Image default
Ҳикоя

ИЛМ АХЛОҚ

Бир танишимиз қизини мақтади: «Учта чет тилини ўз тилидек билади!..» Ҳавасимиз келди бундай закий, билимли қизга. Кўришиш тақозо қилганда, қиз «сомалекум» деди совуққина. Нўноқлик билан чой қуйди, бўғзигача иссиқ чойга тўлдирилган пиёлани кўп тутиб туролмай, дўқ эткизиб дастурхонга қўйди.
Меҳмонхона билан ошхона ўртасида зир югураётган она мақтанди:

– Булар фақат ўқисин, дедим. Уй ишларига солмадим.
Кейин кулди:

– Уйда мен бўлмасам, опа-ука нақ очдан ўлишади. Тухум қовуришниям эплашолмайди, ҳа-ҳа-ҳа…
Яна бир танишимнинг мактаб ёшидаги ўғли математика фанидан республика олимпиадаларида қатнашади. Лекин кўчада тўрсайиб, гердайиб юради: муштдай боши билан на салом бор, на ҳурмат.
Уйига келган меҳмонлар билан сўрашишни ҳам, улардан ҳол-аҳвол сўрашни ҳам билмайди.
Бир дугонамнинг ўғли компьютер дастурчиси бўлмоқчи, ҳалитдан бу ишда анча-мунча билимларга эга. Онасининг таъбири билан айтганда, «компьютернинг бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқади». Лекин, сўлоқмондай ўғил боқаётган ёлғиз она бутун бозор-ўчарни ўзи қилади. Ўғли «Мен бозор қилишни билмайман», дермиш…
Компьютерда ишлашни балодай билади-ю, бозор қилишни билмайди.
Яна бошқаси интернет орқали чет эллик дўстлари билан кунда-кунора чақчақлашади, ўзининг қўни-қўшни, қариндошлари билан оддий муомалада оқсайди.
Яна бирининг қўлида иккита дипломи бор – салкам олима қиз, лекин кибр-ҳавосидан яқинига боргани кўнглингиз чопмайди.
Яна бири – нотиқ, ёшлар тадбирларида минбардан тушмайди – бийрон-бийрон чиқишлар қилади. Ёши йигирмадан ошяптию, кўйлагига ҳалигача кекса онаси дазмол босиб беради…
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу – оқиллик ва адолат қуёши айтган эдиларки, «Биз даргоҳимизга илм олиш истагида келганларга илмдан олдин ахлоқ ва одобни ўргатар эдик».
Минг афсуски, биз бошқа ўгитлар қатори буни ҳам унутдик…

МАВЗУГА ОИД

ТАҚДИР ТУШИ

admin

Онамдан қолган ғалати эсдалик

admin

ҲАЗМИ ТАОМ

admin

ДЎППИСИ ЙЎҚ ДУНЁ

admin