Умр йўлларимиз поёнсиз, бу йўлларнинг шовқин-суронлари бор. Гап умримиз йўлларида эмас, йўлларда ўтаётган умримиз ҳақида, дақиқаларимиз, ҳисоб-китоблар ҳақида. Ҳа, зукко газетхон, сизларни бу сафар асосий вақтимиз ва нақдимиз айнан шу йўлларга кетаётган ҳолатлар юзасидан баҳсга чорлаймиз.
Балки ёзганларимиз сиз учун янгилик бўлмас, аммо оила иқтисодий бюджетига фойда қиламан десангиз, албатта бу мақолани диққат билан ўқинг.
Деярли ҳар куни ҳар бир оиладан камида бир нафари йўл учун харажат қилади. Ва буни шаҳримиз мисолидаги йўлкира нархидан келиб чиқиб ҳисоблайдиган бўлсак, бир кунлик харажат 4000 га, бир ойлик харажат эса 120 000 cўмга тўғри келмоқда. Оиланинг 6 нафари мисолида оладиган бўлсак, бу рақамлар бир ойда 720 000 сўмга айланаяпти. (Йўл ҳақи 1500 сўм бўлсада, бензин ё газ нархи ошмаган ҳолда ҳайдовчилар йўл ҳақини 2000 сўм қилиб олишган, бу энди алоҳида мавзу).
Келинг, яхшиси бир неча оилалар мисолида харажатларни ҳисоблаб чиқамиз. Оила боқувчиси йўқ бўлган хонадон. Она 4 нафар фарзанд билан яшайди. Фақатгина катта ўғил она билан бирга ишлайди. Мана шу оиланинг ойлик йўл ҳақи харажатлари жами 3 млн.сўмга яқин бўлмоқда. Она кунига 20 000 сўм, ойига 600 000-800 000 сўм атрофида, қизи ойига ўртача 300 000 сўм йўл ҳақи учун, катта ўғил эса ўз шахсий автомобили учун кунига 20-30 минг, ойига 600 000- 900 000 минг атрофида ёқилғи учун харажат қилади. Кичик ўғил мактабга бориб келиш учун эса тахминан 150 000 сўм сарфлайди. 2-ўғил талаба. Кунига йўл учун 20 000 сўм маблағ сарфлайди. Шунда жами ойига 400 000 сўмга яқин пулни ўз йўлкираси учун ишлатади.
Бу оиланинг икки нафаригина ишлашини ҳисобга оладиган бўлсак, фақат йўл учун кетадиган харажатлар оила иқтисодига салбий таъсир қилиши аниқ. Чунки бу — ҳаёт. Унда эса биз моддий харажатлар қуршовидамиз доим.
Қисқа сатрларда бир неча мисолларга эътибор қаратамиз:
- Талабаман. Ҳар куни Олмалиқдан Оҳангаронга ўқишга қатнайман. Кунига 20 000 сўм, ойига эса йўл пули учун 600 000 сўм ишлатаман.
- Битта ўзимга ойига 500-600минг сўм атрофида маблағ сарф бўлади. Йўл ҳақи ойига 300 000 ва тушлик учун 200 000 сўмдан ортиқ сарфлайман.
- Мен ўқийман. Турмуш ўртоғим эса ўзи ёлғиз боқувчи. Икки нафар ёш фарзандимиз бор. Эрим ойига 500 000, мен эса 550-600 минг сўм атрофида йўлга харажат қиламиз. Умумий 1 млн.сўмдан ортиқроқ пул кетади. Ойлик даромадимиз эса 3 млн сўм. Шуни салкам 40 фоиздан ортиғи йўл харажатларимизга кетиб қолар экан.
Яна бир тўкис оила. Ота ишлайди, аёли ҳам. Оилада 4 нафар фарзанд. Эр-хотин ҳар куни ишга бориш-келиш учун 4000 сўмдан (аслида йўлкира шаҳримизда 1500 сўм, аномал совуқдаги энергетика танқислиги вақтида йўловчи ташувчи транспортлар 3000 сўмдан ҳам юришди), 6 кунга 24 мингсўм, бир ойда ўртача 96 000 сўм, 4 фарзанднинг мактаб, коллеж ва ва институтларга (агар талаба Тошкентда ўқиса, кунига 50 000 сўмдан, ойига 1 500 000 сўм) бориб келиш харажатлари 300-400 минг сўм атрофида кетади. Ота-она ойига 5 млн сўм даромад қилади. Фақат ишга, ўқишга бориб келиш учун йўл харажатига 1 млн.сўмдан ортиқ маблағ сарфлайди. Бунга биз меҳмонга, бозорга, баъзан ишга кеч қолганда таксида юриш, тўловлар тўлаш учун банкка бориш, айрим ишлар юзасидан бошқа ташкилотларга бориш ва бошқа йўл харажатларини ҳисобламадик.
Йўловчи доим ҳайдовчидан норози бўлади. Беш бармоқ баробар бўлмаганидек, ҳайдовчилар ҳам бир хил эмас. Айримлари харажатлари кўпайса ҳам халқни норози қилмайди, айримлари эса аксинча доим вазиятдан “унумли” фойдаланади.
Шу ўринда йўловчи ташувчи транспортда фаолият юритувчи ҳайдовчининг бир ойлик харажатларига ҳам бир назар ташласак. Биргина “Дамас” автомашинаси учун бир кундаги бир марталик ёқилғи сарфи 40 минг сўм, ойига эса ўртача 1 200 000 сўм атрофида ёқилғи қуйилади. Бундан ташқари ҳар ойда мойини алмаштириш (200 000 сўм), клапанни бўшатиш (30 000), машинанинг фильтрини алмаштириш (30 000), эшикларини созлаш (регилировка, 50 000) каби ишлар учун харажатлар қилинади. Бу техника, биз ёзмаган яна қанча харажатлари бор. Буни ҳайдовчилар жуда яхши тушунишади.
Аммо адолат нуқтаи назаридан тан олишимиз керакки, яқин икки йилдан буён шаҳримизда йўлкира нархи 1500 сўм, тўлов нархи ошганича йўқ.
Аслида йўллар учун харажатлар ҳам йўловчи, ҳам ҳайдовчи мисолида ҳисобланадиган бўлса, жуда катта суммалар келиб чиқади. Биз эса барча рақамларни нисбий олдик. Балки бундан кўп, балки кам сарф бўлар. Баъзан эътибор ҳам қилмайдиган бу харажатларимиз бошқа эҳтиёжларимиз ва мақсадларимизга қанчалик таъсир қилади? Ҳамма гап мана шунда.
Сўзимиз якунида Тошкент вилояти Транспорт бошқармасига эътирозларимизни ҳам айтиб ўтсак. Шаҳримиз фуқаролари айнан йўлкира нархлари бўйича бир неча бор ижтимоий тармоқлар орқали ўз эътирозларини билдирдилар. Синовли кунларда ўзлари харажатдан қийналсалар-да, йўлкира нархларини индамай ошириб олган ҳайдовчиларга ўша суммани тўлаган халқ учун бошқарма бирор марта ҳам ўз муносабатларини билдирмади. Биз уларни ҳозир шаҳарда деярли ҳамма йўловчи ташувчи машиналар нархни 2000 сўмдан қилиб олганликларини билишмайди, дея олмаймиз. Бир-икки бора озчилик одамлар билан йўлкира масаласи бўйича тор доирадаги йиғилишлар бутун шаҳар учун муносабат дея қабул қилинмайди.
Дилдора Абдурахмонова.