Image default
Жамият

ҚИЗИНГИЗНИ ЎҚИТМАЙСИЗМИ?..

Республикамиз ҳудудида аёлларнинг ОТМга қабул қилиниш даражаси ўтган йилларга қараганда бирмунча ўсган. Бугун ҳудудимизда яшаётган хотин-қизларнинг кўпчилиги илм излаб дунё кезаётгани ҳам рост. Бироқ, эшитишимизга кўра, чекка-чекка қишлоқларда айрим ота-оналар фарзандларига касб-ҳунар ўргатмай, мактабни битирар-битирмас турмушга беришаётганини ҳам инкор қилолмаймиз. Касб-ҳунари йўқ, катта ҳаётга тайёр бўлмаган қизлар борган жойида қоқилиб, камситилиб, турли зўравонликларга учраётганини ҳаётий мисоллар билан изоҳлашимиз мумкин. Мана шундай кўнгилсиз воқеалар натижасида оилавий ажримларнинг сони ҳам тобора ортиб боряпти. Ўзбек қизларида таълим олиш ва муваффақиятга эришиш учун қандай тўсиқлар бор, қиз боланинг олий даргоҳларда ўқиши шартми, каби саволларимиз билан турли касб эгаларига мурожаат қилдик.

Фаррух Пўлатов, (мақолада шу ва бошқа исм-фамилия ўзгартирилди)

Чорвадор-деҳқон:

– Вояга етаётган икки нафар қизим бор. Ҳар куни уларга олий маълумот олиш зарурлигини уқтираман. Болаларим ҳам менга ўхшаб қийналмасин дейман, эрта-кеч меҳнат қилиб бўлса-да уларга шароит яратяпман. Диплом олмагунича қизларимни турмушга узатмайман.

Абдумалик Тўрабеков,

Тадбиркор:

– Агар ҳар бир қизнинг юрагида олий таълимда ўқишга бўлган иштиёқ кучли бўлса, у ҳар қандай қаршиликларни енгиб, ўқийди. Агарда қизим олийгоҳда ўқишни истамаса, уни мажбурлаб ўқитолмайман. Ўзи ўқишни истаса, бажонидил ёрдам бераман.

Гулсум Сафарова,

нафақадаги ҳамшира:

– Қиз боланинг олий маълумот олиши шарт эмас. Уй-рўзғор юмушларини қилиб, фарзандларини оқ-ювиб, оқ тараса кифоя. Рўзғорнинг камини тўлдириш – эркакнинг вазифаси. Лекин ҳар бир қиз ҳамшираликни билиши керак.

Нурислом Каримжонов,

Боғбон:

– Қиз бола ўқиши шарт эмас, ҳунари бўлса етарли. Мен қизимга кўпроқ ҳунар ўргатардим, олий таълимда ўқиш-ўқимасликни келгусида унинг ўзи ҳал қилади. 

Орзугул Раҳимова,

сут соғувчи:

– Беш нафар қизим бор. Турмуш ўртоғим боғчада қоровул бўлиб ишлайди. Катта қизим 18 ёш, кейингиси 17 да. Уйимизга совчилар келяпти. Беш қизни ўқитишга қурбим ҳам, шароитим ҳам йўқ. Қизларим яхши оилаларга келин бўлса, ўша ерда ўқийверади.

Назира Мирзамуҳаммедова,

боғбон:

– Уч нафар қизим бор. Барчаси олий маълумотли. Мен эса фақат мактабни битирганман. Ўқишга кирмоқчи бўлганимда, синглимга роса совчилар келишган. Ота-онам шу боис мени тезроқ узатишга ҳаракат қилган. Мен эса бу хатони такрорламадим. Қизларимни олий маълумот олишга мажбурладим. Энди эса қизларим мендан миннатдор бўлишяпти.

Жонибек Камолов,

завод ишчиси:

– Фарзандларим зиёли бўлишини орзу қилардим. Икки нафар қизим бор. Иккиси ҳам тиббиёт коллежида ўқиб, ҳамшира бўлишди. Гарчи мен истасам-да олийгоҳга киришмади. Начора, ўқишга бўлган иштиёқ барчага берилавермас экан.

Алишер Нуриддинов,

чўпон:

– Ҳар бир қиз ўқийверса қўйни ким боқади, сигирни ким соғади? (ҳазил оҳангида айтилди) Уч нафар қизим бор. Каттаси бу йил 18 ёшга тўлади. Турмушга узатяпман, бир ойдан сўнг уйимда тўй бўлади.

Агар қизим ўша йигитга ўқийман деганида, уйимга совчи келмаган бўларди. Демак, ўқишдан турмушга чиқишни афзал биляпти. Начора, агар кенжа қизларим ўқишни истаса уларни бажонидил ўқитаман. Эркак киши билагининг кучи билан пул топаверади, лекин қиз бола ўқимаса ҳаётда жуда қийналади.

Тошкент вилоятида эрта никоҳдан ўтиш ҳолати:

2021 йилда – 6 та

2022 йилда – 6 та.

Тошкент вилоятида эрта туғруқ

2021 йилда – 23 та

2022 йилда – 27 та.

Молиявий ва моддий қийинчилик сабаб юзага келган  ажримлар сони :

2021 йилда – 339 та

2022 йилда – 351 та

Сўнгсўз ўрнида:

Қиз фарзанд ўқиши керакми, саволи билан юзга яқин ота-оналарга мурожаат қилиб сўровнома ўтказдик. Сўровнома натижаларига кўра, ҳеч бир ота-она фарзандимни ўқитмайман, дея фикрида қатъий туриб олмади. Айримлари қизининг таълим олишга иштиёқи йўқлигидан нолиди. Демак, жамиятда рўй бераётган нохуш вазиятларда фақат ота-оналарни айблашимиз тўғри эмас. Бугун ҳудудларда эрта никоҳ кўпайди, ёш оилаларнинг ажрими ҳам ортиб боряпти. Аксарият ажримларга ёшларнинг ишсизлиги, касб-ҳунари йўқлиги сабаб бўлмоқда.

Балоғат ёшидаги қизларнинг таълим олишга бўлган қизиқишини кучайтиришиз учун нималар қилишимиз керак, балки биз таълим беришда хатоларга йўл қўяётгандирмиз? Йўқса, бугун юзлаб қизлар таълим бир четда қолиб, эрта турмушни танлаб кетишмаган бўларди. Хулоса ўзингиздан.

МАВЗУГА ОИД

1 ЯНВАР — ИЛК МИЛЛАРНИНГ ИЛК ПАҲЛАВОНИ

admin

“ОКМК” АЖДА БЕШ ОЙЛИК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

admin

НЕГА СОВУҚ ТУШИШИ БИЛАН ИССИҚ СУВ, ЭЛЕКТР ВА ГАЗ ТЕЗ-ТЕЗ ЎЧАДИ?

admin

Фуқаролик судларига мурожаат қилиш шакллари

admin