Ҳудудда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида Олмалиқ шаҳар прокуратураси томонидан 2022 йил давомида муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2022 йилда шаҳарда қонунлар ижроси устидан прокурор назоратини амалга ошириш борасида ўтказилган 115 та текшириш натижасига кўра, жами 248 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.
Протест келтириш йўли билан 7 та қонунга зид ва асоссиз ҳуқуқий ҳужжатлар қонун талабига мувофиқлаштирилди, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 78 та тақдимнома киритиш орқали бартараф этилди. 692 нафар шахснинг интизомий, 14 нафарини маъмурий ва моддий жавобгарлик масаласи ҳал этилиб, жиддий қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 50 та жиноят иши қўзғатилди, 366 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, фуқаро, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб фуқаролик судига 7 та даъво аризаси киритилди.
2022 йилда шаҳарда 17 (38) нафар гўдаклар ўлими қайд этилган бўлиб, прокуратура томонидан ҳолатлар юзасидан тиббиёт ходимлари ҳаракатлари бўйича олиб борилган хизмат текшируви натижасига кўра 7 нафар шифокор ва ҳамширанинг интизомий жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Гўдаклар ўлимининг 12 таси эрта туғуруқ, 5 таси ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги сабабли келиб чиққанлиги аниқланган.
Қайд этилган давр мобайнида шаҳарда вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш юзасидан жами 12 та текшириш ўтказилиб, 20 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ҳусусида шаҳар ҳокими ва бошқа мутасадди идораларга 10 та тақдимнома киритилиб, 39 нафар шахсларнинг интизомий ва 7 нафарини маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўзлаб судга 2 та даъво аризаси киритилиб, жиддий қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 1 та жиноят иши қўзғатилди.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига 2022 йилда иш сўраб мурожаат қилган 3006 нафар фуқароларнинг 2811 нафарининг бандлиги таъминланган.
Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган ижобий ишлар натижасида айрим касалликларни ўтган йилга нисбатан, жумладан сил касаллиги 18 тага (119 та- 137), наркологик касалликлар 39 тага (400 та -439), захм касаллиги 26 тага (138-164) камайишига эришилди.
Лекин, шаҳарда яшовчи аҳоли ўртасида онкологик касалликлар 24 тага (772 -748), эндокрин касалликлар 10 тага (3442 -3432), ОИТС касаллиги 14 тага (513-499) кўпайган.
Шаҳар прокуратураси томонидан қайд этилган касалликларни кўпайиши сабаблари ўрганилиб, тиббиёт бирлашмаси томонидан бу борада йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 2 та тақдимнома киритилди, тақдимномани кўриб чиқиш натижасига кўра 5 нафар масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилган.
2022 йилда иқтисодий қонунчилик ижроси юзасидан назорат йўналишида 24 та текшириш ўтказилиб, натижасига кўра 67 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 21 та тақдимнома киритилиб, 14 нафар масъул шахснинг интизомий ва 5 нафарининг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди, жиддий қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 4 та жиноят иши қўзғатилди.

2023 йил 1 январь ҳолатига бюджетдан солиқ қарздорлиги 1 402.0 млн. сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан (3 154.3 млн. сўм) 1 744.3 млн. сўмга камайган.
Шунингдек, “Обод маҳалла” дастури доирасида Олмалиқ шаҳрида 2 та маҳалла (“Дўстлик” МФЙ ва “Теракли” МФЙ) “Обод маҳалла” дастурига киритилган. Дастур доирасида шаҳар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 13.6 млрд. сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, жорий йилда 4 км ичимлик суви тармоқлари, 5,4 км электр тармоқлари таъмирланиб жами 110 та темир бетон устунлари ўрнатилди, 4,6 км табиий газ таъминоти тизими, 11 та таз тақсимлаш пунктлари, 26 км масофадаги алоқа тизими, 5,75 км ички йўллар, 1,5 км пиёдалар йўлаклари ва 1,5 км масофадаги ирригация тармоқлари тўлиқ таъмирланди.
