Юртимизда наркосавдо ва истеъмолга қарши жиддий курашлар олиб борилмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан баъзи инсонлар қонунларни менсимасдан ноқонуний ишларга қўл уришдан тап тортмаяпти.
Воқеамиз қаҳрамони Л.Азизов (исм-шарифи ўзгартирилган), 2022 йил тахминан 18-19 октябрь кунлари Олмалиқ шаҳри чеккасидаги дала майдонига у ерда ўсиб ётган ёввойи наша ўсимлигини истеъмол қилиш учун ёввойи ҳолда ўсиб ётган таркибида гиёҳванд модда мавжуд бўлган наша ўсимлигининг тўпгуллари ва баргларини териб олиб, пакетга солиб, Олмалиқ шаҳар, Фахрийлар кўчасидаги уйига олиб келган. Наша ўсимлигини уйининг олдидаги чуқурликда писта ёғи билан қўшиб қовурган ҳамда бир қисмини чўнтагига, бир қисмини эса яшаш хонадонида сақлаб келган.
Олмалиқ шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан 2022 йил 22 октябрь куни соат 19:30ларда Олмалиқ шаҳар, А.Темур кўчаси, 3-уйнинг орқа тарафидан ўтиб кетаётган Л.Азизов шубҳали кўрингани сабабли тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтида курткасининг чўнтагида гиёҳванд модда борлиги аниқланган.
Суд Л.Азизовнинг қилмишини ўрганиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга шу модда билан 4 (тўрт) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. ЖКнинг 62-моддаси тартибида, Л.Азизовнинг 2022 йил 14 ноябрдан 2023 йил 10 январ кунига қадар қамоқда ўтирган 58 кунни 1 ой 28 кун озодликни чеклаш жазосига тенглаштириб ҳисоблаб, тайинланган жазодан чегириб ташлаб, ўташ учун 3 (уч) йил 10 (ўн) ой 2 (икки) кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.
Л.Азизов озодликни чеклаш жазосини яшаш жойи Олмалиқ шаҳар, Фахрийлар кўчаси, 35-уйда сутканинг кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар ўташи белгиланди. Уни шу вақтда яшаш жойидан чиқиши чекланди.
М. Тўйчиев,
жиноят ишлари бўйича шаҳар суди раиси.