Image default
Спорт

OKMK АЪЗОСИ ОСИЁДА ТЕНГСИЗ

Яқинда бир ҳамкасбим тавсияси билан машҳур адиб Паоло Коелонинг «Алкимёгар» китобини ўқишни бошладим. Асарда Сантиаго исмли чўпон йигит ўз олдига улкан мақсадлар қўяди.
Унинг миясида тақдир ҳақида турли саволлар туғила бошлайди. Андалусия адирларида ўнлаб қўйларини боқиб, китоб ўқишни ҳам канда қилмайдиган Сантиаго Аллоҳга таваккал қилиб, янги саргузаштлар томон йўл олади.

Китобдаги қаҳрамонлар томонидан айтилган турли иқтибослар бугунги кунгача кучи ва таъсирлилик даражасини йўқотмасдан келмоқда. Улардан бири эса бугунги суҳбатдошимиз тақдирини бутунлай яхши томонга ўзгартириб юборди: «Агар инсон бир нарсани астойдил истаса ва унга интилса бутун коинот уни ана шу нарсага илинтириш пайида бўлади».
Нодирбек Абдуразоққов 2004 йил Тошкент вилояти, Бўка туманида туғилган. Футболда фақат бойнинг болалари ўйнайди қабилидаги гаплардан ҳоли равишда қаҳрамонимиз оддий оила фарзанди. Бугунги кунда ОКМК футбол клуби аъзоси, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ёшлардаги термалари сафида ҳам тўп суради. Қуйида сиз Нодирбекнинг ҳаётидаги қизиқарли воқеалар ва футболга кириб келиши ҳақидаги саволларга жавоб топишингиз мумкин.
Нодирбек, аввало, сизни Осиё чемпионлиги билан табриклаймиз! Мусобақа сиз учун қандай тассурот ва ўзгаришлар олиб келди?
Биласизми, футболда терма жамоада ўйнашдан ортиқ бахт йўқ. Мусобақа эса шунчаки супер даражада бўлди. Айниқса, юртимиз аҳлига, мухлисларга алоҳида раҳмат айтаман. Бу турнир ўзимга бўлган ишончни анча оширди деб бемалол айта оламан.
Чемпионликдан сўнг сизларга «Жентра» автомобиллари топширилди, сиз ушбу совғани нима қилмоқчисиз?
Албатта, юқори даражада бизни мукофотлаган Презитентимизга раҳмат айтмоқчиман. Совғага келсак, уни дадамга бердим. Бунга дадам кўпроқ ҳақли.
Финал учрашувидан сўнг, тақдирлаш маросимида Президент билан ўрталарингизда кичик диалог бўлиб ўтди. Ўша вазиятда сиз нима дедингиз?
– Ҳаяжон жуда юқори эди. Юртбошимиз томон яқинлашиб, қўл чўзган вақтимда мен: Подшоҳ, келинг бир марта бағрингизга босиб қўйинг, кейин сиз билан қачон кўришаман дедим. Юртбошимиз эса йўқ демади. Бундай қувончли кун унутилмайди.
Жамоамиз чорак ва ярим финалларда пеналтилар сериясида жуда ишончли ҳаракат қилди, айниқса, Австралияга қарши баҳсда. Сиз эса чорак финалда 3-пеналтини ишонч билан дарвозага жойладингиз. Бундаги ҳаяжон ва босимни қандай енгдингиз?
Австралияга урган голим, бу фаолиятимдаги энг ўзимга ишониб тепган пеналтийим бўлди. Машғулот давомида доим мураббийларимиз, пеналтилар бўйича ишларди ва бу самарасини берди.
Ютуқлар бор жойда албатта, қийинчиликлар бўлади. Сиз бундай вазиятларда нима қиласиз?
Биласизми, бир пайтлар ҳаммасига қўл силтаб, футбол ўйнаш менга эмас экан деб кетгандим. Ўша вақтлари Тошкент вилояти ёшларида ҳаракатланардим. Атрофимдагилар эса сендан футболчи чиқмайди деб айтишар эди. Вилоятдаги мураббийим кунлардан бир куни машғулотни бўшаштирма, яқинда турнир бор деди. Ишонасизми ўзимнинг устимда ишладим, мусобақаларда яхши ўйин кўрсатдим ва ОКМК жамоаси мени олиб кетди.
Ҳайдаров ёки Қосимов?
Иккаласи ҳам топ мураббий, иккаласини ҳам меҳнати мен учун улкан. Уларни солиштириб бўлмайди.
Роналдо ёкил Месси?
Месси кучли. Лекин Роналдо ҳам ажойиб.
Нодирбек, сизга катта раҳмат ва яқинда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги мундиалда зафарлар тилаб қоламан!
Сизгаҳам раҳмат, олмалиқликлар ва «Олмалиқ ҳаёти» газетасига ҳам муваффақият тилайман!
Интервью вақтида Нодирбекнинг соддадилиги, кўнгли пок ҳақиқатдан меҳнаткаш йигитлигига гувоҳ бўлдик. У шубҳасиз бугунги кун қаҳрамонларидан бири. Оддий қишлоқ йигити юрт байроғини жаҳон майдонларида боши узра баланд кўтариши барча олмалиқлик ёшларга мотивация бўлса ажабмас.
Ҳеч қачон умидингизни сўндирманг ва меҳнат қилишда, ўз устингизда ишлашда давом этинг! Ахир айтишади-ку, агар инсон бир нарсани астойдил истаса бутун коинот уни ана шу нарсага илинтириш пайида бўлади.

Суҳбатдош Жавоҳир Мусурмонов.

МАВЗУГА ОИД

ДАВРАЛАРДА ЎЙНАСИН ОНАМ

admin

ОКМК ФК U-12 ЁШЛАРИМИЗ ХАЛҚАРО ОЧИҚ ТУРНИРДА ЧЕМПИОН БЎЛИШДИ

admin

ОКМК ФКДАНДАҲШАТЛИ «CОМЕ БАCК» ЁХУД ЛЕГИОНЕРЛАР КАТТА САҲНАДА!

admin

ЎЗБЕК ВУНДЕРКИНДЛАРИ ЖАҲОННИ ЛОЛ ҚОЛДИРИШДИ

admin