Бир неча йилдирки, “Олмалиқшаҳаргаз» газ таъминоти бўлими ходимлари табиий газдан оқилона фойдаланиш ва ортиқча сарфни камайтириш ҳамда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хонадонма хонадон юриб, тежамкор газ ускуналарининг истеъмолчилар учун қулайликлари, хавфсизлиги ҳақида батафсил тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Лекин аҳоли орасида ҳали ҳам маънан эскирган газ ёндиргичлардан воз кечолмаётган, газнинг 30-40% гача ортиқча сарф бўлишига йўл қўяётган истеъмолчиларимиз учраб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4779 сонли қарори ҳам айнан, табиий ресурсларимиздан оқилона фойдаланиб, бир куб газни тежашга ундайди ва шу билан бирга, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларга ҳар биримиз масъул эканлигимизни яна бир бор эслатади.
Куз-қиш мавсуми тугаб, иситиш газ жиҳозларимиздан фойдаланишни тўхтатганимиздан сўнг, албатта, газ жиҳозларимизнинг техник ҳолати, газ ёндиргичларининг талабларга қай даражада жавоб беришига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ахир, доно халқимиз бежизга “Қиш ғамини ёзда е” дейишмаган. Шундай экан, агар хонадонингизда иситиш приборларингиз печка ёки хонанинг бурчагига ўрнатилган контрамарка бўлса, уларни замонавий иситиш қозонларига (бир контурли ёки икки контурли котёлларга) алмаштириш чорасини кўришингиз лозим. Аҳоли орасида содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ухлаш хоналарида газ жиҳозларини жойлаштириш қатъий таъқиқланади. Уй ичидаги маънан эскирган печка, контрамарка, ювиниш хоналарида жойлашган сув иситиш газ жиҳозларини амалдаги ШНҚ 2.04.08-12 талабларига асосан, ташқарига, алоҳида хонага жойлаштирилиши талаб этилади.
Замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлари фойдаланилган табиий газни тахминан 30-40 %га иқтисод қилиш орқали оила бюджетини ортиқча харажатдан халос этади. Муҳими, у хавфсиз бўлиб, босим пасайиб ёки кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади.
Райҳон Абдирашидова,
“Олмалиқшаҳаргаз” ГТБ
ММ ва ТХ етакчи муҳандиси.