Бундан ташқари, жорий йил бошида 379 та муаммоли кредит бўйича 7,7 млрд. сўм қарздорлик мавжуд бўлган бўлса, мазкур муаммоли кредитларнинг 6,0 млрд. сўми сўндирилишига эришилган. Ўтган давр давомида қўшимча 19,6 млрд. сўмлик муаммоли кредитлар юзага келган ва 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 191 та кредит бўйича 21,3 млрд. сўмни ташкил этди. Ўрганиш давомида аниқланган жиддий қонунбузилиши бўйича шаҳар прокуратураси томонидан 3 ҳолат юзасидан ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бўлими томонидан 2 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланди.
Бундан ташқари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳар прокуратураси томонидан тегишли ташкилотлардан ушбу соҳага доир маълумотлар талаб қилиб олиниб, улар таҳлил қилиб борилмоқда. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш масаласида ўтказилган назорат тадбирида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан вилоят ДСБга тақдимнома киритилди.
2022 йилда жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судида 687 нафар шахсга нисбатан 504 та жиноят иши кўрилган, шундан 29 тасида шахсан шаҳар прокурори, қолган 475 тасида шаҳар прокурори ўринбосари ҳамда ёрдамчилари иштирок этишган.
Жумладан, 559 нафар шахсга нисбатан 392 та жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилиб, 133 та жиноят иши бўйича 157 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 259 та жиноят иши бўйича 402 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Шу билан бирга, 2022 йил мобайнида шаҳар прокуратураси томонидан суд ҳукмлари устидан 8 та жиноят иши юзасидан апелляция тартибида Тошкент вилояти судининг ЖИБ апелляция судлов ҳайъатига протест келтирилган ва барчаси қаноатлантирилган.
Шунингдек, шаҳар прокуратураси томонидан 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида 15 та зарар билан боғлиқ жиноят иши тергов қилинган бўлиб, етказилган зарар миқдори 2 млрд. 25 млн 273 минг сўмни ташкил қилган. Шундан 1 млрд. 610 млн 45 минг сўм ундирилган ва 2 та 199 млн. 515 минг сўмлик автотранспорт воситаси хатланган. Ундирилган сумманинг 630 млн. 083 минг сўми давлат фойдасига ундирилган.
Шаҳар ҳудудида 2022 йил давомида жами 30 нафар (2021 йилда 33 нафар) шахс ўз жонига қасд ва унга суиқасд қилган бўлиб, улардан 7 (7) таси суиқасд, 23 (26) таси қасд қилган. Улардан 15 нафари (21) эркаклар, 13 нафар аёллар (11) ҳамда 2 (1) нафар вояга етмаганларни ташкил қилади.
Мазкур ҳолатлар юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра 1 та ҳолатда жиноят ишини қўзғатиш, 29 та ҳолатда жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил қилиш, суриштирув ва тергов ҳамда тезкор-қидирув фаолиятини мувофиқлаштириш борасида шаҳар прокуратураси томонидан муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 2022 йилда кўрилган тегишли чора-тадбирлар давомида ўтган йилга нисбатан шаҳар ҳудудида умумий жиноятчилик (632-632) деярли барқарор қолиши таъминланди.
Кўрилган чоралар натижасида шаҳар ҳудудида 2022 йилда қотиллик, талончилик, ўғирлик, автотранспорт воситасини олиб қочиш ва безорилик жиноятлар ўтган йилга нисбатан камайишига эришилган.
Бироқ, кўрилган чораларга қарамасдан оғир ва ўта оғир жиноятлар 17 тага (159-142/12%), қасддан баданга оғир шикаст етказиш 5 тага (9-4/125%), номусга тегиш 3 тага (4-1/100%), фирибгарлик 14 тага (95-81/17,3%), шунингдек, гуруҳлар томонидан жиноят содир этиш 50 тага (127-77/65%), маст ҳолда 20 тага (47-27/74,1%), рецидив жиноятлар 73 тага (132-59/123,7%) ва аёллар жинояти 34 тага (78-47/77,3%) ошган.
