Image default
Адлия саҳифаси

РЕФЕРЕНДУМ САЙЛОВ ЭМАС

Референдум ҳақида гапиришдан аввал унинг ўзи нима эканлиги, сайловлардан фарқи ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Референдум фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги энг муҳим масалаларни овоз бериш йўли орқали ҳал этишдир. Референдум орқали Конституция, қонунлар қабул қилиниши, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши, Парламент, Президент, Ҳукумат фаолияти такомиллаштирилиши мумкин.
Референдум сайлов эмас. Референдум айрим жиҳатлари билан сайловга ўхшаши мумкин, масалан комиссиялар, овоз бериш жараёни. Бироқ сайловларда номзодларни муайян лавозимга масалан, депутат, сенатор, Президент сифатида сайлаш учун овоз берилади. Референдумда эса номзодлар бўлмайди, муайян масалани қўллаб-қувватлаш ёки рад этиш бўйича овоз берилади.
Референдумга оид умумий қоидалар
Ўзбекистонда референдум Конституция ҳамда 2001 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг Референдуми тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солинади.
Энди Қонуннинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.
Референдум Ўзбекистон қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва референдум Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ўтказилади.
Референдум фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини умумий, тенг ва тўғридан-тўғри билдириши асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши назорат қилинишига йўл қўйилмайди.
Референдум ўтказиладиган кунгача ёки референдум кунида 18 ёшга тўлган ҳар бир фуқаро референдумда тенг асосларда иштирок этади ва ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади.
Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат органлари ва жамоат бирлашмалари ўз фаолиятларини ошкора амалга оширадилар.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни референдум ўтказувчи комиссиялар амалга оширади. Оммавий ахборот воситалари референдумга тайёргарликнинг бориши ва у қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.
Референдумга доир барча тадбирларда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, фуқаролар ташаббускор гуруҳларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.
Бунда кузатувчилар тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганда маълум қилиши керак.
Округ комиссияси кузатувчи ҳақида ариза олганидан кейин 5 кунда кузатувчи мақомини беради.
Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
» округ ва участка комиссиялари мажлисларида қатнашиш;
» яширин овоз бериш кабиналари ва овоз бериш қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, овоз бериш бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;
» овозларни санаб чиқишда ва участка комиссиясининг овоз бериш якунлари тўғрисидаги баёнини тузишда ҳозир бўлиш;
» овоз бериш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли комиссия томонидан тасдиқланган нусхаларини олиш;
» референдумда қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида референдум ўтказувчи юқори комиссияга маълум қилиш.
Фуқаролар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари референдум ўтказилишини ёқлаб ёки унга қарши, референдумга қўйилаётган қонун лойиҳаси, амалдаги қонун ёки бошқа масалани ёқлаб ёки унга қарши ташвиқот олиб боришга ҳақли.
Референдум ўтказиладиган кунда ва 1 кун қолганда ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.
Реферундумни тайинлаш ва уни
ўтказувчи комиссиялар фаолияти
Фуқаролар, Олий Мажлис палаталари, Президент референдум ўтказиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
Референдум Олий Мажлис томонидан тайинланади. Президент референдум ўтказиш ташаббускори бўлганда у Олий Мажлисга мурожаат этиши ёки референдум ўтказиш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши мумкин.
Референдум ўтказиш учун референдум округ ва участка комиссиялари тузилади.

Соли Хакимов,
Оҳангарон шаҳар
Адлия бўлими ЮКҲМ
бошлиғи.

МАВЗУГА ОИД

ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИДАН ОЗОД ЭТИЛГАН ШАХСЛАРНИ ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛГАН ИШ БЕРУВЧИЛАРГА СУБСИДИЯ АЖРАТИЛАДИ

admin

«ОЛТИН» ВА «МЕҲР» ДАФТАРЛАРИ УЛАР ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

admin

“ХАБЕАС КОРПУС” ИНСТИТУТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ“ХАБЕАС КОРПУС”

admin

АДЛИЯ БЎЛИМИ:6470 ТА ҚОНУНЧИЛИККАЗИД ҲУЖЖАТЛАР РАД ЭТИЛДИ

admin