Буюк адиб Фёдор Михайлович Достоевский нафақат замондошлари, балки келажак авлодлар онгига таъсир эта олган кам сонли ёзувчилардан биридир. Ўз ижод йўлларида у энг муҳим, энг қийин саволларни қўяди. Айнан “Жиноят ва жазо» асари ўзининг бир қатор муҳим хусусиятлари билан жаҳон адабиётининг гултожидир. Асарнинг бош қаҳрамони бўлган камбағал талаба Родион Расколниковнинг қийинчиликдан қутилиш мақсадида судхўр кампирни ўлдириши, қўрқув ва руҳий азоб билан бу жинояти учун жазо олиши ушбу асарнинг мазмунидир.
Достоевский мағрур инсоннинг исёнкор жиҳати, унинг ички дунёсини ёрқин намойиш этиб, бу асарни ўқиган ҳар бир инсон қалбида абадий савол туғдиради: Инсон ўзи ким? Унинг нажоти нимада? Одам ўлдиришни қандай оқлаш мумкин? Юксак ғоялар учун ахлоқий қонунларни бузишни қандай тушуниш мумкин. “Менинг яшашга ҳаққим борми?ʼʼ, “Мен ҳам бошқалар каби бўламанми?ʼʼ собиқ талаба Расколников шу саволлар ортидан даҳшатли йўлни танлайди. Бунинг учун у эркинлик ва куч ёки ақлдан озиш билан товон тўлайди.
Достоевскийни тушуниш қийин, воқеаларни англаш мушкул. Шунингдек, жиноятнинг психологик аҳамияти ва таҳлили ҳам жуда ҳайратланарли, бундан ташқари ўша даврда яшаган инсонлар ҳаёти мукаммал ва табиий равишда ёзилган. Эҳтимол, ушбу асарнинг сюжети сизга танишдир. Чунки, бу асар ҳақида жуда кўп гапирилган. Камбағал талаба Санкт-Петербургда яшайди. Унинг онаси ва синглиси қийин аҳволда яшайди. Росколников эса даҳшатли гуноҳга йўлиқади ва руҳий азоблар исканжасида қолади. Достоевский бу асарни мукаммал яратган, бу эса сизга Родион бошидан кечираётган барча туйғуларни ҳис этишингизга ёрдам беради. Барча ғазаб, тушкунлик ва руҳий изтироблар бу характердан чиқиб атрофга ёйилади.
Ушбу роман «Жиноят ва жазо» ҳақида эмас, балки жиноят ортидан келадиган даҳшатли руҳий изтироблар, тушкунлик инсон руҳини муросасиз саволлар билан кўмиб юборган мунозаралар ҳақида. Бу мағрурлик, руҳият ҳақидаги китоб. Инсонни азобга олиб борадиган иккита даҳшатли инсон руҳиятини вайрон қиладиган куч ҳақида. Лекин асар фақатгина руҳий жазо ҳақидагина эмас, балки жиноят содир этишга ундайдиган ижтимоий шароитлар ҳақида мулоҳаза юритишга ундайди. Асарни ўқинг, якуний хулосани ўзингизга қолдираман.
Дурдона Махаматқулова,
19-мактаб, 10-синф ўқувчиси.