиган аёллар билан ишлаш дафтари.
  6. Чет элда бўлган хотин-қизлар билан ишлаш дафтари.
  7. Соғлом турмушни тарғиб қилиш дафтари.
  • Шаҳримизда оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолганининг асосий сабаблари нимада?
  • 2022 йил якуни ҳолатига шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан қайд этилган ажримлар сони 300 та бўлиб, шундан 189 та қайд этилган ажримлар Олмалиқ шаҳрига тегишли, 111 таси қўшни туман шаҳарларга тегишли (Пискент, Оҳангарон, Бўка туманлари).
    Шундан ажрим кўп қайд этилган – Сўфи Оллоёр, “Бўстон”, Ибн Сино, “Боғаро”, Фурқат МФЙларидир.
    “Саховат”, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ислом Каримов, Ҳамза МФЙларида ажрим қайд этилмагани қувонарли.
    Ажримнинг келиб чиқишига қуйидаги фарзандсизлик, оилавий келишмовчилик, оилага учинчи шахс аралашуви, хиёнат, ичкилик ва гиёҳвандлик, турмуш ўртоғи чет давлатга кетганлиги, узоқ вақт бирга яшамаслик ва бошқалар сабаб бўлган.
    Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони 96 та бўлиб, бу оилалар билан индивидуал ишлаш бўйича 52 та маҳаллада яраштирув комиссиялари ташкил этилди. Ҳар бир маҳаллада фаол ва ибратли оила вакиллари, ўрта ва кекса ёшли аёллар жамоасидан иборат “Оқила аёллар ҳаракати” ташкил этилиб, “Низоли оилалар билан ишлаш” китобчаси тақдим этилди.
  • Гендер тенглиги сиёсати бўйича шаҳримизда қандай ишлар олиб борилмоқда?
  • Гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида И.Каримов номидаги техника университетининг Олмалиқ филиали ва Москва Миллий технологик тадқиқотлар университети Олмалиқ филиалларида 2022 йил 23-27 май кунлари “Аёллар инновацион ҳафталиги” ўтказилди. Ушбу ҳафталик тадбирларида 100 нафардан зиёд олима аёллар, талаба қизлар илмий-инновацион, рационализаторлик ғоялари билан иштирок этдилар.
    Бундан ташқари раҳбар аёллар заҳираси шакллантирилиб, 64 нафар турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар номзодлари раҳбарлик лавозимларига заҳира сифатида рўйхатга олинди.
    Шаҳар корхона, ташкилот ва муассасаларда, нодавлат ташкилотларда 269 та бошланғич ташкилотлар ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.
    Шаҳардаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 15 май — “Халқаро оила куни” муносабати билан “Олмалиқсой” ҳудудида “Оналар боғи” барпо этилиб, унинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, гендер тенглик сиёсати борасида жамоатчилик назоратини олиб бориш учун Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Азамат Мавланов (!) томонидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
  • Афсуски, орамизда жиноят кўчасига кириб қолган аёллар ҳам бор. Бу борада ҳам тўхталсангиз.
  • Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2022 йилда 46 тани ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 8 тага ошган. Хотин-қизлар ўртасида асосан фирибгарлик жиноятлари қайд этилган бўлиб, хотин-қизлар ўртасидаги жиноятлар қўшни туманлардан келиб қилинаётган жиноятлар. Барча секторларда масъуллар ва жамоатчилик иштирокида содир этилган жиноятлар муҳокама қилинди, профилактика тадбирлари олиб борилмоқда. Хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолати (2022 йилда) 7 тани ташкил этиб, улардан биттаси 1-секторга қарашли А.Навоий маҳалласида, учтаси 2-секторга қарашли «Бўстон», «Металлург» ва С.Оллоёр маҳаллаларида, яна битта жиноят 3-секторга қарашли Ҳамза маҳалласида ва битта ўз жонига қасд қилиш жинояти 4-секторга қарашли «Олтин» маҳалласида содир этилган.
    4116 нафар хотин-қизлар узоқ муддатга чет давлатларга чиқиб кетган бўлиб, 600 нафари уйларига қайтарилди. Улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди.
  • Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қандай амалий ишлар олиб борилаяпти?
  • Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни “Аёллар дафтари” орқали манзилли қўллаб-қувватлаш ва жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш мақсадида шаҳар ИИБ ва Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида тарғибот тадбирлари ташкил этилиб борилмоқда. шунингдек, маҳаллабай тизимда ИИБ инспекторлари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳимоя қилиш мақсадида 2022 йил давомида 403 та “Ҳимоя ордерлари” тақдим этилди.
  • Хотин-қизлар куни муносабати билан шаҳримиз хотин-қизларига тилакларингиз…
  • Аёл – жамият гултожи. Аёл энг нозик ҳилқат, шу билан бирга метин иродали жинс вакили. Мен хотин-қизларимизга қарата шуни айтмоқчиманки, қандай шароитда бўлишингиздан қатъий назар, энг аввало, аёл эканлигингизни унутманг! Сиз оиланинг, эркакларимизнинг номусисиз! Яқинлашиб келаётган айём барчангизга муборак бўлсин. Оилангиздан тинчлик-хотиржамлик аримасин. Билим, илм, касб-ҳунар эгаллашдан ҳеч ҳам толманг!

Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош
Дилфуза Рўзиева.

МАВЗУГА ОИД

БОЗОРЛАРИМИЗДАГИ “ПАТТА ПУЛИ” МИҚДОРЛАРИ ҚАНЧА БЎЛДИ?

admin

«МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ» БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА…

admin

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ: 2023 ЙИЛ АҲОЛИНИНГ 71,4 ФОИЗ МУРОЖААТИ ҚАНОАТЛАНТИРИЛДИ

admin

Тошкент вилоятининг халқ депутатлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари, тадбиркорлар, агрокластерлар раҳбарлари ва фермерларнинг вилоят аҳолисигаМУРОЖААТИ

admin