Image default
Жамият

“ҚИЙИНЧИЛИКЛАРДАН АЙЛАНИБ, САКРАБ ЁКИ БУЗИБ ЎТАМАН”

Ҳаракатчан, эзгу орзусини ушалтириш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган одам алал оқибат ихтирочига айланади. Аслида бу ҳаётда ҳар бир инсон ихтирочи. Ё ўзини кашф қилади, ё ўзгаларни. Биз эса қуйидаги суҳбат орқали ТДТУ Олмалиқ филиалининг билимдон соҳибини кашф этгандек бўлдик.

Пармонов Сарвар Тошпўлатович. Бу исм ТДТУ Олмалиқ филиали талабалари учун бегона эмас. Чунки Сарвар талабалар онгига ҳақиқий кўтаринки руҳ ва қайноқ ҳаётга муҳаббат иштиёқини сингдира оладиган, ўзи эса бу босқичга етиб келгунга қадар бир қанча довонларни ошиб ўтган ёш олим. Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ШҲТ Ёш олимларининг иккинчи конклавида иштирок этиб келган Сарвар Пармонов суҳбат аввалида ўзи ҳақидаги тафсилотлар билан ўртоқлашди.

Илм йўлимдаги йўлчи юлдузим
Сарвар Пармонов 1991 йил Навоий вилоятида туғилган. Мактабни тамомлаб, 2011 йилда Навоий давлат кончилик институтига ўқишга кириб, 2015 йил бакалаврни, 2016-2017 йиллар магистуратурани тугатди. “Илм йўлига киришимнинг асосий сабаби кучли профессор Ғайбулла Сатторов билан бўлган учрашувимиз туртки бўлган” дейди қаҳрамонимиз.
Кейинчалик магистуратурага ўқишга кириб, шу инсонга шогирд бўлиш бахтига муяссар бўлдим. У киши қарорим ва мақсадларимни бутунлай ўзгартириб юбордилар. Илмий раҳбарим сифатида бугунги эришаётганларим замирида уларнинг меҳнатларини алоҳида эътироф этишим жоиз.

Қаттиққўл отанинг қувонч кўз ёши
Бу йўлдаги яна бир инсоним – менинг дадам. Дадамнинг бир гапи бор: “Ҳозир қилган меҳнатингни мевасини кейинчалик ейсан”. PhDни ёқлаб, 100 фоизлик овозни олиб, залга чиқсам, дадамга кўзим тушди. Ёнларига бориб, табриклаб, “PhD муборак!” деганимда, кўзлари ёшга тўлганини кўрдим. Қувонч ёши бўлсада, мен бу ёшни биринчи марта кўришим эди. Аслида бу натижаларга эришишимга дадам сабабчилар. Улар шунақа инсон эдиларки, қарорлари сўзсиз бажарилар, муҳокама қилинмасди. Бизнинг ўқишимиз борасидаги қарорларида ҳам қатъий турар, бу эса биз учун бир марталик имконият бўлиб, буни бой берсак, ўзимизнинг эртанги кунимизга “ҳукм” ўқиган бўлар эдик. Чунки дадамда шунақа фикр бор эди: “Мактабда 11 йил ўқиган ўқувчи, олий таълимга муаммосиз кириши керак. Давлат ўқувчилар учун ўқитувчиларга пул тўлаб, 11 йиллик бепул таълимни жорий этган, бу вақтда эгалланган билим билан бемалол ўқишга кириш мумкин”.
Кетма-кет икки марта ўқишдан йиқилганимда, дадам мактабда эгалланган билим билан олий таълимга кириш имконсиз эканлигини англаб етганлар. Шунда ҳам тайёрлов курсларига боришимга қаршилик қилганлар. Аслида моддий жиҳатдан ўзимизга тўқ яшаймиз. Дадам муҳандис, онам шифокор. Бироқ дадам ўз билимимиз билан ўқишга киришимизни талаб қиларди.
Ўша вақтлар тракторимиз бўларди. Аввал акам ҳайдаган. У киши бошқа жойга ишга кетганларидан сўнг, ўша тракторни мактабда ўқийдиган бола – мен ишлатишимга тўғри келди. Ўқишдан йиқилганим, бунинг устига доимий тракторда ер ҳайдаб юришлар мени ўқишга кириш иштиёқимдан қайтара олмаган. Синфдошлар билан учрашувим эса ичимдаги чўғни алангалатди. Синфдошлар билан йиғилган вақтимиз давранинг энг пастида ўтириб қолдим. Ҳамма институтга кирганлар оқ кўйлак, костюм шимда, камина эса оддий кийимда, яъни топганимни кийганман. Мактабда ўзимдан паст ўқиган синфдошларимни олий таълимда ўқиётгани ёмон таъсир қилган. Шундан сўнг маҳалламдаги кимё-биология фани ўқитувчисига қўшимча дарсга қатнай бошладим. Албатта, дадам бундан бехабар бўлганлар…

