2023 йил 11 январь – Олмалиқ шаҳри Сўфи Оллоёр маҳалласи Қодировлар оиласи оғир жудоликка учрадилар. Кўплаб шогирдларнинг устози, диёнатли, зиёли инсон — Қодиров Ахмадали Қодирович чуқур қайғу билан сўнгги йўлга кузатилди. Халқимизда шундай нақл бор: “Келганингда ўзинг йиғлайсан, ҳаётда шундай яшагинки, кетганингда ҳамма йиғласин”. Дарҳақиқат, Ахмадали Қодировични кузатилганида барча йиғлади… Олмалиқ ушбу кун ўзининг фидойи ўғлони номини абадий хотира дафтарига жойлади.
Ахмадали Қодирович 35 йилдан зиёд Олмалиқ шаҳар Троллейбус паркида раҳбарлик қилган, бир неча йиллар шаҳар Кенгаши депутати бўлиб фаолият юритган. Жамоат ишларида фаол, ибратли устоз, фарзандларнинг намунали отаси эди. Маҳалладаги обрўси, иш жараёнидаги намунали фаолияти боис, нафақа ёшида ҳам Сўфи Оллоёр маҳалласи аҳолиси томонидан раис лавозимига сайланиб, фидойиларча фаолият кўрсатган. Аҳмадали Қодирович сўнгги иш фаолиятига қадар табиатидаги ҳалоллик, шаффофлик, меҳнатсеварлик, ғамхўрлик ҳамда оилапарварлик каби принципларига содиқ ҳолда Она Ватанга садоқат билан хизмат қилган.
Уч ўғил, уч қизини оқ ювиб, оқ тараб, олий ўқув юртларида ўқитиб, жамиятга фойдаси тегадиган зиёли фарзандлар бўлишига замин яратди. 22 та невара, 5 та чеваранинг бобоси эди У. Фарзандларига, набираларига тўғрисўз бўлишни, оила муқаддаслигини, диний ва дунёвий билимларни тенг ўрганишга ундаган ва уддалаган, номи катта ҳарфлар билан ёзишга арзийдиган ОТА эди У. Ҳозирда марҳум Ахмадали ҳожи отанинг фарзандлари, набиралари ҳам отасининг изидан бориб, нуфузли ва масъулиятли лавозимларда ишлаб, отасининг эзгу ишларини давом эттириб келмоқда.
Эзгу амаллари билан ҳаётда ўзидан муносиб из қолдирган Ахмадали ҳожи ота Қодировичнинг жойлари жаннатда бўлсин. Сизнинг порлоқ хотирангиз қалбимизда абадий яшайди!
Сайёра Якупбекова.