Республикамизда давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупция хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Шу ўринда коррупцияга оид жиноятлар бўйича шаҳримизда содир этилган ҳолатларга эътиборингизни қаратмоқчиман. Афсуски, шаҳарда 2022 йили мазкур жиноятлар билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар қайд этилиб, буларнинг аксарияти шаҳарда мансабдор лавозимларда ишловчи шахслар эканлиги ачинарли ҳолатдир.
2022 йил давомида давлат корхона, муассаса ва ташкилотлари ҳамда нотижорат ташкилот мансабдор шахслари томонидан содир этилган жиноятлар 25 тани ташкил этган, шундан 3 та фирибгарлик, 12 та ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 1 та лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш ҳамда 9 та порахўрликка оид жиноятлар тоифасига мансубдир.
Мазкур жиноятларни ташкилотлар кесимида кўрсак, 2022 йил давомида мактабгача таълим муассасалари, “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ Олмалиқ шаҳар бўлими, “Отдых” ва “Заря” боғдорчилик ширкатлари, “Тоза ҳудуд” ДУК Олмалиқ шаҳар филиали, шаҳар ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ва масъулияти чекланган жамиятлар мансабдор шахслари томонидан содир этилганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Барча жиноят ишлари бўйича айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги амалда таъминланиб, жиноят ишлари суд мажлисида кўриб чиқилиб, тегишли жазолар тайинланган.
2022 йилнинг 12 ойи давомида давлат бюджетига жами 2 миллиард 025 млн. сўм зарар етказилган бўлиб, шундан 1 млрд 610 млн. сўми ундирилиши ва 199 млн. 515 минг сўмлик мол-мулклар хатланиши таъминланиб, ушбу кўрсаткич 89,3 фоизни ташкил этган.
Бундан ташқари, коррупциявий жиноятларни қурилиш соҳасида ҳам авж олаётганлиги, давлат бюджети маблағларини талон-торож қилинаётганлиги ташвишли ҳолат, албатта.
Жумладан, «Nurafshon-Qurilish Invest 3-Sonli Tresti» МЧЖ раҳбари Қ.Қурбанбаев ва “Global Capital Lux” МЧЖ раҳбари Ж.Жаркиновлар Олмалиқ шаҳрида жойлашган 19-сонли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида реконструкция бўйича амалда 5.238.844.013 сўмлик ишларини бажарган бўлишсада, бажарилганлигини тасдиқловчи Ф-2 ва Ф-3 «бажарилган қурилиш ишлари қиймати ҳақидаги «ҳисоб-фактура»га 5.627.149.209 сўмлик сўмлик ишлар бажарилганлиги тўғрисида сохта маълумотлар киритиши ва мазкур сохта маълумотларни “Мактабгача таълим вазирлиги “Инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича инжинеринг компанияси Тошкент вилоят филиали мутахассиси Н.С.Насруллоев томонидан имзоланиб, тасдиқлаб берилиши натижасида 388.305.196 сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Қайд этиб ўтилган ҳолатлар бўйича барча мансабдор шахсларга суд ҳукми билан тегишли жазо тайинланиб, бюджетга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши таъминланган.
Бу шаҳримизда содир этилаётган корруция ҳолатларидан келтирилган мисоллар холос.
Бошқача ифодалаганда, адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлишни ўзимиздан бошлашимиз зарур. Зеро, бу борада ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи қонуний асосда қатъий кафолатланган яъни, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахслар ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.
2022 йил давомида келиб тушган 1469 та мурожаатларнинг 1006 таси бевосита шаҳар прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Шунингдек, шаҳар прокуратурасида бевосита 621 нафар фуқаро, шахсан прокурор томонидан 228 та фуқаро қабул қилинди. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 204 таси қаноатлантирилиб, 125 нафар шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Абдумалик Кулдашев,
шаҳар прокурори,
адлия маслаҳатчиси.