“Тракторчи” ўқишга кира олмайди…
Далада иш кўп. Тайёргарлик учун эса вақт оз. Бир куни қўшнимизнинг уйдан 7 км узоқликдаги ерини ҳайдаб беришимга тўғри келди. Далага бордим. Тракторни ўша ердаги тепаликда қолдириб, бир чўпоннинг велосипедини олиб, (китобларим доим ўзим билан бўлган) машғулотга етиб бордим. Телефон тракторда қолиб кетгани учун, қўшнимиз дадамга телефон қилиб, трактор бўш тургани ва мен йўқлигимни айтган. Ўша пайтда ҳам вақтимни телефондан қизғонар эдим. Дадамга ер ҳайдаб топган пулни бераётганимда кеча “палон соатдан палон соатгача қаерда эдинг?” дедилар. Шунда тўғрисини айтишга мажбур бўлдим. Лекин биринчи ўринда трактор ишини битиришимни, ундан ортган вақтдагина қўшимчага боришимни айтдилар. Рози бўлдим.
Уйда китоб ўқиб ўтирсам, дадам “Сен биринчи тайёрлов жараёнидаёқ келадиган машаққатдан ўқишни ташлаб кетасан. Бу йил охирги марта топширишинг, киролмасанг, бошқа топширмайсан”, дедилар. Индамадим. Киролмасам бир умр тракторчи бўлиб қолишим мумкин эди. Айниқса, атрофимдагиларнинг менга нисбатан ишончсизлиги ўқишга кириш учун ҳаракатимдаги чўғ вазифасини ўтар, кўпроқ ўз устимда ишлашим кераклигини англатиб турарди.
Дадамнинг қаттиққўллиги, бир марталик имконият сабаб жуда қаттиқ тайёрланиб, талабалик бахтига муяссар бўлдим. Ўқишга кирганлигим ҳақидаги хабарни дадамга катта бир қувонч билан айтганимда, у киши “Институтга кирган камми, нима бўлибди ўқишга кирган бўлсанг”, дедилар. Ўшанда хафа бўлган эдим, лекин ҳозир тушунаяпманки, дадам мени пўлатни тоблагандай тоблаган эканлар.
Ҳозир ҳаётимдаги қийинчиликлардан ё айланиб ўтаман, айланишга йўл бермаса сакраб ўтаман, сакрашга ҳам изн бермаса, уни бузиб ўтаман. Лекин қайтмайман. Барибир йўлини топаман. Аслида бугунги муваффақиятларимга дадам сабаб бўлган эканлар. Ҳозир улардан жуда ҳам миннатдорман.

“Яшаш учун пул, жой беришган, лекин бу яхши яшаш учун эмас”
Ҳар бир инсон яхши яшашни хоҳлайди ва шунга яраша ҳаракат қилади. Биласиз, бугун илм одамларига жуда яхши имкониятлар яратилган. PhDси борлар 5 млн сўм атрофида маош олади ва бу пул илм йўлидаги изланишларга бемалол етади, деб ўйлайман.
Магистратурага киришим ҳам жуда қизиқ бўлган. 3-курсни тамомлаш арафасида, 3 нафар курсдошим билан Россия давлатидаги олийгоҳларнинг бирига ҳужжат топширганмиз. Афсуски, ўша вақтда бакалаврда давлат гранти асосида ўқиётганим учун дипломимнинг асл нусхасини олишнинг имкони бўлмаган, ўқишга кетолмаганман. Кейинчалик яхши инсонларнинг менга берган таклифлари асосида магистратурада ўқишни давом эттирдим.
Эришмоқчи бўлган позициямни эгаллаб бўлганимдан кейин менга камлик қила бошлайди. Мисол учун, ҳозирги кунда дарс бериб келаётганимга қарамай, Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг сиртқи бўлимида ўқияпман. 4-босқич талабасиман. Ўзимдан қониқмаслик ҳисси доим мени олға бошлайди.

