ШАҲРИМИЗДАГИ НАСЛЕДОВ КЎЧАСИ
КИМНИНГ ШАРАФИГА НОМЛАНГАН?
1924 йилда С.Машковцев бошчилигидаги геологлар гуруҳи шаҳримизга келиб, 1927 йилгача «Қалмоққир», «Саричўққи», «Олтинтопган» ва «Қўрғошинкон»даги олтин, қўрғошин ва мис заҳиралари борлигини аниқлаганлар. 1927 йилда Шўро ҳукумати томонидан уюштирилган Помир экспедицияси таркибида Санкт-Петербургдан келган геолог В.Наследов томонидан қайта геологик текширишлар ўтказилиши ва унинг тавсиясига кўра бу ерда рангли маъданларни саноат усулида қайта ишловчи корхона қуриш режаси тузилган.
1932 йилдан бошлаб Олмалиқ кон маъданчилик бирлашмасига асос солиниб, унинг қурилишига алоҳида эътибор қаратилди. 1931 йилдан то 1934 йилга қадар Олмалиқ кон ҳавзаларида 126 та, умумий узунлиги 1600 метр келадиган кон-қидирув чуқурлари белгиланган. Ўзбекистон жумҳурияти Олмалиқ кон бойликларининг етарли миқдорда эканлигини Бутуниттифоқ “Гипроцветмет” илмий тадкиқот марказининг тасдиғидан ўтказиб, рангли маъдан конлари қурилиши бўйича мис эритиш комбинатининг қурилиш лойиҳаси устида иш бошлади.
Шу тариқа 1939 йилда Ҳукумат қарорига биноан Олмалиқ мис эритув комбинатини қуриш бошқармаси ташкил этилган. 1940 йилда мис конларини қазишнинг районлаштирилган лойиҳаси ва йигирма беш минг кишилик кончилар шаҳарчасини қуриш режаси тасдиқланди. Аммо уруш туфайли бу лойиҳа ва режаларнинг амалдаги ижроси ортга сурилди.
1951 йил Олмалиқ шаҳри ташкил топгач, ундаги кўчаларнинг бирига геолог В.Наследовнинг номи берилган.