Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Умуман давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошмоқда.
Масалан, 2,3 млн эҳтиёжманд оилалар давлатдан моддий ёрдам олишини кафолатлайди. Бу жами оилаларнинг 25 фоизига тўғри келади, уларга ҳар йили 11 трлн сўм ажратилади.
Ўтган йили 50 минг оила учун янги квартиралар олишга шароит яратилган, бу йил 90 минг, яқин 2-3 йилда эса, 200 минг оилани уй-жойли қилиш режалаштирилган, шу боис, ҳар бир фуқаронинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи ва уй-жой қурилиши давлат томонидан рағбатлантирилишининг Конституцияда мустаҳкамланаётганлиги ушбу марраларга эришиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Илк маротаба давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланмоқда.
Давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш, мажбуриятини олаётганлиги ҳам ижтимоий давлат тамойилининг яққол ифодасидир.