Илмий ишдан Ҳиндистон сафаригача
Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаб юрган вақтимда илмий иш қилишни, мавзуйим долзарб ва қайсидир ташкилотга фойдаси тегадиган бўлишини истаганим учун илмий раҳбар излаб, Тошкентга келдим. ТДТУда устозим билан мавзу танладик.
Изланишлар натижасида 1400 даражада ишлайдиган печь ихтиро қилдик. Биз қилган конструкция бўйича печь ясаш ҳали амалиётга татбиқ қилинмаган экан. Буни келажакда ишлаб чиқиб, техника йўналишида дарс берадиган олий таълим муассасаларида ҳам жорий этмоқчимиз. Агар лойиҳалар бўйича грантлар эълон қилинадиган бўлса, шу мавзуни бериб, грант ютиб олгач, печкани янада замонавий кўринишда ишлаб чиқишни йўлга қўйиш ниятим бор.
Жорий йил 6-10 февраль кунлари Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ШҲТ Ёш олимларининг иккинчи конклавида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан 6 нафар ўзбекистонлик ёш олимлар иштирок этди. Улар орасида мен ҳам борлигим жуда катта мотивация бўлди. Ташқи ишлар вазирлиги ёрдамида визаларимизни олган бўлсак, бориш-келиш харажатлари ТДТУ Олмалиқ филиали ҳисобидан, қолган харажатлар эса ташкилотчилар томонидан қоплаб берилди.

Ҳаёт ва илм йўлида
Аслида эришаётганларим негизида устозларимнинг меҳнати, дуолари турибди. Ҳаёт ва илм йўлида таълим берган яна икки устозим бор, бири ТДТУ Материалшунослик кафедраси техника фанлари бўйича PhD, доцент Шуҳрат Шакиров. Илмий ишимда жуда кўп йўл-йўриқ кўрсатган инсон. Яна бир устозим ТДИУ ректори Конгратбай Шарипов. У киши шахс сифатида ўрнак бўла оладиган инсон. Ўта камтарин, шунақа содда бир инсонки, атрофидаги ҳамма билан самимий муносабатда бўла оладиган раҳбар.
Шунингдек, магиcтратурадаги раҳбарим техника фанлари доктори, профессор Ғайбулла Сатторов, oлиб бораётган илмий тадқиқот ишларим ва педагогик фаолиятимда менга яқиндан ёрдам бериб келаётган, қўллаб-қувватлаётган Ислом Каримов номидаги ТДТУ Олмалиқ филиали директори, техника фанлари доктори, профессор Алишер Самадовни алоҳида эътироф этишим мумкин.

Ўқитувчиларга айтар сўзим…
Талабани ўзи бир нарсага ёнмаса, уни ёндиришни имконияти йўқ, бир нарсага ишонмаса, ишонтиришнинг имкони йўқ. Бу таъриф талабаларга тегишли бўлиб, уларнинг ҳам ҳаётини ўғирлаб қўйиш керак эмас. Дунё нуқтаи назаридан ёшларга мотивация бера олишимиз керак. Майли, соҳа мутахассиси бўлмаслиги мумкин, лекин ҳаётга бўлган қизиқишларини сўндирмаслик керак.
Биз айрим давлатлардан кўра яхши шароитда яшаяпмиз, имкониятлар берилган-у, бундан фойдалана олмаяпмиз. Энг юксак мақсадларимдан яна бири тадбиркорлик йўналишида ё хусусий клиника ё хусусий университет очишдир. Катта эҳтимол билан хусусий клиника очсам керак, чунки оиламизда шифокорлар кўп. Клиникадан тушган даромадга эса хусусий университет очиш ниятим ҳам йўқ эмас.
Бугунги кун талабасига асосий билимни, эски эмас, янги билимни берайлик, муҳими, керакли бўлсин. Ишга кирган жойида ўқиган университетнинг мавқеини кўтарсин, ўрганганлари асқотсин. Кейинчалик ишга кираётган талабалар ўша университетда ўқиётгани учун керак бўлса, суҳбатсиз ўқишга қабул қилинсин. Давлатга илмли кадрлар керак. Бир кун биз шундай шаклланамиз!

Дилдора Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

РАМАЗОН ОЙИ – ЖИСМИМИЗ ЗАКОТИ, ЖАННАТГА ЭЛТУВЧИ КЎПРИКДИР

admin

Режа бажарилди:63 минг туп дарахт экилди

admin

“МЕН ЧИН ДУНЁДА ИККИ ОЁКДА ЮРАМАН, ОНАЖОН, СИЗНИ ЖАННАТЛАРГА ОЛИБ КИРАМАН”

admin

МФЙ РАИСЛИГИГА САЙЛОВЛАР ҚАЧОН, ҚАЕРДА, ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?

admin